29 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,6 °C

Фан
16 Апр  2020 439

Янги таклиф йўқми?

Унда топширилган вазифаларни сўзсиз бажаринг!

Куни кеча Калифорния университети профессори, математика соҳасида энг юксак мукофот бўлмиш Филдс медали лауреати Е.Зельманов менга қўнғироқ қилди. У Ўзбекистонда вирусдан касалланиш даражасининг нисбатан озлиги, тузалиш жараёнининг бошланиши, пандемиянинг иқтисодиёт тармоқларига таъсирини камайтириш борасида қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар келгусида юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилгани билан оптимал бошқариш назариясининг ўзгинаси экани ва бу илмий янгилик ҳисобланишини алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, оптимал бошқариш назарияси салбий ҳолатларнинг олдини олиш орқали келгуси ривожланишнинг истиқболини белгилашга қаратилгани билан аҳамиятли. Президентимизнинг шу йил 19 мартидаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларини мазкур илмий назариянинг амалдаги инъикоси, дейиш мумкин.

Масалан, Президентимизнинг 3 апрелдаги фармонида юридик шахсларнинг кредитлари бўйича 7,9 триллион сўм ҳажмдаги қарздорлик кечиктирилгани, молиявий қийинчиликларга дуч келган ташкилотларнинг кредитлари бўйича реструктуризация қилинадиган тўловлар ҳажми қўшимча равишда 7 триллион сўмни, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан шу йилнинг навбатдаги 6 ойи мобайнида сўндирилиши лозим бўлган кредитлар бўйича муддати узайтириладиган тўловлар ҳажми 4,7 триллион сўмни ташкил этиши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг пандемия сабабли иқтисодий қийинчиликлардан енгил чиқиб олишига ижобий ёрдам беради.

Масаланинг иккинчи жиҳати мавжуд. Коронавирус тўлиқ бартараф этилгач, тижорат банкларининг кредит сиёсати дастлабки натижанинг самарадорлигини таъминлаши керак. Бунинг учун бугун берилган имтиёзлар эртага аҳоли ва тадбиркорлар елкасига қўшимча юк бўлмаслиги зарур. Истиқболда инфляция ва миллий валюта девальвацияси ҳисобида тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли қарздорликларининг муайян қисмини тижорат банклари бухгалтерия балансидан ташқарида ҳисоблашга ўтказмоқ мақсадга мувофиқ бўлади.

Аксарият олимлар мазкур фармонларга кутилажак жаҳон инқирози олдидан кўрилган чора-тадбирлар сифатида таъриф берди. Чиндан ҳам молиявий масалалар, айниқса, пул-кредит соҳасидаги янгиликлар иқтисодиётимиз ривожланиши учун зарур тадбирдир. Буларнинг бажарилиши ҳужжатларда келтирилган талаблар даражасида амалга оширилса, республикамиз иқтисодий ривожланиши ва аҳолининг яшаш даражаси 2019 йилга нисбатдан кам бўлмаслиги шубҳасиз.

Шунингдек, Молия вазирлиги ҳузурида юридик мақомга эга бўлмаган Инқирозга қарши жамғармадан қилинадиган харажатлар тўғридан тўғри иқтисодиёт, хусусан, тадбиркорлик ва аҳоли бандлиги ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашни таъминлашга қаратилган. Жамғарма маблағидан 2,2 триллион сўми иқтисодий-ижтимоий соҳаларни, 1,4 триллион сўми инфратузилмалар ва йўл таъмирлашини молиялаштиришга йўналтирилиши кўзда тутилди.

Молия вазирлигига мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилиши муносабати билан маҳаллий бюджетларнинг олинмай қолинадиган даромадлари ўрнини Инқирозга қарши жамғармасидан ҳар ойда қоплашни таъминлаш топшириғи берилган. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 500 миллиард сўм қўшимча маблағ берилиб, иш ўринлари яратадиган бизнес субъектларга кўмаклашилади.

Шунингдек, 2020 йил 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилишини таъкидлади.

Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.

Бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов ҳам энди бекор қилинади.

Жамғарма интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига кафиллик беради (бугунги кунда 50 фоиз). Кафиллик суммасининг юқори чегараси ҳам 8 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилади, деб таъкидлади.

Қабул қилинган иккала фармонга кўра берилган солиқ тўловларидан имтиёзлар асосида юзлаб миллиард маблағлар корхона, ташкилотларда айланма маблағ сифатида қолдирилади.

Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги фармонида Марказий банк томонидан берилган пул-кредит сиёсати дастакларини актив қўллаш орқали пул бозорининг ҳар ойлик ликвидлилиги 1 триллион сўм ҳажмида бўлишини таъминлаш таклифининг маъқулланиши макроиқтисодиёт учун жуда катта ёрдам. Бу дегани тижорат банкларида маблағ тақчиллиги бўлмайди. Уларда маблағ етмай қолганда ликвид ҳолда фаолият юритаётган пул бозоридан вақтинчалик харид этиб туриш имконияти юзага келади. Бир сўз билан айтганда, молия бозори жонланади ва пул-кредит механизми фаолияти янада тезлашади.

Бу каби имтиёзлар яратиладиган ЯИМга нисбатан салмоқли ўрин тутади. Аслини олганда, сўнгги уч йилда ҳукумат томонидан ажратиладиган маблағлардан тўлиқ мақсадли фойдаланилса ва коррупция бўлмаганда эди, иқтисодиётимиз бугунгидан-да ривожланарди. Афсус, жамиятимизда бундай иллатлар мавжуд экан, маблағ самарадорлиги тўғрисидаги савол доимо бўлади. Масалан, Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги фармонида коронавирус инфекцияси тарқалишидан зарар кўрган иқтисодиёт тармоқлари ва кредит портфелининг сифати пасайган тижорат банкларига фоизсиз уч йилгача муддат билан бюджет ссудалари ажратилиши кўрсатилган. Мазкур имтиёз назорат остида бўлмаса, Марказий банкнинг “ҳар қандай имтиёз бор жойда коррупция пайдо бўлади”, деган хулосаси тўғри бўлади. Бу борада фармонда кўрсатилганидек, Инқирозга қарши республика комиссияси, мутасадди вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар ва Ҳисоб палатаси доимий назорат ўрнатишлари зарур. Акс ҳолда Инқирозга қарши жамғарма иқтисодни ривожлантиришга эмас, балки тижорат банкларининг қайтарилмай қолган кредитларини ёпишга сарфланиши мумкин.

Пандемиянинг даври қисқа бўлса-да, унинг асоратлари халқаро ҳисоб-китобларда узоқ сақланиши мумкин. Масалан, 2020 йил 19 мартдаги фармонда олдин экспорт билан шуғулланиб, муддати ўтган 10 фоиздан кўп дебиторлик қарздорлиги бўлмаган тадбиркорлик субъектларига қатъий тўловни талаб қилмаган ҳолда товарларини экспорт қилишга рухсат берилмоқда. Шу ўринда таклиф қилардикки, ҳудуд ва тармоқларда экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича доимий ишловчи республика комиссияси мутасадди вазирликлар ва қўмиталар билан ҳамкорликда экспорт шартнома шартларини қайта кўриб чиқишлари шарт. Унда “форс-мажор” бандида “коронавирус инфекцияси” масаласи учун муайян чегара ёки талаб қўйилмаса, келажакда ўзаро молиявий келишмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин.

Марказий банкнинг пул бозори ликвидлигини таъминлаб туриш тадбири фақат инқироз даврида эмас, балки доимий асосга қўйилса, бугунги макроиқтисодиётда мавжуд бўлган пул етишмовчилигининг олди олинар эди.

Жамиятда инфляция мавжуд экан, бозорда бирламчи истеъмол товарларига талаб ортади. Шунинг учун фармонда Марказий банк таклифи асосида тижорат банклари томонидан бирламчи заруриятли товарлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига револьвер кредитларнинг берилиши фақат инқироз ҳолатида амалга оширилмай, ундан кейин ҳам бу усулда кредитлаш давом эттирилиши керак.

Республикамиз иқтисодиёти глобал инқироз оқибатидан талофат кўриши аниқ бўлган бир пайтда ички манба ва захираларимиздан унумли фойдаланишни ўрганмоғимиз шарт. Масалан, 2020 йил 3 апрелдаги фармонда тижорат банкларининг ликвидлилигини ошириш мақсадида уларнинг вакиллик ҳисоб-рақамларига олдиндан ташкил этилган мажбурий захира талабларини енгиллаштириш орқали 2,6 триллион сўм маблағ йўналтирилиши таъкидланган. Демак, пул-кредит сиёсатини самарали бошқариш орқали шунча маблағдан бошқа мақсадларга фойдаланиш мумкин экан. Шундай захираларимиз бошқа соҳаларда ҳам бўлиши керак. Уларни топиш ва фойдаланиш шароитларини аниқлашнинг ягона ва тўғри йўли иқтисодий илм хулосаларидан унумли фойдаланишда. Бунинг учун республикадаги иқтисодчи олимларимиз истиқболдаги вазифаларимиз тўғрисида ўзларининг аниқ таклифларини ёзма равишда Математика институтига топширишлари ва математик олимлар билан биргаликда ҳар бир таклифнинг самарадорлигини ҳисоблаб, иқтисодиётимизнинг ички имкониятларидан самарали фойдаланиш комплекс моделини тайёрлаш мумкин. Яъни институтимиз жамоаси доимий равишда мулоқот ва мунозаларга тайёр.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги жаҳон иқтисодий инқирозининг макроиқтисодиётимизга таъсирини камайтириш ва бу ҳолатдан тезроқ чиқиб кетишни ташкил этишга барчамиз масъулмиз. Мабодо, ўзимиз янги бир таклиф билан чиқмас эканмиз, ҳеч бўлмаса, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан топширилган вазифаларни сўзсиз бажаришимиз ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканини унутмайлик.

Шавкат Аюпов,
ЎзР ФА В. И. Романовский номидаги
Математика институти директори,
академик, Олий Мажлис Сенати аъзоси

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech