01 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,8 °C

Саноат
4 Мар  2020 4004

 «Жиззах» ЭИЗда «Volkswagen» автомобили ишлаб чиқарилади

«Ўзавтосаноат» АЖ ва «Фольксваген Груп Рус» компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.

Унга кўра «Жиззах» ЭИЗда йилига 20 000 дона автомобиль  ишлаб чиқариш қувватига эга завод барпо этилиб, у ерда енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш жорий этилади.

Лойиҳа «Ўзавтосаноат» АЖнинг маҳаллий корхоналари базасида,  «Volkswagen» концерни ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади

«Ўзавтосаноат» АЖ ва «Фольксваген Груп Рус» компанияси ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаш жараёнида  «Жиззах» ЭИЗда «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек ишлаб чиқарилган техникани сотиш тизимини йўлга қўйишга келишиб олинди. Завод «Volkswagen» концернининг йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган бир неча моделдаги енгил тижорат автомобилларини тўлиқ саноат цикли бўйича ишлаб чиқаришга ихтисослашади.

Келишилган битимга кўра, «Фольксваген Груп Рус» янги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини тақдим этади, шунингдек ходимларни ўқитишни амалга оширади. Завод «Volkswagen» концернининг ишлаб чиқариш, сифат, харидлар, етказиб бериш ва сотув тизимлари бошқаруви борасидаги замонавий стандартларига мувофиқ иш юритиш вазифасини зиммасига олади. Шунингдек, корхона режаларига маҳаллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини (бугунги кунда улар «Ўзавтосаноат» АЖга тегишли 30 та йирик завод ва 160 дан зиёд ўрта ҳамда кичик корхоналардан иборат) жалб қилиш орқали муайян маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш ҳам киради.

Битим доирасида томонлар ҳамкорликни 2020 йилда «Volkswagen Caddy» моделини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бошлашга келишиб олдилар.

У иккита модификацияда таклиф этилади: 7 ўринли йўловчи универсали ва юк фургони. Ушбу модель ҳам тижорат, ҳам оилавий фойдаланишга мўлжалланган. Автомобиль қуввати 110 от кучи ва ҳажми 1,6 литрли тежамкор бензинли двигатель билан жиҳозланади. Шаҳар цикли режимида ёқилғи сарфи 100 километрга 9,3 литр, трассада – 100 километрга 6,1 литрга тўғри келади.

Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида келажакда «Volkswagen Group» концернининг кенг моделлар қаторидан бошқа намуналарни ҳам ишлаб чиқариш ва келтириш имконияти кўриб чиқилади, деб хабар беради «UzAuto Motors» компанияси матбуот хизмати.

Маълумот учун: «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти1994 йил 17 мартда таъсис этилган. Ҳозирда жамият 85 та йирик ва ўрта корхона ҳамда компанияларни бирлаштиради, улар сирасига Жанубий Корея, Туркия, Италия, Германия, Нидерландия, АҚШ ва МДҲ мамлакатлари компаниялари хорижий капитали ва технологиялари иштирокидаги корхоналар ҳам киради. «Ўзавтосаноат» АЖ нинг асосий ишлаб чиқариш компаниялари: «UzAvto Motors» ОАЖ, «Uz Track & Bus Motors» ҚК МЧЖ, «SamaAvto» ҚК МЧЖ . «Ўзавтосаноат» корхоналари Chevrolet, Ravon, MAN, Isuzu, Kamaz ва Sinotruck брендлари остида етакчи хорижий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Акциядорлик жамияти фаолиятининг асосий йўналиши енгил автомобиллар, автобуслар, юк автомобиллари ва бутловчи деталлар ишлаб чиқариш саналади. Ходимлар умумий сони 27 мингдан зиёд, уларнинг 5 мингдан ортиғи дунёдаги етакчи саноат компанияларида таҳсил олган.

«ФОЛЬКСВАГЕН Груп Рус» «Volkswagen AG» концернининг шўъба корхонаси бўлиб, Россия бозорида концерннинг еттита русуми фаолиятини бирлаштириб туради: Volkswagen — енгил автомобиллар, Audi, ŠKODA, Bentley, Lamborghini, Ducati ва Volkswagen Тижорат автомобиллар. 2019 йилда  «ФОЛЬКСВАГЕН Груп Рус»нинг Россия бозоридаги сотувлар ҳажми 233 600 дона автомобилни ташкил этган.

 «Volkswagen AG» концернининг Бош қароргоҳи Вольфсбург (Германия)да жойлашган бўлиб, у дунёда етакчи ва Европадаги энг йирик автоишлаб чиқарувчилардан бири саналади. 2019 йилда бутун дунёдаги харидорларга 10 974 600 дона автомобиль тақдим этилган (2018 йилда – 10 834 000 дона) Концерн таркибига еттита Европа мамлакатидаги ўн иккита бренд киради: Volkswagen — енгил автомобиллар, Audi, Seat, ŠKODA, Bentley, Bugatti, Lamborghini, Porsche, Ducati, Volkswagen Тижорат автомобиллар, Scania и MAN. Volkswagen концерни Европадаги 20 та мамлакатда ва Шимолий ҳамда Жанубий Америка, Осиё ва Африкадаги 11 та мамлакатда 123 та заводга эга.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech