24 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,3 °C

Маданият
8 Апр  2019 5234

Жаҳонни сайр этиб кезган карвонлар

Президентимизнинг «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарори  бўйича Термиз шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро бахшичилик санъати фестивали жаҳоншумул аҳамият касб этаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Инсоният маданияти ва адабиёти дурдоналарининг қадимий бешиклари Юнонистону Римдан тортиб Ҳиндистону Чин Мочингача, Чилию Канада, Аляска музликларидан тортиб, Японияю Австралиягача бўлган кенг дунёнинг барча ҳудудларида Алпомишу Барчинойлар диёрида, Термизий боболар юртида бўлиб ўтаётган улкан фестивалнинг довруғи кезиб юрибди. Мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва саъйи ҳаракати билан илк бора бундай улкан халқаро анжуманнинг айнан Ўзбекистонда, Термиз шаҳрида ўтказилаётгани замирида ниҳоятда теран ҳикмат борлигини алоҳида таъкидлашни истайман. «Гўруғли» туркумидаги қирқлаб достонлар, «Алпомиш», «Кунтуғмиш», «Малла савдогар», «Рустамхон» каби юзлаб достонлар айнан бизнинг юртимизда яралгани ва улар бахшиларимиз ижоди билан авлоддан авлодга ўтиб сақланиб келаётганини бутун дунёга намойиш этиш ҳамда ушбу буюк хазинани асраб-авайлаб, келгуси авлодларга бекаму кўст етказувчи булбулнафас бахшиларни тарбиялаб етиштириш каби эзгу ниятлар Халқаро Бахшичилик фестивалининг бош ғояси ҳисобланади. Шу мунсабат билан бугунги кунда халқ оғзаки ижодиёти анъаналарини ривожлантириш, бахшилар, оқинлар, фольклоршунослар, фольклор ансамблларини қўллаб-қувватлаш учун янада кенг имкониятлар эшиги очилмоқда. Бундай улуғвор ишлар ўзидан ўзи бўлаётгани йўқ. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз, деган улуғвор даъватни ижтимоий ҳаётимизга тадбиқ этаётган давлатимиз раҳбари авваламбор адабиётга, китобхонликка, маънавиятни ривожлантирига катта аҳамият қаратмоқда. Алишер Навоий бобомиздан то Ҳамид Олимжонгача, Рабғузийдан то устозларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповгача бўлган адабиётимизнинг шоҳ илдизлари халқ оғзаки ижоди сарчашмаларидан баҳраманд бўлиб, гуллаб-яшнаган. 

Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан Жиззах шаҳрида ижод мактаби ҳамда муҳташам ёдгорлиги бунёд этилган халқимизнинг севимли шоири Ҳамид Олимжоннинг Фозил Йўлдош ўғлига бағишланган  «Куйчининг хаёли» шеъри ёдимга тушмоқда.

 

Бу хаёл сўнгсиздир, осмон каби кенг,

Бу хаёл тугамас ҳеч ҳали-бери.

Унинг бойликлари умрларга тенг,

Ҳамон белгисиздир бошланган ери.

 

Ушбу шеърда юртимизда бахшичилик санъати тарихи нақадар олис, нақадар қадим асрларга бориб тақалиши тараннум этилмоқда. Бахшининг хаёли кенг, бахшининг хаёли бой, бу хаёлнинг бошланган вақти номаълум, унинг охири ҳам номаълум.  Демак, бахшининг хаёли ҳамиша давом этади ва асло тугамайди.

Бахшилар билан ҳамсуҳбату ҳамнафас ижод қилган Ҳамид Олимжоннинг ўзи ҳам шеърларида бахши бўлиб кетади. Унинг Абдулла шоирга бағишланган «Дўмбирам» шеърида шундай сатрлар бор:

 

                                  Сўз бошлайин энди яхши-ёмондин,

                                      Кўзларимнинг нури бўлган дўмбирам.

                                      Сен қўлимда, кезиб ўтдим жаҳондин,

                                      Юрагимнинг жўри бўлган дўмбирам.

 

                                      Сендан ҳеч бир мумкин эмас совушим,

                                      Сен тоғларда кезган чориқ ковушим,

                                      Сенинг билан баланд бўлди товушим,

                                      Билагимнинг зўри бўлган дўмбирам.

 

      Ҳа, дўмбирада ҳикмат кўп. Дўмбира чалиб, юраги жўшиб, илҳоми тошиб, овози тоғлардан ошиб, ою юлдузларга туташиб достон айтаётган шоирнинг овозида ҳам ҳикмат кўп.

      Катта бахшиларнинг дўмбираси ёш бахшиларга ўтганидек Ҳамид Олимжон, Миртемир, Тўра Сулаймон каби халқона, бахшиёна оҳангларда ижод қилаётган улкан шоирлар анъаналарини Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Қорақалпоғистон халқ шоири Халила Давлатназаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Эшқобил Шукур, Рустам Мусурмон, истеъдодли ёш шоир Шодмонқул Салом каби шоирлар давом эттираётгани мени қувонтиради.

      «Сенинг билан баланд бўлди товушим» деганидек Президентимизнинг қарори асосида ўтказилаётган Халқаро Бахшичилик санъати фестивали шарофати билан бахшиларимиз, шоирларимиз товуши янада баланд бўлмоқда. Бугун уни бутун жаҳон эшитмоқда.

      Ватанимиз санъати ва адабиёти тарихига олтин ҳарфлар билан битилажак ушбу улуғ воқеа биз ижодкорларга катта ғурур, оташин илҳом ва улкан масъулият бахш этади.

      Жаҳонни сайр этиб кезган карвонлар бугун Термизда учрашди. Ана шу карвонлар билан қўшилиб сайр этган бахшиларнинг халқимизнинг буюк тарихи ва нурли келажаги ҳақидаги термаю достонларини тингламоқдамиз.

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech