18 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,3 °C

Саломатлик
5 Фев  2019 857

Витаминлар нима эканини биламизми?

“Витамин” деган сўзни тез-тез ишлатамиз. Оддийгина қабул қиламиз. У лотинча “вита” – “ҳаёт” ва инглизча “амине” – “азотли бирикма” сўзларидан олинган.

Витаминни ўзбекчасига “дармондори” дейиш мумкин. У тирик организмлар, жумладан, одамнинг яшаши ва танада моддалар алмашинуви учун ниҳоятда зарур бўлган органик бирикмадир. Еяётган овқатимизда витамин етишмаса, гиповитаминоз, мутлақо бўлмаса, авитаминоз юзага келади.

 Дармондориларнинг асосий манбаи ўсимликлар ҳисобланади . Витамин ҳосил бўлишида микроорганизмлар ҳам катта аҳамиятга эга. Ўсимликлар ўзлари учун ўзлари витамин ишлаб чиқара олади. Одам эса дармондориларнинг асосий қисмини озиқ-овқатлардан ўзлаштиради. Витамин етишмаслиги турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин.

 А витамини етишмаслиги шабкўрликка олиб боради. Ҳозир 15га яқин витамин тури аниқланган. Дастлаб дармондориларга алифбо ҳарфлари билан ном берилган. Кейинчалик уларнинг кимёвий тузилишига кўра халқаро стандартлашган номлар берилган . Витаминлар сувда эрийдиган, ёғда эрийдиган ва витаминсимон бирикмаларга ажратилади. Ҳайвон ёғлари ва ўсимлик мойлари таркибида учрайдиган А, D, Е ва К каби ёғда эрийдиган айрим витаминлар танада ойлаб туриши мумкин. Сувда эрийдиган С витамини ва B гуруҳ витаминлари яшил япроқлар, мевалар ва ёрмалар таркибида бўлади. Одам уларни ҳар куни қабул қилиши керак. Фақатгина D ва K витаминларини одам танаси мустақил ишлаб чиқара олади. D витамини болаларда суяк ўсиши учун жуда зарур. Бу дармондорини қуёш тушиши таъсирида тери ишлаб чиқаради. С витамини омма орасида “аскорбин кислотаси” сифатида машҳур. У танамизга инфекциялар билан курашишда ёрдам беради.  

Инсон соғлом бўлиши учун дармондориларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиши, ёки тайёр витаминлардан фойдаланиши лозим. Шундагина организм  ўзига керакли озуқани олади.

Меҳрангиз Усмонова

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech