29 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,3 °C

Молия
7 Фев  2020 1945

Халқаро экспертларнинг ўқув-семинарлари давом этмоқда

Айни кунларда Давлат солиқ қўмитасида Жаҳон банки миссияси экспертлари иштирокидаги солиқ хизмати органлари ходимлари учун ўтказилаётган семинар-тренинглар давом этмоқда.

Ушбу семинарлар доирасида 6 февраль куни Жаҳон банкининг Канадалик эксперти Халед Эль Корек «Солиқ аудити ўтказиш жараёни, стратегияси ва воситаси» мавзусида тренинг ўтказди. Унда Жаҳон банки мутахассиси аудиторлик ишлари жараёнида нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида батафсил маълумот берди.

– Аудитнинг асосий мақсади солиқларни имкон қадар кўпроқ ундириш эмас, – дейди Халед Эль Корек. – Мақсад – талабларнинг ихтиёрий равишда бажарилишига эришиш. Яъни солиқ тўловчилар ўз ихтиёри билан солиқларни тўлаш бўйича барча мажбуриятларни вақтида бажариб боришларига эришишдир.

Солиқ аудити халқаро стандартларга жавоб бера олиши учун солиқ тўловчилар мажбуриятларини вақтида бажариш билангина чекланиб қолмасдан улар билан алоқаларни ҳам яхшилаш керак. Бу борада Ўзбекистоннинг солиқ хизмати ўз имиджини янгилади. Солиқ хизмати органлари солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкорига айланди. Қолаверса, бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун инсон омилини камайтириб, шаффофликни таъминловчи IT-ечимларидан фойдаланиш кенгайиб бормоқда. Тренингда Жаҳон банки мутахассиси ҳам айнан шунга эътибор қаратди.

Таҳлика-таҳлилга асосланган ёндашувни қўллаш халқаро амалиётда кенг тарқалган тенденция ҳисобланади. Бугунги кунда у Ўзбекистон солиқ тизимида ҳам қўлланилмоқда. Бу «риск-анализ» дастури бўлиб, унинг мақсади тадбиркорларнинг фаолиятини ташқи аралашувсиз мустақил равишда таҳлил қилиш ва солиққа оид ҳуқуқбузарликлар хавфини баҳолашдир.

Ушбу дастур жорий этилиши билан барчани тўлиқ текширишга ҳожат қолмайди. Асосий эътибор солиқ мажбуриятларини бузганларни текширишга қаратилади.

Экспертнинг фикрига кўра, бу солиқ тўловчилар билан ишончли муносабатларга асосланган, адолатли, ҳалол ва объектив муҳит яратишга асос бўлади.

Шу куни Жаҳон банки миссиясининг бошқа бир вакили, австриялик мутахассис Джон Роуч ҳам солиқ идоралари ходимлари учун ўқув семинари ўтказди.

Ушбу семинарда тоғ-кон сектори, қурилиш, кўчмас-мулк ва молия соҳасидаги аудит бош мавзу бўлди. Хусусан, солиқ текширувида халқаро стандартларни жорий этиш усуллари батафсил тушунтирилди

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки миссиясининг экспертлари шу ҳафта давомида Давлат солиқ қўмитасида ўқув семинарлари ўтказиб келмоқда. Уларда мамлакатдаги адолатли ва шаффоф солиқ тизимини яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлган кўплаб мавзулар қамраб олинган, деб хабар берди давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech