16 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +6,9 °C

Ижтимоий ҳаёт
30 Июл  2019 811

Вазирлар ҳам энди уйма-уй юриб, аҳоли муаммосини ҳал этиши белгиланди

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида эндиликда Халқ қабулхоналари ва секторлар раҳбарларининг аҳоли муаммолари билан ишлаши янги стратегия ва тизим асосида ташкил этилмоқда.

Бунда аҳоли билан мулоқот янгича ёндашув – давлат идораларининг бевосита биринчи раҳбарлари энг оғир, энг чекка, энг олис ҳудудларга чиққан ҳолда, маҳаллама-маҳалла, қишлоқма-қишлоқ, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш асосида ташкил этишга киришилди.

Дастлаб Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги “Маданият ва истироҳат боғи”да ташкил қилинган оммавий қабулда Президент Администрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Президентимизнинг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхоналари масъуллари, вилоятдаги секторлар раҳбарлари мурожаатчиларни қабул қилиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим излади.

Оммавий қабулларни кузатар эканмиз, давлат солиқ қўмитаси раиси, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазирлари қабулида узундан узоқ навбатлар ҳосил бўлганини кўрдик. Бу ўз ўзидан мурожаатларнинг асосий қисми айнан мазкур йўналишларга тегишли эканидан далолат беради.  Қўшилган қиймат солиғи, ўзгарган солиқ ставкалари, тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар, шу ва шу каби вазиятларда тушунмовчиликларга дуч келаётган фуқаролар Давлат солиқ қўмитаси раиси билан бевосида мулоқотда бўлишди.

Оммавий қабулдаги аҳоли саломатлиги билан боғлиқ мурожаатларнинг асосий қисми тиббиёт муассасаларида даволаниш йўлланмаларини олишдаги муаммолар билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, паспорт-виза, ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоятлар, собиқ ички ишлар органлари ходимларини ишга қайта тиклаш ва ички ишлар органларига ишга кириш, ижтимоий-ҳуқуқий ҳамда маиший масалаларига оид мурожаатлар Ички ишлар вазири қабулида муҳокама этилди.

Қабул жараёнида аниқланган муаммоларни жойида ечиш чоралари кўрилиб, ҳал этилиши вақт талаб этадиган ҳолатлардагина аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олиниб, бу ҳақда аҳоли билан зарур тушунтириш ишлари олиб борилди.

Оҳангарон шаҳридаги “Маданият ва истироҳат боғи”да ташкил қилинган оммавий қабулдан сўнг аҳоли муаммоларини ўрганишда секторлар раҳбарлари Оҳангароннинг энг узоқ-олис, чекка ҳудудларига бўлиниб, бевосита жойларга чиқиб, қабуллар ўтказди. “Телов” маҳалла фуқаролар йиғини Оҳангарон шаҳридан қарийб 30 км узоқда жойлашган. Бош прокурор ва вилоят прокурори мазкур ҳудудда аҳоли билан юзма юз, очиқ мулоқот ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Оҳангарон туманининг энг чекка қишлоқларидан бири – Гулободда оммавий қабул ўтказди.

Аҳоли қишлоқда мактабгача таълим муассасаси йўқлигидан қийналади. Айни вақтда бу ҳудудда 187 нафар боғча ёшидаги болалар мавжуд. Улар мактабгача таълимга қамраб олинса, 150 дан ортиқ аёллар ўз меҳнат фаолиятларини давом эттиришлари мумкин.

Оҳангарон туманининг Шодмалик маҳалласида Олий суд раисининг сайёр қабули бўлиб ўтди. Суд-ҳуқуқ тизимига оид 20дан ортиқ мурожаатлар юзасидан назорат ўрнатилиши қайд этилди ва 21 та мурожаат бўйича асослантирилган ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Тошкент вилоятида ўтказилган оммавий қабулларда суд-ҳуқуқ масалаларида ҳам қатор мурожаатлар бўлган эди. Мазкур мурожаатларни ўрганиб чиқилиши натижасида Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар суди  12 нафар маҳкумни суд залидан озод қилиш бўйича қарор қабул қилди. Президент Халқ қабулхоналарига мурожаатлари натижасида ўз ҳаётини ўнглаб олиши учун яна бир бор имкон берилган бу инсонлар ва оила аъзоларининг  ҳаётга, яшашга бўлган ишончлари янада мустаҳкам бўлди.

Оҳангарон шаҳрида ўтказилган оммавий қабулда 427 та мурожаат келиб тушди. Бундан Олий судга 152 мурожаат, Бош прокуратурага - 105 та, Ички ишлар вазирлигига - 67 та, Адлия вазирлигига - 26 та, Соғлиқни сақлаш вазирлигига - 23 та, Бандликка кўмаклашиш марказига - 16 та, Давлат солиқ қўмитасига - 14 та, Ер ресурлари кадастр қўмитасига - 13 та, Марказий банкка - 11 та масала келиб тушди.

Бундан ташқари, қишлоқма-қишлоқ юриб ўтказилган қабуллар жараёнида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Телов қишлоғида 32 фуқарони қабул қилиб, улар кўтарган масалалардан 20 тасини жойида ҳал этди.

Ички ишлар вазири, Олий суд раиси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Шодмалик қишоғида 35 нафар, “Гулобод” қишлоғида 29 нафар фуқароларни қабул қилиб, жами келиб тушган 42 та масалани жойида ҳал қилди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси ва Соғлиқни сақлаш вазири Марказий қўрғон ҳудуди “Увак” қишлоғида 29 нафар фуқаронинг мурожаатини кўриб чиқиб,  уларда кўтарилган 30 дан зиёд масаланинг 15 тасини жойида қаноатлантирди.

Судлар томонидан Оҳангарон шаҳри маҳаллалари ва қишлоқларида ўтказилган оммавий қабуллар натижасида 95 нафар фуқаро суд залидан озод қилинди, 10 нафар жазо ўтаётган шахснинг жазосини енгилроғига алмаштирилиб, жазони ўташ жойларидан озод қилинди. 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech