31 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,8 °C

Халқаро ҳамкорлик
5 Мар  2020 1947

Ўзбекистон Гаага конференцияси аъзоси

2020 йил 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси (ХХҲГК)га расман аъзо бўлди.

Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси шу кунгача ўзида 83 иштирокчини жамлаган бўлиб (82 давлат ва Европа иттифоқи), эндиликда унга Доминикан ва Ўзбекистон Республикалари ҳам аъзо бўлишди ва аъзолар сони 85 тага етди.

Халқаро хусусий ҳуқуқ меъёрларини бирхиллаштириш Ўзбекистон учун ўта долзарб масала экани шубҳасиз. Чунки миграциянинг шиддат билан ўсиши, турли соҳаларда хорижий унсурга эга фуқаролик-ҳуқуқий низоларнинг кўпайиши туфайли зудлик билан ечилиши лозим бўлган масалалар юзага келмоқда.

Шунга кўра, Гаага конференцияси доирасида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган нормалар халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига сезиларли ижобий таъсир ўтказиши кутилмоқда.

Глобализация асрида кўпгина ҳуқуқий масалалар миллий чегаралардан чиқиб кетмоқда. Яъни турли мамлакатлар қонунчилигидаги турлича жиҳатлар маълум ноқулайликлар туғдирмоқда, айрим ўринларда зиддиятлар келтириб чиқариши кузатилмоқда. Масалан, бир давлатда берилган ҳужжатни бошқа бир давлатда тан олинишини таъминлаш, маълум мамлакатда туғилган гўдакни бошқа юртга фарзанд қилиб олиб кетиш ёки фуқаро фарзандини она ватанида эмас, мусофирчиликда дунёга келтириши ҳолатлари кўплаб учраяпти. Шу сабабли жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ўзаро келишиб, турли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва халқаро ташкилотлар фаолияти орқали ҳамкорлик қиладилар ҳамда ўзаро ҳуқуқий мувофиқлаштирув ҳаракатларини амалга оширадилар. ХХҲГК айнан шундай ташкилотлар жумласидандир.

Шу пайтгача ХХҲГК доирасида 40 дан ортиқ конвенциялар имзоланган бўлиб, улар қуйидаги 3 асосий йўналишга бўлинади:

-  болаларни халқаро ҳимоя қилиш, оилавий ва мулкий муносабатлар;

-  халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик ва низоларни бартараф этиш;

-  халқаро тижорат ва молиявий ҳуқуқ.

Ўзбекистон бугунга қадар Фуқаролик жараёни масалалари бўйича конвенция (1954), Чет эл расмий ҳужжатларини легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенция (1961), Халқаро болаларни ўғирлашнинг фуқаролик жиҳатлари бўйича конвенция (1980) ларга аъзо бўлган. 

Юқорида айтиб ўтилганларни умумлаштириб, Ўзбекистон учун, хусусан, унинг фуқаролари учун ХХҲГКга аъзо бўлишдан қуйидаги манфаатлар юзага келишини айтиб ўтиш мумкин:

  1. Халқаро-ҳуқуқий ёрдам тизими соддалашади ва осонлашади.
  2. Халқаро-ҳуқуқий ёрдам эҳтиёжига учраган фуқароларга кенгроқ имкониятлар яратилади.
  3. Фуқаролик-ҳуқуқий соҳага оид халқаро низолар самарали, тез ва кам харажат билан бартараф этилади.
  4. Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига ижобий таъсир бўлади.
  5. Ўзбекистонда халқаро хусусий ҳуқуқ илмининг ривожланишига ёрдам беради.

Булар билан бир қаторда мазкур халқаро ташкилот фаолиятида Ўзбекистоннинг тўлақонли аъзо сифатидаги фаолияти келажакда қабул қилинадиган халқаро ҳужжатларда бизнинг миллий манфаатларимизни ҳам акс эттириш имконини яратади, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech