29 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,2 °C

Маданият
29 Мар  2020 649

Халқим иродаси букилмас зинҳор

Зуҳра Алиева.

Майсалар уйғониб, кўтарганда бош,
Баҳор гул кўйлагин қилганда кўз-кўз,
Энди сумалакка ташлагандик тош...
Қайдан келди офат - коронавирус.

Орзу-тилакларга тушдими чақмоқ,
Балки тинч кунларга тегди ёмон кўз,
Пистирмада ётган ёв каби ногоҳ,
Бирдан бўй кўрсатди коронавирус.

У ларзага солди жумла жаҳонни,
Дунёни эгаллаб олмақчидай тез.
Домига тортмоқда ҳар заиф жонни,
Соғлик кушандаси - коронавирус.

Кўринмас ниқобда келди бизга ҳам,
Диллларга хавотир ўрмалар туйқус,
Шодон лаҳзаларга соя солди ғам,
Чор тарафда бир сўз - коронавирус.

Жорий бўлди юртда изчил бир қарор,
Юрт эгаси қаътий айтди битта сўз:
- Халқим иродаси букилмас зинҳор,
Бизни енголмайди ҳар қандай вирус!

Чунки бу эл Темур, Сино авлоди,
Қанча синовлардан ўтган соғ-омон.
Салга эгилмайди, синмас саботи,
Бу оғир кунни ҳам енгар бегумон.

Ҳаёт бу - гуручда бор каби курмак,
Халқимиз бошига тушганда ташвиш,
Ғийбатчи касларга топилди эрмак,
Кунда бир туғилар ваҳима, миш-миш,

Улар одамларга солиб хавотир,
Кўзлашар учқундан олов ёқишни,
Қўштирноқ ичида юрган шу “ботир”,
Аслида, эплолмас ниқоб тақишни.

Биз-чи, ёлғонларга солмаймиз қулоқ,
Ташвишли кунларда бўламиз бардам,
Сабримиз синовда турган ушбу чоғ,
Етти ўлчаб, бир бор ташлаймиз қадам.

Дарвоқе, тозалик йўргакдан одат,
Покиза тутумлар бобомеросдир,
Бир кунда беш бора олиб таҳорат,
Покланиб яшамоқ бизларга хосдир.

Зеро, қўл ювмоқни ўргатмас ҳеч ким,
Ахир, биз эмасми, келганда меҳмон -
Бир қўлда чилобчин, бир қўлда чойгум,
Совун, сочиқ билан сув қуйган мезбон.

Аждодлар удуми бизгадир ибрат,
Саломлашмоқ гўзал - ўнг қўл кўксида,
Ҳиёл бош ирғашиб қўйганлар фақат,
Ҳол сўраш, меҳрнинг одоби шу-да,

Бугун ёт одатдан чекинмоқ керак,
Бизни чалғитолмас ҳар қандай иллат,
Бир-бирини суяб яшайди бешак,
Мақсади, орзуси бир бўлган миллат.

Ваҳима керакмас, ғавғо керакмас,
Ишончи борларни севади ҳаёт,
Иймон-эътиқодда собит турсак, бас,
Бардошлига берар тангрим мукофот.

Уйда қолсак, китоб - энг яхши ҳамроҳ,
Ким ниҳол экади, ким тикар либос,
Энг кераги қадр, оқибат уйғоқ.
Урфу одатлар ҳам ўзимизга хос.

Курраи заминга омонлик тилаб,
Қўлларимиз мудом дуода бўлсин,
Эзгулик қўрғони кетмагай нураб,
Инсон умри боқий, зиёда бўлсин.

Чайқалиб турганда бу кўҳна олам,
Меҳрдан топгаймиз малҳам, шифони.
Яхши ният ила бўлайлик бардам,
Яхшилик асрайди ёруғ дунёни.

2020 йил, 27 март.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech