16 Февраль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,7 °C

Суҳбат
18 Дек  2018 473

Абдуллажонни тутолмай йиғлаган генерал

Юздан зиёд ролларни маромига етказиб ижро этганига қарамай, у барибир режиссёр сифатида таниқли. Владимир Валентиновичнинг «Ўйин», «Муҳаббат ва каптарлар», «Ширли-мирли» ва «Оскар» мукофотига тақдим этилган «Москва кўз ёшларга ишонмайди» фильмлари бизга ҳам яхши таниш. Мамлакатимиз пойтахтида ўтказилган «PROlogue» кинофестивали доирасида ўтказилган ижодий кечада халқ артисти, Россия давлат мукофоти лауреати Владимир Меньшов ўз ҳаёт йўли, кечаги ва бугунги кинематография, ҳамкасблари ва бошқа кўп нарсалар ҳақида сўзлади.

- Фахрий меҳмони сифатида фестиваль ҳақида фикрларингиз қандай?

- Ўта муҳим ва жиддий ҳодиса ҳисобланган Тошкент халқаро кинофестивалини эслайман. Ўзбекистоннинг бугун ҳам санъатимизни қўллаб-қувватлаётгани жуда ажойиб. Агар ташкилотчилар яхши кинони қидириб топа олишса, зўр иш бўларди.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Шарқ кучайиб бормоқда. Яқинда Пхеньянда  ғаройиб фильмлар олиб келинган кинофестивалда иштирок этиб қайтдим. Ўшандаёқ бозорни Хитой эгаллаб бормоқда, деган хулосага келгандим. Улар америкаликлардан тажриба ўрганиб, энди буни намойиш этишмоқда. Дарвоқе, мамлакатларимиз ҳам уларнинг тажрибасига эътибор қаратиши мумкин.

- Сиз ҳақингизда, кўринмас деворларни бузган, рус тилидаги киноларни Ғарбга очган  киши, дейишади. Буни қандай уддаладингиз ва ҳаммаси қандай бошланган?

- Ижодимни бунчалик завқ билан баҳоламайман. Яхши кинолар ҳамиша бўлган ва ўз киноасаримни улардан мўлжал олиб, суратга олганман. 1930 йилги кинематогарфия, айниқса, кучли. Ажойиб ва ақлли фуқаролик комедия жанридаги фильмлар. Айримларига одамлар ёпирилиб кирарди. Уларни яратганларнинг кўпчилиги миллатнинг қалбидан жой олган.

Григорий Александров комедиядан комедияга ўсиб борди, унинг ишларини томоша қилганда киши ўзини кулгидан тўхтата олмайди. Профессионал ўсиш эса, 1950 йиллар тўлқинларига тўғри келди. Бу даврда кинозаллар дунёга ягона дарча вазифасини ўтаган. Телевизорни ҳаммаям харид қила олмасди, кун бўйи радио тинглашарди ва киноларга худди байрамга кетаётгандек боришарди. Менга яна италянча нореализм катта таъсир кўрсатган. Уларда вайронагарчиликлар кўрсатиларди, аммо шундай ракурс ва дид билан намойиш этилардики, қанча тушсангиз ҳам яна ва яна кўргингиз келаверарди.

Ўз киноларимни суратга олгунча ана шундай тажрибаларга эга бўлиб улгургандим. Бирон нимани очиб ташлаш умуман хаёлимга ҳам келмасди, аммо қизиғи, айнан ана шу иш учун кўп «пўстагимни» қоқишарди. Кейин эса мўъжиза юз берди, дейиш мумкин. «Москва кўз ёшларга ишонмайди» картинасини томошабин жуда яхши кутиб олди ва «Оскар»га тақдим этилди.  Ўшанда «Хорижий тилдаги энг яхши фильм» номинациясига бешта фильм тақдим этилганди. Ёш ва ҳали биров танимайдиган мен билан бирга Акира Куросава, Франсуа Трюффо, Карлос Саура, Иштван Саболар ҳам бор эди... Табиийки, ҳамма улар орасида менинг ҳеч қандай имкониятим йўқ, деб ҳисобларди. Ҳатто, мени Америкага ҳам жўнатишмаган.

Тақдирлаш маросими эса, 30 мартда бўлиб ўтиши керак эди. Ҳамма шунга радио ва телевизорларини созлашга уринарди. Аммо эрталаб Рейганга суиқасд уюштирилгани сабабли тадбирни бир кун кейинга суришгани маълум бўлди. Тақдирлаш маросими 31 мартда бўлиб ўтди, аммо вақтдаги фарқ сабабли бизда 1 апрель бошланганди. Кейин табрик қўнғироқларидан гўшак синиб кетай деди. Аммо мен буни ҳазил, ҳазил бўлганда ҳам аҳмоқона ҳазил, дея қабул қилардим.

- Жуда кўп омадли картиналарни суратга олгансиз, уларнинг давомини суратга олиш ҳақида ҳеч ўйлаганмисиз?

- Бошидаёқ айтай, шундай таклифлар бўлган. Аммо шахсан ўзим бундай ғояларга салбий муносабатдаман. Ўзингиз ўйланг, янгича яна нима ҳам бериш мумкин? Масалан, фильм ҳақида китоб ёзган сцераний муаллифи Валентин Черних билан ҳуқуқларимиз алоҳида-алоҳида бўлган «Москва кўз ёшларга ишонмайди»ни олайлик. Очиғи, ўша китобни ўзим ҳали ўқиб чиққаним йўқ. Бу тарихнинг барини томошабин билади, унинг қаҳрамонларини яхши кўради, унинг давомини суратга олиш эса юқоридаги самарани ўлдиради, холос. Бунга исботлар жуда кўп. «Тақдир ҳазили ёки қушдай енгил бўлинг»ни бир эсланг. Аслида картина тугалланган. «Сени шунчалик узоқ кутганманки» жумласи янграйди ва титрлар пайдо бўлади. Кинонинг асл мазмуни шундай бўлиши керак эди. Кейин-чи? Балки ярим йилдан сўнг улар ажрашиб кетишгандир, аммо фильм бошқа нарса ҳақида. Бундай пайтда Толстойнинг «бахтли якун – ўқувчини алдашдир», деган гапини эсга олиш ўринли. Аслида тўйдан сўнггина барча муаммолар бошланади.

- Ёш режиссёрларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

- Ўзим Бутунроссия давлат кинематография институти (БДКИ) ва Сценарийнавислар ва режиссёрлар олий курси (СРОК)да дарс бераман. Аммо ҳалига қадар бирор омад формуласини топганим йўқ. Йиллар ўтиб, ҳамма нарсага, ҳатто, актёрларни танлашга ҳам оддий омилларга таяна бошлаяпман. Яъни ҳеч нима билмаслигимни биляпман. Ўйин ёки картинани кўрсам, у жойи ундай бўпти, бу жойи бундай бўлиши керак эди, дея оламан, холос. Қандай суратга олиш, ижро этиш ёки артистларни танлаш маслаларини қандайдир умумлаштиришнинг шунчаки имкони йўқ.

Бунда кучли амалиёт ва яхши маълумот олган бўлиш зарур. Театрларга боришни ҳаммага тавсия қилган бўлардим. Театр санъати шаклан ижодда анча топқирроқ. Бу маданиятни ҳам ўстиради ва изланишга туртки беради.

Умидсизликка берилмаслик керак. Ҳар бир курсимизда ёрқин, ўз сўзини айтадиган, жўшқин инсонлар кўп. Сезилмай, одамлар кўзига ташланмай, четда туриб ишлайдиганлари ҳам учрайди. Кўпинча иккинчилари шунақа «отиб» қолишадики.

- Ҳозир фильмларда компьютер технологияларидан фойдаланилмоқда. Бунга муносабатингиз қандай?

- Бунга бизнинг авлод вакиллари кўникиши қийин. Бундан 20 йилча муқаддам янги оқимларга қўшилиб, сингиб кетиш мумкин эди. Ўзим ҳам бунга улгурмасам керак, деб ўйлайман, аммо технология борасида анча илғор бўлган «Тунги дозор»да суратга тушдим. Кейин суратга олинган материални катта қизиқиш билан томоша қилганман, техник ишловдан сўнг натижаларни умуман таниб бўлмас экан.

Техниканинг бундай кенг имкониятлари эртакларни суратга олишда жуда қўл келиши мумкин. Соҳанинг, замон талабларининг ўзгариб туриши тушунарли ҳолат. Лекин бу мен кириб келган ва жондан ортиқ кўрган кино санъати эмас. Инсоний муносабатлар ривожланиб борадиган, жиддий ижтимоий оҳанглар сингдирилган фильмларни яхши кўраман.

- Сиз камера ортида ва олдида туриб ҳам кам сонли ўзини омадли намойиш эта олганлар тоифасидансиз. Ўзингизга қай бири маъқул: режиссёрлик қилишми ё суратга тушиш?

- Риторик савол бўлди ва унга жавобим бор, албатта. Режиссёрлик касби – бутун умрингга татийдиган ажойиб оғудир. Ким суратга ола бошлаган бўлса, актёрликка тўлақонли қайта олмайди. Кўпчилик бунга уриниб кўради, албатта, аммо ортга йўл йўқ. Яна бир томони бирор жойда суратга тушиш учун ўзингга роса «ўт қалашинг» керак, яна сценарий ҳам кўнглингга ўтириши лозим.

Режиссёр жуда катта ишни амалга оширади. Яъни сценарийнависга мослашиши, барчанинг саволига жавоб бериши, ҳаммасини назорат қилиб туриши лозим. Актёрга осонроқ, у фақат ижро этадиган роли учун масъул.

- Ишларингизда ўз шахсий ҳаётингиздан олинган сюжетлар ҳам борми?

- Режиссёр худди оператор, рассом, актёр каби фильмига ўзининг ҳам бир бўлагини жо этади. Лекин бирорта фильмимни қисман бўлса-да, автобиографик, деб айтолмайман. Бунинг учун етарли даражада журъатли эмасман.

Ҳаётда қизиқарли сюжетлар жуда кўп. Масалан, тўртинчи уринишдан сўнггина Москва бадиий академик театри (МБАТ)га кирганман. Бўш қолган пайтларда чилангар, денгизчи бўлиб ишлаганман. Ўшандаёқ кино менинг тақдирим эканини, шу соҳада ишламасам бўлмаслигини тушуниб етганман. Картиналаримга реал ҳаётдан фақат тажрибаларни кўчираман, холос.

- Ўзбекистонда олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Бу юртга яна келганимдан хурсандман. Дунёни, саёҳат қилишни яхши кўраман. Умрим ҳам болалигимдан кўпгина давлатлар билан боғланган. Бокуда туғилганман, уруш пайтида Эронда яшаганман, кейин Астраханда. Шажарамиз илдизларига ҳали чуқур кириб борганим йўқ, аммо танамда шарқ қони ҳам оқаётганига ишонаман.

Ўзбекистонда истеъдодли инсонлар жуда кўп, қанча ажойиб дўстларим бор. Санъатингиз ва ижодий ҳаётингиз ҳақида янаям кўпроқ билишни истардим. Бунинг маданий тажриба алмашувисиз сира иложи йўқ.

Сабина Алимова

ёзиб олди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech