25 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,5 °C

Саломатлик
11 Мар  2019 5901

Юриш юрак қон-томир касалликлари хавфини 31 фоизга, ўлим хавфини 32 фоизга камайтиради

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, юқумли бўлмаган касалликлар дунё бўйича глобал муаммога айланиб, инсонлар саломатлигига жиддий хавф солмоқда. Хасталикларнинг бу тоифасига юрак қон-томир, саратон, қандли диабет ва сурункали ўпка касалликлари киради.

 

Маълумки, юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқарувчи омилларга нотўғри овқатланиш, жисмоний фаолликнинг пасайиши, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш сабаб бўлади.

Аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолллигини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 9 март куни республикада Юриш куни деб эълон қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шу куни барча даражадаги тиббиёт муассасаларида, шаҳар ва туманларнинг марказий ҳиёбонлари, маҳалла гузарларида оммавий юриш тадбирлари ўтказилди. Бунда тиббий ходимлар билан биргаликда, қатор идора ва ташкилотлар вакиллари, турли ёшдаги уюшмаган аҳоли оммавий юришга жалб қилинди. Оммавий тадбир ўтказиш жойларида, маҳаллаларда юришнинг инсон организмига ижобий таъсири тўғрисида мутахассисларнинг суҳбатлари ташкил этилди.

Мутахассислар фикрига кўра, оддий юриш (ҳафтасига камида 8 километр юрганда) юрак қон-томир касалликлари хавфини 31 фоизга ва ўлим хавфини 32 фоизга қисқартиради.  Юриш кўкрак бези саратони ва икки турдаги қандли диабет касаллигига чалинишни камайтиради. Бундан ташқари, суяк ва мушакларни мустаҳкамлайди, артериал босимни, қонда холестерин миқдорини тушишига сабаб бўлади, уйқуни яхшилайди.

Ҳар бир қадам энергия сарфланиши, гормонлар ишлаб чиқилиши, мушаклардаги қон таъминотининг яхшиланиши эвазига уларнинг кислород билан бойиши кучаяди, натижада умумий ҳолат яхшиланади. Юрганда ҳар дақиқада 5 калория йўқотилади (ўтирганда 1 калория). Оғирлик қанча кўп бўлса, энергия шунча кўп сарфланади. Мисол учун, 72 килограм оғирликдаги инсон 1,5 километр юрганда 105 калория, 100 килограм оғирликдаги катта ёшдаги одам 135 калория  йўқотади ва соғлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни тизимли равишда давом эттиради. Жумладан, 16  март – Республикада юриш бўйича марафон, 23 март – “Қувноқ стартлар” мусобақаси ҳамда 30 март – Велосипедда сайр кунини ўтказиш режалаштирилган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech