19 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +33,4 °C

Суҳбат
21 Апр  2019 4605

Акмал Нур. Ошиқ дарвешнинг ҳаёт тегирмони

Драматик ноктюрн – таниқли ва бугунги кунда асарларига талаб катта мўйқалам устаси, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академия раиси, академик Акмал Нур танқидчиларнинг тасдиқлашича, ана шундай дунёқараш билан тасвирий санъатга кириб келган. У асарларида асосан, ҳаётдаги абадий уйғониш даврлари орқали йўқликка қарши кураш, замонларни енгиб ўтиш мавзуларининг ўзига хос куйчисидир. Бизнинг сирлар пардаси хиёл кўтарган Акмал Ваҳобжонович билан суҳбатимиз бутун борлиқ ранглар ёрдамида тасвирланадиган муқаддас жой, яъни ижодкорнинг - устоз рассом устахонасида бўлиб ўтди.

«Autograph» арт-галереясида рассомнинг олтмиш йиллигига бағишланган шахсий «Йўллар ва изланишлар» деб номланган кўргазмасида томошабинлар ўтмиш хотиралари ва келажак орзуларини кўриши мумкин. Бу ерда бетакрор ва дарров таниб олиш мумкин бўлган услубдаги муаллиф тафаккури маҳсули намойиш этилмоқда. Экспозиция илгари кўргазмаларга қўйилмаган ва мўйқалам устасининг эркин изланиш ранги ва шаклини топиш йўлида қандай шакллана боргани ва уларни умумлаштирганини яхширок англашга ёрдам берувчи 60 та рассомлик ишини ўз ичига олади.

Ҳеч иккиланмай тасдиқлаш мумкинки, Акмал Нур – жуда хилма-хил ва унинг ижоди кўлами таассурот қолдирувчи. Унинг асарлари жуда чуқур рамзий маънога эга, уларда ўтмиш ва ҳозир, ҳаққонийлик билан хаёлот ўзаро бир-бири билан уйғунлашиб кетган. Бу -  санъатни ўқий ва кўра оладиган, тушунадиган кишилар учун таассуротлар ва фикрларнинг ўзига хос лабиринти ҳамдир...

– Эшитишимизча, ёшлигингизда тарих ёки адабиёт ўқитувчиси бўлишни ва шеърлар ёзишни орзу қилган экансиз. Эҳтимол, айнан шу сабаб суратларингизда мумтоз шарқ шеърияти образлари кўп учрар. Расомликни танлашингизга нима туртки берган?

– Мактабда бу фанлар чиндан ҳам ўзимга ёқарди ва тез-тез улар бўйича олимпиадаларга қатнашиб турардим. Рассом тарихни билиши керак, деб ўйлайман. Биргина ана шу мавзуда ишлаш учун эмас, балки ўз шахсий дунёқарашини кенгайтириш учун ҳам. Адабиётга келсак, уни болалигимдан яхши кўрганман ва ҳозирда ҳам Навоий, Бобур, Есенин, Пушкин, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шавкат Раҳмон ва Зебо Мусаеванинг шеърларини кўп марталаб қайта ўқийман.

Баъзан суратни бўёқларда чиза олмай қолсам... оддий сўзлар ёрдамида тасвирлайман. Бу руҳиятнинг ўзгача ҳолатини муҳрлаш имконини беради. Илҳом келганини ҳис қилсам, шеърлар ўқишга тушаман ҳамда ўша ҳолат яна қайтади ва уни матога кўчиришга тайёр бўламан.

Бу шеърларни ҳамма бирдан одатий тушунади, дея олмайман. Бу кўпроқ сўзларга ўралган ички руҳий ҳолат. Мўйқаламда шоир бўлишни истардим.

– Рассомлик сиз учун нима?

– Катта бахт, сен дунёни бошқача кўз билан кўрасан. Рассомда қаҳр-ғазаб кўп бўлмайди. Бирон нимадан шикояти ҳам йўқ, у ўз ичида изланади. Ижодда ҳам асосийси, руҳият ҳолатини ифодалашдир.

Бу ҳам ички эҳтиёж сабаб бўлса керак, кейинги пайтларда ранглардан кўпроқ фойдалана бошладим. Негадир қандайдир байрамона, ёрқин нарсалар чизгим келади. Ана шу нарса менга етишмаяпти. Оқ тусни яхши кўраман. Айни дамда янги сурат устида ишлаяпман: уларнинг барчаси каби фаришта бўлган бола суратини чизяпман. Бошини қўйган стол – осмон, унинг юқорисида эса юқоридан тушаётган ёзувлар шаклидаги нақшлар. Бу билан ҳаётда ҳеч нима тасодифан бўлмаслигини, ҳаммаси олдиндан ёзиб-белгилаб қўйилгани ҳақидаги фикрни етказмоқчиман. Эҳтимол, қачонлардир менинг ҳам рассом бўлишим олдиндан белгилангандир. Бунда менинг диний қарашларим йўқ, бу кўпроқ ҳаётий кузатувларим.

– Дунёнинг кўпгина мамлакатларига боргансиз ва «Нур» тахаллуси Ҳиндистонга боргандан сўнг пайдо бўлган экан...

– Касб тақозоси билан чиндан ҳам жуда кўп саёҳат қилдим. Айниқса, шахсий кўргазмам ўтказилган Мароккодаги оппоқ Рабат шаҳри яхши эсимда қолган. Ҳаво каби енгиллик ҳисларини уйғотувчи меъморчилиги, одатлари ва анъаналари, либослари мени ҳайратда қолдирди. Ҳиндистонда ҳам шахсий экспозициям ташкиллаштирилганди, ўша дамлар мен учун белги берувчи бўлди, дейиш мумкин. Бир ой вақт ичида кўп нарсани кўришга улгурдим ва бу эса ички ҳолатда ўз аксини топди. Тасвирий санъатга бўлган қарашим ўзгарди: ёрқин услуб ва ғояга чуқур кириб бориш пайдо бўлди. Бундан ташқари, ҳиндистонлик танқидчилардан бири ижодим билан танишгач, суратларнинг ўзига хос ёруғлик таратишини қайд этди. Худди ўшанда ҳозир ишларимга «Нур» деб имзо қўядиган тахаллусим пайдо бўлган.

– Суратларингизда гўёки бутун дунёдан ўз ўрнини излаб дарбадар кезаётган дарвиш образи ҳам бор. Бунда сиз ва ижодингиз билан ҳамоҳанглик борми?

– Исталган рассом ўзини, яъни ўз фикри ва ҳислари, кайфиятини чизади. Дарвишга келсак, у борлиқни бошқача қабул қилувчи, тафаккури бутунлай ўзгача олам вакили. Бугун замонавий одамлар қадрлайдиган пул, моддий бойликлар унинг учун зиғирча ҳам қадрга эга эмас, у дунёвий занжирлардан озод, ҳамиша эзгулик ва адолат, умид ва маънавий изланишлар йўлидан юради. Руҳан дарвиш бўлгинг келиб кетади, негаки, ижодкор инсон ҳамиша ўзини излайди, жумладан, мен ҳам.

– Ишларингизда тез-тез муҳаббат мавзусига мурожаат қиласиз, иккита шахсий кўргазмангиз - «Мен муҳаббат динига эътиқод қиламан» ва «Муҳаббат водийси» тўлиқ ана шу мавзуга бағишланган. Кўпгина суратларингиз ҳам ана шу ҳиссиёт ҳақида. Замонавий дунёда муҳаббат борми ва сиз, уни қандай тимсолларда тасаввур қиласиз?

– Ушбу мавзу – ижодимнинг ўзагини ташкил этади. Қалбимнинг туб-тубида мен романтикман, ана шу тушунча билан боғлиқ барча нарсани яхши кўраман. Хоҳ у инсонлар ўртасидаги муносабат, хоҳ ўзим кўпинча илҳом оладиган мусиқа (айниқса, Ботир Зокиров композицияси, Поль Мориа асарлари ёқади) ёки дераза олдида гуллаган дарахт, енгил кўкламги шабада бўлсин. Икки қалб муносабатлари устига бутун ҳаёт қурилишига ишонаман. Севиб яшаш ва ҳамиша шу ҳолатда бўлиш керак. Муҳаббат ҳамиша қалбимда, зеро бу ҳиссиёт орзулар билан кесишади. Орзу қилаётганингда яхши нарсалар ҳақида ўйлайсан, шунинг ўзиёқ гўзал, шунинг ўзиёқ муҳабат. Бундай ҳолат рассом учун ҳаводек зарур, маънавий озуқадир.

Биз бугун нимани кузатамиз? Афсуски, муҳаббат тушунча сифатида ҳаётимиздан йўқолиб бормоқда, ҳаммаси прагматикка айланяпти. Аган чин дилдан севсанг, барча ҳисоб-китоблар четга сурилади. Буни сўз билан тушунтириб ўлмайди.

Мен томошабин қалбининг туб-тубига кўмган ҳисларининг юзага қалқиб чиқишига ва бошқа ранглар билан тўлишига, ўз ҳаётини қайта ўйлаб кўришга туртки берувчи суратлар чизаман. Барча нарсада, ҳар бир касбда, яқинлар, дўстлар, ота-она, ёру биродарларга муносабатларда, киндик қонинг тўкилган ва ўсиб-улғайган юртга нисбатан муҳаббат бўлиши лозим.

– Сиз жамлаган бой рамзлар, академик мактабга кўпайтирилган ҳаққоний тасвирий санъат ва ўрта асрлар миниатюраси анъаналари суратларингизда ўзига хос атмосферани юзага келтиради. Бу айниқса, «Чегара», «Мен кўрмаган туш», «Ҳаёт тегирмони» деб номланган ишларингизда ёрқин акс этади...

- Бир олам қўлларнинг осмонга қўл узатаётганлари акс этган «Чегара» ҳақида гапирсак, инсон ўлмайди, балки бошқа ҳолатга ўтади, деб ўйлайман. Биз ҳеч қачон кўра олмайдиган, аммо сезгиларимиз билан ҳис қиладиган қандайдир чегаралар мавжуд. Олдиндан ҳис қилиш деган гаплар бор. Бир ёзувчи айтганидек, тақдир бизга белгиларни жўнатади, аммо биз, уларни ўқишни билмаймиз. Ақлимиз, онгимиз етадиган даражагача била оламиз, холос. Аммо рассом кўпроғини кўриши ва жуда бой тасаввурга эга бўлиши лозим. Унинг суратларида фаразлар ҳам, охиригача айтилмаган нарсалар ҳам иштирок этиши зарур.

– Замонавий санъатга муносабатингиз қандай? Ана шу тушунча ортида истеъдодсизлик, истеъмолчилар дидига мос келишга интилиш яширинганига кўпгина тақидчиларнинг ишончи комил...

– Унинг тарафдори эмасман, аммо рақиби ҳам. Бу унинг тагида нима ётганига қараб-да! Ахир, биз, бугун ижод қилаётган усталар моҳиятан замонавий санъатни яратяпмиз. Афсуски, соҳада баъзан бу борада ҳеч нимани тушунмаса-да, ўз нуқтаи назарини атрофдагиларга ўтказишга ҳаракат қиладиган одамлар пайдо бўлиб қолади.

– Рассом бўлиб етишишадими ёки туғилишади? Соҳадги таълим борасида нима дея оласиз?

– Бу қанчалик зид ва ғалати туюлмасин кимгадир ўқишнинг мутлақо кераги йўқлигига, ишончим комил. Негаки, уларда худо берган истеъдод бор, ва мен бундай одамларга тўсқинлик қилмасликни ёқлайман. Афсуски, бугунги таълим кейин чиқиш жуда қийин бўлган битта қолипга олиб боради. Мана, замонавий санъат ҳақида ўзингиз гапирдингиз. Ахир, у исталган эскирган қолип ва ақидалардан воз кечишни назарда тутади. Буни усталарнинг янги авлоди ярата олармикан? Кўнгилдагидек ҳал этилмаётган ва тубдан ўзгартириш керак бўлган мутахассисларни тайёрлаш ҳам улкан муаммо. Ижодкор – аввало, у шахс, бетакрор ва индивидуалдир. Буни сақлаб қолишни ҳам билиш керак.

Оксана Кадишева суҳбатлашди.

Музаффар Абдуллаев сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech