27 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,5 °C

Спорт
20 Мая  2019 531

Вадим Абрамов Тошкент дербиси ҳақида қандай фикрда

Ўзбекистон Супер Лигасининг  9-туридан ўрин олган “Локомотив” ва “Бунёдкор” ўртасидаги Тошкент дербисида ҳисоб очилмади. Аммо ҳакам “Бунёдкор” клуби урган голни инобатга олганда  вазият бошқача бўлиши ҳам мумкин эди, деган фикр кўпчиликнинг кўнглидан ўтгани рост. Ушбу вазият ва ўйин ҳақида “Бунёдкор” бош мураббийи Вадим Абрамов билан қисқача суҳбатлашдик.

– Шу кунга қадар ўзингиз иштирок этган матбуот-анжуманларида ҳакамларнинг ишини ёмонламагансиз. Лекин 18 майда бўлиб ўтган учрашувдаги ҳакамларнинг ишига қандай изоҳ берасиз?

– Ҳакамлар майдонда ўз ишини қўлдан келгунча бажаришди. Менимча бу гал омадимиз келмади ва учрашувни назорат қиладиган арбитр ҳам хато қилган бўлиши мумкин. Ҳар бир одам хато қилиши мумкин. Лекин буни “сотилган учрашув” деб бўлмайди. Афсус, бу галги хато “Локомотив” фойдасига бўлди.

– Демак ўтган учрашувда сиз ҳакамларнинг “Локомотив” клубига ён босганини кўрмадингиз?

– Йўқ, кўрмадим. Яна бир маротаба қайтараман ҳакамлар ҳам одам. Футболда эса бу каби ҳолатлар тез-тез учраб туради. Буни тўғри қабул қилиб ўз устимизда ишлашни давом этишимиз лозим.

Ўз карьерангиз давомида, сотилган учрашувларда қатнашганмисиз?

 – Нима дейишни ҳам билмайман... Ҳозир бу ҳақда ўйлаш менимча, нотўғри. Чунки ўтмишда бўлган воқеаларни эслашдан фойда йўқ. Ҳозир битта йўл бор, фақат олдинга қараб, қўрқувсиз қадам босиш керак.

Умид қиламанки, бу ҳолат такрорланмайди.

– Супер Лига жамоалари орасида энг ёш жамоа  “Бунёдкор” ўз олдига қандай мақсадларни қўйган?

– Бизнинг вазифамиз, ҳар ҳафта майдонга тушиб, чиройли футбол кўрсатиш орқали барчага қўлимиздан анча нарса келишини намойиш этиш. Бунинг учун ҳар куни машғулотларда бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз зарур. Агар жамоа яхши ўйин кўрсатса, бу клубнинг мухлислари сони кўпайишига олиб келади.  Мақсадимиз эса, ҳар сафар майдонга тушганда, рақибни мағлуб этиш. Ана ўшанда ҳаммаси яхши бўлади.

Мансур ЯҲЁЕВ суҳбатлашди

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech