17 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +17,4 °C

Тарихга кирадиган ташриф

Минскда Президент Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи бошланди. Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинади. Давлатимиз раҳбарининг Беларусь Республикасига ташрифи муносабати билан махсус ташкил этилган матбуот брифингида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва биринчи Ҳудудларнинг форуми натижалари бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санжар Валиев сўзлайди: 

– Ўзбекистон раҳбарининг Беларусга ушбу ташрифи давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар тарихида биринчиси бўлганига алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Шу кунларда Минскда биринчи марта парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар масъуллари, икки мамлакат ишбилармонлари иштирок этадиган Ҳудудлар форуми бўлиб ўтмоқда. Бу ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мулоқотлар учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади, унинг асосий мақсади - етакчи тармоқлар вакилларини бир доирага бирлаштириш, шу билан бирга, ҳар бир таркибий соҳада ўзаро манфаатдорлик муносабатларини мустаҳкамлашдир. Унда республикамиздан 400 делегат ва 80 дан ортиқ турли корхоналар иштирок этмоқда.  

Ўзбекистон раҳбарининг ташрифидан кўзланган асосий мақсад - савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан иборат. Биз учун дўстона Беларусь иқтисодиёти жадал ривожланиш билан ажралиб туради, унинг кўплаб соҳалари бизда улкан амалий қизиқиш уйғотмоқда. Уларда қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари соҳалари яхши даражага етган. Иқтисодиётнинг юқори технологияли сектори ривожланган, мамлакатда мураккаб тиббий ускуналар, радиоэлектрон қурилмалар ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга барча маҳсулотлар энг йирик халқаро компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот билан рақобатлаша олади, нархлари ҳам қиммат эмас. Биз, шерикларнинг тажрибасини ўрганиб, бу борада ўз салоҳиятимиздан ҳам фойдаланишимиз мумкин. Уларнинг чуқур кооперация режимида ҳамкорлик қилиш ҳамда биз билан технология ва ишланмаларни баҳам кўришга тайёрлиги ҳам жуда муҳимдир. Бугун ҳар бир мамлакат ҳам бу каби қадамни ташлай олмайди. Кучли саноат салоҳияти ва интеллектуал базани ҳам ҳисобга олиш лозим, ушбу давлат жуда кучли мудофаа ва саноат комплексига эга, бу ҳам алоҳида қизиқиш уйғотади. Яқинда илк бор бизда Ўзбекистон-Беларусь қўшма ўқув машқлари бўлиб ўтди.

Қўшма корхоналарнинг ташкил этилиши етарли даражада фаол. Бу музокараларда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалардан бири ҳисобланади. Яна бир муҳим жиҳат - фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик. Кўп сонли мутахассисларимиз Беларусда амалиёт ўтамоқда. Ушбу мамлакатнинг кўплаб олий таълим муассасалари халқаро майдонда ўз нуфузига эга бўлиб, айниқса, бизда талаб бўлган вилоятлар учун кадрлар тайёрлаш сифати бўйича жаҳон рейтингларига киритилган. Илмий-тадқиқот ишлари фаол олиб борилмоқда. СМТИ ҳам шунингдек, Беларусь стратегик тадқиқотлар институти билан ҳамкорлик шартномасини тузди. Қўшма ҳаракатларнинг ўсиш нуқталари ва истиқболларини аниқлаш имконини берадиган қатор қўшма лойиҳалар кўзда тутилган. Ишга етакчи экспертлар, олимлар жалб этилган.

Ўзаро савдо-сотиқни кучайтиришга қизиқиш бор. Ўзбекистон бозори жуда катта, биз кўплаб товарлар ва хизматларни жалб қила оламиз. Беларусь аҳолиси сони тўққиз миллиондан зиёдроқ. Бундай шароитларда, биз маҳсулот етказиб, у ерда ўз ўрнимизни топишимиз мумкин. Дўстона республикада «яшил йўлак» яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Лекин бу ерда техник жиҳатлар асосий ролни ўйнайди. Умид қиламизки, бу йўналишда ҳам тегишли келишувларга эришилади.

Ҳудудлар форумида биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига чиқариш мавзуси муҳокама қилинди. Транспорт коммуникациялари соҳасидаги сиёсатимиз Беларусь бизнесини ўзига жуда қизиқтириб қўйган. Биргаликда ишлаб чиқариш, маҳсулот ва хизматларни икки мамлакатга яқин бозорларга етказиб бериш имконияти мавжуд. Беларусь - бу биз учун Болтиқ денгизи портларига чиқиш имконини берадиган Шарқий Европанинг йирик транспорт йўллари туташган жойдир. Бу Европа Иттифоқига товарлар этказиб бериш учун қўшма корхоналар очиш имконини беради. Биз, ўз навбатида, шерикларимизга йирикликда қолишмайдиган Жанубий Осиё бозорларига дарвозаларни очишимиз мумкин.

Ўзбекистоннинг МДҲ эркин савдо зонасидан киришини ҳам унутмаслик керак. Унда бўлишимиз қўшни республикалар билан кўп томонлама муносабатларни ўрнатиш учун яхши шароит яратади. Биз Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар билан биргаликда лойиҳаларни амалга оширишимиз мумкин. Дарҳақиқат, бугун иқтисодиётлар бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган, кўп томонлама ҳамкорликсиз муваффақиятга эришиш қийин. Товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича самарали ишлайдиган занжирларни қуриш жуда муҳим. Келажакда бундай ўзаро ишончли муносабатларини ўрнатиш алоқаларни янада мустаҳкамлаши мумкин.

Ўзбекистон раҳбарининг биринчи расмий ташрифи катта стратегик аҳамиятга эга бўлиб, икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Имзолаш учун режалаштирилган ҳужжатлар сони 20 дан зиёд. Бу ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисида принципиал жиҳатдан муҳим ва узоқ муддатли шартномалар тузишни назарда тутувчи йирик битимлардир. Ҳудудларнинг биринчи форумида уларнинг 25 тадан кўпроғи расмийлаштирилган, 20 га яқинини келгусида ишлаб чиқиш кутмоқда.

2018 йил якунлари бўйича товар айланмаси 420 миллион долларни ташкил этди. Беларусь Президентининг Ўзбекистонга ташрифидан буён кўрсаткичлар икки баробар ошди ва ушбу динамика сақланиб қолмоқда. 2019 йилнинг олти ойи якунлари бўйича ўсиш 14,6 фоизни ташкил этди. Давлатимиз раҳбарининг Минскка ташрифидан сўнг бу рақамларнинг янада ошиши кутилмоқда. Икки мамлакат раҳбарлари миллиард долларлик кўрсаткични белгиладилар. Бу чуқур кооперацияни, бошланган лойиҳаларни амалга ошириш ва янгиларига асос солишни талаб қиладиган, бемалол уддаласа бўладиган кўрсаткичдир.

Евгения Юн

ёзиб олди.

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 1 августдаги 153-сонида «Визит, который войдет в историю» сарлавҳаси остида нашр қилинган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech