14 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +16,2 °C

Ижтимоий ҳаёт
24 Янв  2019 1874

“Ёйма бозор”дан нега кўп харид қиламиз, арзонлиги учунми ёки йўлимизда бўлганлиги учун?

Кунда-кунора озиқ-овқат маҳсулотлари олиш учун бозорга тушамиз. Асосан кечга яқин икки қатор бўлиб маҳсулотларини ерга ёйиб сотаётганларга гувоҳ бўламиз. Қайсики йирик деҳқон бозорларига борсангиз шу ҳолатни кўрасиз.

Биз нега “ёйма бозор”дан харид қиламиз?

Кўпчилик “ёйма бозор” маҳсулотларини арзон, деб билади.

– Одатда иш вақтим тугаганидан кейин бозорга келаман, – дейди Пўлат Абдуллаев. – Йўл-йўлакай ерда ўтириб савдо қилаётганлардан харид қилиб кетавераман. Улар назаримда раста ёки дўкондан кўра арзонроқ сотади.

Аслида ҳам шундайми?

– Растада ҳам жойим бор, – дейди “Ширин” деҳқон бозори сотувчиси Гулсора Алихонова. – Кечга яқин кўпчилик ишдан қайтади ва бозорга киради. Улар асосан шундай қатор ўтирганлардан савдо қилади. Расталарга кам одам боради. Шунинг учун мен ҳам улардек иш тутаман.

Нарх-наводаги тафовут ҳақидаги саволга сотувчилар бирозгина фарқи бўлади, лекин кўп ҳолларда нархи бир хил эканини таъкидлади.

Аслида қорни қор, ёмғирни ёмғир, иссиқни иссиқ демай шу каби савдо қилаётганларнинг жонига баракалла, дегинг келади. Турли об-ҳавода бир соатгина кўчада кимнидир кутиб кўринг. Уларга ҳам осон эмаслигини англайсиз.

Қора қозонни қайнатиш осон эмас, албатта. Лекин бу каби савдо қилаётганларга ҳеч бир бозорда рухсат йўқ. Шу боис, улар ҳуқуқ-тартибот ходимларини кўрганда, кўздан ғойиб бўлади. Ҳар қалай ишсиз юриб безорилик қилиб кимнидир тунашдан, фирибгарлик қилиб, алдаб бировларнинг пулини ейишдан ёки чегарадан ноқонуний мол олиб ўтишдан кўра яхшироқ-ку, шундай эмасми?

Қанча йигитлар, хотин-қизларимиз хорижга ишлаш учун, кун кечириш учун кетаяпти. Бозордагидан-да қийин шароитларда пул топаяпти. Ўз юртидан, ота-онаси, оиласи, яқинлари, фарзандидан узоқ бўлган баъзилар ҳатто йўлдан адашиб кетаяпти.

Сурхондарёлик 35 ёшли Арслон Болтаев 4 йил хорижда ишлади. Уйига, болаларига пул жўнатиб турди. Ишлаб турган жойида ишлари бироз ўхшамагач, уни нотинч бўлган давлатга таклиф қилишди. У ерда кўп пул топиш мумкинлигини айтишди. Яхши даромадни эшитгач А.Болтаев бу гапни аёлига айтди. Турмуш ўртоғи бунга кўнмади ва унинг қайтиб келишини илтимос қилди. Оила аъзоларининг қийин-қистови билан юртга қайтган бу фуқаро йўлдан адашишига бир баҳя қолди.

Келгач, кичик томорқада деҳқончилик бошлади. Деҳқончилик ҳам бирда яхши, бирда ёмон. Кун кечириш осон бўлмади. Лекин фарзандлари, оиласи ёнида бўлганига не етсин?

Арслон каби иш, мўмай пул излаб юрганлар озми?

Энди яна бозордаги ёйма савдога қайтсак. Улар ўз ҳолидан шикоят қилганини эшитганмисиз? Келган харидорга шундай чиройли муомала қиладики, маҳсулотларини сотиб олганингизни билмай қоласиз. Улар мажбуран нимадир сотмаяпти. Заҳматли бўлса ҳам ўз юртида. Кам топаётган бўлса ҳам нони ширин ва тотли.

Аммо бир нарса ўйлантиради. Сотилаётган ҳамма маҳсулот ҳам “ёйма бозор”да сотилиши керакми? Баъзан санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар ҳам сотилаётганининг гувоҳи бўламиз. Уларга қандайдир имтиёз бериш баробарида бу ишни ҳам назоратга олиш мумкиндир. Қор-ёмғирли кунларда устига лой, чанг-тўзонли кунларда ғубор ўтирадиган маҳсулотларни “ёйма бозор”да сотиш тўғримикин?

Буни сотувчиларимиз ҳам ўйлаб кўрса бўларди.

 

Б.Мелиқулова

Фото: qalampir.uz

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech