15 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент -0,4 °C

Энергетика
24 Сен  2019 1044

Ғиждувонда шамол электр станцияси қурилади

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида Хитойнинг “Лиоанинг Лиде” корпорацияси билан ҳамкорликда шамол электр станциясини қуриш борасидаги лойиҳани амалга ошириш доирасида шамол кучини ўлчашга мўлжалланган мачтани ўрнатиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1,8 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, ишлаб чиқариш қуввати 1,5 минг МВтга тенг. Ҳокимлик томонидан 6 минг га. ер ажратиб берилди. Лойиҳанинг 3 босқичда амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Биринчи босқичда 200 МВт қувватли электр станциясини қуриш учун 240 млн. доллар қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни жалб қилиш белгиланган.

Маросимда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, “Лиоанинг Лиде” президенти Чжан Юлиан, Ўзбекистоннинг алоқадор вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими ўз нутқида алоқадор идоралар раҳбарларига, жумладан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг Хитойдаги Элчихонасига “Лиоанинг Лиде” корпорацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мазкур лойиҳани амалга оширишда фаол кўмаклашгани учун миннатдорчилик изҳор этди.

Хитойнинг “Лиоанинг Лиде” корпорацияси президенти Чжан Юлиан ўз компаниясининг келажакда ҳам илғор халқаро тажриба ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида йирик инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш ва амалга ошириш учун интилишини билдирди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech