25 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22 °C

Бўш вақтда
10 Ноя  2018 805

Tоза ҳаво, танга даво!

Бир ҳафта яхшигина ишлагандан сўнг дам олиш кунларини қандай ўтказсам экан, деган савол пайдо бўлиши тайин. Дам олишнинг энг зўри тоққа бориш экан, сизга айтсам.

Оилавий бўлиб Паркент туманидаги Кумушконга боришга қарор қилдик. Манзилга етиб келгач, аввало, сершовқин улкан шаҳар аҳолисига доим етишмайдиган, тинч-осудаликни ҳис этдик. Бу ерда ҳамма нарса бошқача, болалар хурсанд бўлиб ўйинга берилиб кетишди, сал нарида ёши улуғ отахонлар бир пиёла чой устида қандайдир муҳим нарсани ўзаро муҳокама қилмоқда.

Ҳазрат Али меъморий мажмуасини зиёрат қилишни ният қилгандик. Жуда ғаройиб жойлар ва у ерга машинада бориб бўлмайди, бироз пиёда юришга ҳам тўғри келади. Кўзлаган манзилимизга эса сифатли ётқизилган зина йўлак олиб боради. Тоза ҳаво ва ажойиб муҳит чарчоқларни кетказади. Бу ерда катталару болалар, бутун бошли оилалар ва ёлғиз йўловчиларни ҳам учратиш мумкин. Мажмуага кираверишда тагидан булоқ отилиб чиққан улкан чинор сизга пешвоз чиқади. Кўтарилишдан сўнг муздайгина булоқ сувидан сипқоришнинг гашти ўзгача-да! Кейин кўп асрлик чинорга қўлни теккизиб ният қилиш керак.

Бу жойда илгари ҳам бўлганман ва ёқтириб қолганим ҳам рост. Сайёҳлик мавсуми ёпилганига қарамай, эшиклар доим очиқ. Ошхоналар ишламагани учун ҳам одам кам. Бунинг ҳам ўзига яраша яхши томони бор, албатта. Жимжитлик ва сокинликда меъморий мажмуа ва табиатдан завқ олиб, сайр қилиш мумкин. Тоғда чор атрофга қор ҳиди ёйилган ва салқин ҳаво уфуриб турибди. Бу ҳадемай, қиш бошланишидан дарак. Бундай манзилда инсон ўзини қушдай енгил ва руҳан тетик ҳис этади.

Т.Кайсаров.
Муаллиф сурати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech