29 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,3 °C

Энергетика
19 Фев  2020 1901

Венгрия юртимизда АЭС қурилишини қўллаб-қувватлайди

2020 йил 18 февралда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида Венгриянинг ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Пьер Сийярто бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказилди.

Тадбирда Венгриянинг Ўзбекистон Республикасидаги Элчиси Петер Санто ҳам иштирок этди.

Бунда томонлар Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика комплексига оид истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилди.

Ўтган йили юртимизда атом энергетикаси объектлари қурилишини молиялаш ва қонунчилик базасини яратиш масалалари қаторида «Ўзатом» агентлиги ҳамда Венгрия атом энергетикаси регулятори томонидан Россияда ишлаб чиқарилган ВВЭР-1200 реакторли иккита энергоблок негизида «Пакш-2» АЭС қурилиши тажрибаси ўрганилган.

Қайд этиш керакки, фаолият юритаётган «Пакш» АЭС ЕИ аъзолари ўртасида энг тез ривожланаётган иқтисодиётга эга бўлган Венгрия электр энергиясининг тахминан 40 фоизини ишлаб чиқаради.

Тадбирда Венгрия томони ядро энергетикаси, шунингдек табиий газ етказиб бериш масалаларига эътибор қаратди. Қайд этилганидек, Венгрия Иқлим бўйича Париж битимининг аъзоси сифатида, атом энергетикасисиз атмосферага зарарли чиқариш кўрсаткичларини камайтиришга эришиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

Венгрияда АЭС қурилиши ҳақидаги қарор иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган. Зеро, атом энергияси барқарор ва рақобатбардош қийматга эга, бу эса иқтисодиётнинг узоқ муддатли ривожланишини режалаштиришга муҳим роль ўйнади.

Ўзбекистоннинг ўз ҳудудида ядро энергетикасини ривожлантириш борасидаги танлови ниҳоятда тўғри эканлиги Венгриялик меҳмонлар  томонидан алоҳида таъкидланди.

Музокаралар якуни бўйича томонлар умуман, тинч атомдан фойдаланиш, ва хусусан Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида ўзаро келишувга эришди.

Венгрия томони Ўзбекистон учун ажратиладиган стипендиялар доирасида атом энергетикаси бўйича мутахассисларни ўқишга юбориш ҳақидаги таклифни кўриб чиқиш фикрини илгари сурди. Бунда Будапешт техника университетидаги яхши таълим дастури ва «Пакш» АЭС да амалиётни ўтказиш имконияти қайд қилинди.

Венгрия делегацияси май ойида Тошкентда энергетика соҳасидаги муҳим анжуман — анъанавий «Power Uzbekistan 2020» кўргазма-конференциясига таклиф этилди, дея хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech