12 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,4 °C

Яшил сайёра
16 Июл  2019 2056

Боғ сақловчиси – Атиргул Холмурзаева

Умрининг қирқ йилини Тошкент Ботаника боғига бағишлади. У кўплаб ташриф буюрувчилар билан ўзининг севимли жойи - мажнунтол остида учрашган, суҳбатлашган. Омадим келиб, менга дендролог, бу борадаги наслий мутахассислик давомчиси ҳамроҳлик қилди. Бу ерда унинг отаси ҳам агроном бўлиб ишлаган. Унинг изидан бориб, аграр университетини битирди. Дунёнинг кўплаб ботаника боғлари мутахассислари уни яхши танишади. Бу ерда уни боғ сақловчиси деб аташаркан, бу ҳақда бошқа ходимлар билан суҳбатлашганда билиб олдик.

Атиргул Исаковна одатига кўра, мажнунтолнинг ноёб шифобахш хусусиятлари ҳақида гапира бошлади. Масалан, пўстининг тиндирмаси юрак хасталикларидан азият чекувчиларга фойдали... Кейин экскурсияни давом эттирдик. Бутун «Шарқий Осиё»ни айландик, метасеквояни, Японияда муқаддас ҳисобланган гинкго дарахтини кўрдик. Буларнинг барчаси жонли қазилмалар деб аталувчи қадимдан сақланиб қолган ўсимликлардир.

Сўқмоқдан бурилиб, ўрмон ичига чуқурроқ кириб бориб, кигиз теракни кўрдик. Бир қарашда ҳовлиларимиздаги теракларга ҳам ўхшаб кетади. Фақат бунисидан сифатли қоғоз олиш мумкин.

Ажабланарли далил: ушбу терак қуриб қолса ҳам илдиз тизими ўлмайди ва янги туплар чиқаришда давом этади. Яъни ўсимликни қайта экиш шарт эмас, табиатнинг ўзи буни «ўйлаб» қўйган.

Бир куни Ботаника боғига инглиз киши, биология фанлари доктори ташриф буюрибди. У кўплаб мамлакатларда бўлган, аммо бизнинг боғимиздангина кулранг заранг дарахтининг ноёб турини топибди. Айтиш керакки, бу олимлар турли хорижий мамлакатлардан излаб келадиган ягона ўсимлик эмас, албатта.

Йўлнинг нариги томонини азим ёнғоқ дарахтининг синиб тушган шохи тўсиб қўйибди. Унинг танаси замбуруғлар билан қопланган – ҳаёт учун курашишнинг биринчи аломати: дарахт ичидан чириган. Кейинроқ биз боғдаги ўсимликларнинг касалликлари ва муаммоларига оид турли белгиларни ҳам кўрдик. Лекин олдин – бошқа мавзу ҳақида гапирамиз.

Бутун Ботаника боғи Энглер тизимига бўйича қурилган бўлиб, у учта устунга асосланган: оила – уруғ - тур. Ҳудуд бешта дендрофлорага бўлинади - Марказий Осиё, Шарқий Осиё, Шимолий Америка, Европа, Узоқ Шарқ. Сунъий кўллар ҳам бекорга яратилмаган. Биринчиси, албатта, ўсимликларни суғориш қулай бўлиши учун. Бироқ бу кўллар микроиқлим ҳосил қилади, баҳор ва ёзда уларда ҳатто, балиқ ҳам учрайди, сув юзаси нилуфар гули билан қопланади.

Энг самарали кўл «Шимолий Америка» ҳудудида жойлашган. Унинг атрофида ботқоқ сарвари ўсади. Бу ўсимликларнинг илдиз тизими иккига бўлинади: дарахтни озиқлантирувчи чуқур илдизлар, нафас олиш учун юзаки илдизлар, шунингдек, улар ювилиб кетмаслиги учун қирғоқларни «ушлаб туради». Ташдан илдизлари қозиқоёқларга ҳам ўхшайди.

Бу ерда ҳам муаммолар етарли. Масалан, ташриф буюрувчиларнинг боғга шафқатсиз муносабати. Кўпчилик бу ерга келишга интилади, баъзилари тўй видеоларини суратга олади. Шу билан бирга, улар ноёб кўлнинг сувига тушишдан, тушаётганда йўлидаги барча нарсани янчиб-топтаб-синдириб ўтишдан тортиниб ўтирмайдилар. Албатта, бунга рухсат этилмаган. Лекин ҳар бир одамнинг кетидан пойлаб юриб ҳам бўлмайди, ахир. Шунга қарамай, ёш йигитлар орасида қизларга совға қилиш учун ноёб нилуфар гули ғунчасини юлиб олишга ҳавасманд кўп.

Болалар велосипед ва скутерларда юришади. Лекин қоидаларни ҳам унутмаслик керак - ҳамма жойга тегишли тахтачалар осиб қўйилган. Айримлар «пикник»лар уюштиради ва ўзидан анча-мунча чиқинди қолдиради.

Ачинарлиси шундаки, бугун боғни парваришлаш учун маҳаллий ходимлар кучи етарли эмас. Масалан, йиллар давомида ишлаб келган илгариги суғориш тизими аллақачон эскирган. Сув боғнинг чуқур ичкарисигача етиб бормайди. Касалликларга қарши курашда дарахтларга ишлов берадиган пуркагичлар ҳам етарли эмас. Кутилмаганда четдан бирон юқумли касаллик келиб қолиши бор, деганларидай... Бундан ташқари, боғ ишчилари Тошкентга экилган ўсимликлар ҳолатини кузатиб боришларини ҳам ҳисобга олиш лозим. Қандай ҳаракатчан бўлиш талаб этилишини тасаввур қилаверинг энди! Масалан, шу йил содир бўлган гап. Эрондан келтирилган ва қандайдир йўл билан бизнинг карантин хизматимиз орқали ун қурти билан зарарланган ўсимликлар партияси ўтди. Эпидемия эса бизнинг қора арчаларимизга ўтганидан сўнг аниқланди. «Чет эллик меҳмонлар»нинг энг хавфлиси – сермўйлов қўнғиздир. Бир пайтлар у кўплаб қайин ва чинорларни еган. Мана, яна пайдо бўлди! Ботаника боғи мутахассислари, албатта, бонг уришмоқда. Бунда фавқулодда чоралар зарур.

- Шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ўсимликларни ҳимоя қилиш хизмати тикланса яхши бўларди. Илгари улар дарахтлар ва буталарга тезда ишлов беришарди ва шу йўл билан уларни қутқарардилар, - дейди Атиргул Холмурзаева ва қўшимча қилади: - Сермўйлов қўнғиз муаммоси юзасидан Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида (пойтахтга кўчатларнинг асосий етказиб берувчиси) бўлдим. Касаллик ўчоғини қидириб, уни қора арчалар кўчатзоридан топдим. Бу билан минтақада карантин хизматининг етарлича профессионал тарзда ишламаганини таъкидламоқчиман.

Яна кўплаб фойдали маълумотларни билишга муваффақ бўлдик, масалан, баъзи ўсимликларни бизнинг шароитимизда етиштирмаслик лозимлигини ҳам. Улар нафақат ўзини тутиб кетмайди, балки нобуд ҳам бўлади. Лекин уларни узоқдан, баъзан эса жуда қиммат нархларда олиб келишмоқда. Иссиқ кўчаларимиздаги катта миқдорда пайдо бўлган арчаларни назарда тутяпмиз. Бироқ ер ости сувлари сатҳини ушлаб турадиган чинорларни экиш амалда деярли тўхтатган. Борлари учун эса тадбиркорлар чинакам овга киришган - чинор яхши ёғоч беради. Шунингдек, шумтолнинг барча турлари, чинор, акацияларни ҳам экиш мумкин ва керак... Дарвоқе, буларнинг барчаси Ботаника боғида бор. Аммо кўчатларга тегишли буюртмалар йўқ.

Боғ сақловчиси шунингдек, Ботаника боғи эга бўлган уруғларнинг катта алмашув жамғармаси ҳақида ҳам сўзлади. Масалан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида Германия, Австрия, Словакия, Литва, АҚШдан ноёб ўсимликлар уруғлари бартер асосида олинган.

Боғнинг вазифаси - уларни бизнинг шароитга мослаштириш, етиштириш ва келгусида кенг тарқатиш имкониятларини ўрганишдан иборат. Ва супервазифа - яратилган генофондни авлодлар учун сақлаб қолиш.

- Биз ҳозирдан республика минтақаларида филиаллар ташкил эта оламиз, иқлим ўзгаришига мослаб ўсимликларни ривожлантиришимиз мумкин. Маълумки, яшил ўсимликлар майдонлари шаҳарларнинг «ўпка»си ҳисобланади. Глобал исиш бошланаётган шароитларида уларнинг аҳамияти қанчалик юқори бўлишини ўзингиз тасаввур қилаверинг, - дея сўзини якунлайди Атиргул Исаковна.

Константин Башлаев.

«Правда Востока».

Муаллиф сурати.

 

 «Правда Востока» газетасисининг 2019 йил 16 июлдаги 142-сонида «Атиргул Халмирзаева - хранительница сада» сарлавҳаси билан нашр этилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech