16 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,1 °C

Бўш вақтда
27 Апр  2019 1718

Ер қаърида нималар бор?

XIX асрнинг охирларида Ер курраси уч қисмдан: қобиқ, мантия ва ядродан ташкил топган, деган тушунча пайдо бўлди. Аммо қайси қобиқ қаердан бошланиб, қанча чуқурликда тугашини, уларнинг нималардан ташкил топганини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмасди.

 

Бундан ўттиз йиллар илгариям тадқиқотчилар 50 метрдан сўнг гранит (рангдор, қаттиқ тоғ жинси) қатлами бошланиб, қалинлиги 3 километргача етади, кейин базальт (вулқондан ҳосил бўлган шишасимон жисмлар) қатлами келади, деган фикрда эди. Аммо Кола яриморолида қазилган жуда чуқур қудуқ бу фикрнинг янглиш эканини кўрсатди…

Уч миллиард йил олдинга шўнғиш

Ер қаърини ўрганиш бўйича лойиҳалар ўтган асрнинг 60-йилларида бирданига бир нечта мамлакатда пайдо бўлган. Америкаликлар бундай чуқур қудуқларни Ер қобиғининг энг юпқа жойи, яъни океан тубидан қазиш керак, деган фикрда эдилар. Ана шу тахминга асосланиб, қудуқ қазиш жойи этиб Мауи ороли (Гавайи ороллари архипелаги)даги океан туби танланди. Олимларнинг дастлабки хомчўтга қараганда, 4 километрлик чуқурликка эга океан тубидан 5 километр пастроқда Ер мантияси бошланиши керак эди.  Афсуски, бу уриниш қудуқнинг чуқурлиги 3 километрга етганда омадсиз якунланди.

1970 йилда эса Кола яриморолида Ер қаърини ўрганиш мақсадида қудуқ қазиш ишлари бошлаб юборилди.

Чуқурроқ, янаям чуқурроқ...

Ер қаърига диаметри 20 сантиметрдан сал каттароқ бўлган бурғи киритилди. Бир талай датчиклар ўрнатилган бурғи бир неча соат ишлагандан сўнг жинсларни таҳлил қилиш учун юқорига чиқариб олинарди. Иш жуда имиллаб кетарди, аммо бундан тез ишлаш ҳам мумкин эмасди. Негаки, сал хатоликка йўл қўйилса, бир-бирига кетма-кет уланган бурғилаш колоннаси ўз оғирлигини кўтара олмай, узилиб кетиши ҳам мумкин эди.

Қудуқ чуқурлашгани сайин лойиҳада иштирок этаётганларни ваҳима боса бошлаган. Уларнинг сўзлаб беришича, пастдаги ҳарорат ва бошқа ўлчамлар юқорига бир дақиқа кечикиб узатиларди. Қудуқ тубидан келаётган даҳшатли чинқириққа ўхшаган товушлардан бурғичиларнинг аъзойи-бадани музлаб кетарди. 10 километрлик чуқурликка етганида бурғи аппаратининг кети кўринмас ва сирли носозликларига дуч келишди. Икки марта бурғини эриб, қотишмага айланган ҳолда тортиб олишди. Бурғи Қуёшдаги ҳароратдагина ана шундай кўринишга келиши мумкин эди. Бир сафар ҳатто, йўғон ва мустаҳкам пўлат арқон (трос) чирт узилиб кетган. Кейин эса ўша жойда бурғилашни давом эттиришганда узилиб тушган пўлат арқоннинг қолдиғига дуч келишмади.

1983 йилга келиб, қудуқнинг чуқурлиги 12066 метрга етди. Бироқ бурғилаш ишлари вақтинчалик тўхтилди. Келаси йили яна давом эттирилди. Аммо тез орада қудуқда ўпирилиш содир бўлиб, иш яна тўхтаб қолди ва бурғилашни 7000 метрдан, иккинчи йўналишни очиб бошлашга тўғри келган. Хуллас иккинчи йўналиш чуқурлиги 12262 метрга етди. 1992 йилга келиб маблағ йўқлиги сабабли бурғилаш бутунлай тўхтаб қолди.

Кашфиётлар ва топилмалар

Кола яриморолида қазилган жуда чуқур қудуқ сабабли Ер қобиқлари ҳақидаги маълумотлар анча бойиди. Илгари назариячи олимлар 15 километр чуқурликкача ҳарорат паст бўлади, дея «башорат» қилишганди. Бундан эса қудуқни 20 километргача, яъни мантия қисмига қадар қазиш мумкин, деган хулоса келиб чиқарди. Аммо қазиш чоғида беш километр чуқурликдаёқ 700 даража иссиққа дуч келинган. Еттинчи километрда эса ҳарорат 1200 даражани ташкил этган. Ўн икки километр чуқурликда эса ҳарорат 2200 даражани кўрсатди.

Бурғичилар Ернинг қобиқ-қобиқ бўлиб жойлашганини шубҳа остида қолдиришди. Гранитлар мўлжалдан 3 километр чуқурроқда экан. Унинг тагида ётиши керак бўлган базальт қатламига эса умуман дуч келишмади. Бундан ташқари, бурғичиларни 10 километр чуқурликдаги бўшлиқлар анчагина шошириб қўйган. Негаки, бўшлиққа дуч келган бурғи у ёқ-бу ёққа чайқалиб, вертикал ўқ чизиғини бузарди ва жиддий мураккабликларни келтириб чиқарарди. Аниқланишича, ўша бўшлиқлар сув буғлари билан тўла экан. Улар худди кимдир қудратли насослар ёрдамида тортаётганидек бир бўшлиқдан бошқасига катта тезликда ўтаркан. Худди ана шу буғлар кучли ва даҳшатли овоз чиқариб, бурғичиларнинг кўнглига ғулғула солган.

Аммо 9,5 километр чуқурликда бурғичилар чинакам фойдали конларга дуч келишган. Масалан, 1 тонна рудага 78 грамм олтин концентрацияси тўғри келадиган кон топилган. Одатда 1 тонна рудага 34 грамм олтин концентрацияси тўғри келса, кон очилади.

Яна бир янгилик: тадқиқотчилар ҳеч қандай органик моддалар бўлиши мумкин бўлмаган чуқурликдан ёши 2,8 миллиарддан катта тош қотган микроорганизмларнинг 14 хил турига дуч келишди. Ундан ҳам чуқурроқ жойда метан газининг ўта юқори концентрацияси борлиги аниқланган. Бу ҳолат нефть ва газ каби углеводородларнинг биологик пайдо бўлиши назариясига мутлақо зид эди.

Хулоса ўрнида

Демак, бурғилаш йўли билан Ер қаърига 14-15 километр чуқурликкача тушиб бориш мумкин. Аммо биргина қудуқ билан Ер қобиқлари ҳақида тўлиқ билиб бўлмайди. Бунинг учун Ер шарининг турли жойларида жуда кўплаб қудуқлар қазиш керак. Аммо бу жуда катта маблағ талаб қиладиган жараён. Ҳозирда бундай қудуқлар илмий мақсадларда эмас, балки фойдали қазилмаларни топиш мақсадларида қазилмоқда. Масалан, ҳозир АҚШда 6-7 километрлик қудуқлар одатий ҳолга айланган. Аммо бу чуқур қудуқлар ҳам Ер қобиғи ҳақида тузукроқ маълумот олиш имконини бермайди. Хуллас, ундан ҳам чуқурликда нималар ётгани барибир номаълумлигича қолмоқда. Олимлар эса бундай қудуқлар келажакда фан учун Ер қарига қаратилган телескоп вазифасини ўташига шубҳа қилишмаяпти.

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech