04 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32,4 °C

Фикр
24 Апр  2020 264

Узоқни ўйлаб қўйилган катта қадам

Гўзаллик оламни қутқаради, дейишади. Санъат эса гўзаллик яратади. Шу маънода унинг ажиб бир вазифаси бор: гўзаллик яратиш орқали инсонларни поклаш, бу орқали заминни тозартириш. Дунёни коронавирус пандемияси оғир бир шароитга тушуриб қўйган айни кунларда Президентимиз томонидан имзоланган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор нафақат тарихий, шу билан бирга, ўз даврида чиқарилгани билан аҳамиятли. Санъатнинг энг қадимий турлари ривожига туртки бериш заруриятидан келиб чиқиб яратилган ушбу қарор қатор йиллар давомида соҳада тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган. Унда соҳани ривожлантириш, мутахассис кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгиланган.

Таъкидлаш керакки, ушбу қарор буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги нишонланадиган йили қабул қилинганида ҳам ўзига хос маъно бор. Шарқ миниатюра санъатининг асосчиси Камолиддин Беҳзод номи ва у қолдирган бебаҳо мерос бугунги кунда дунёнинг закий, қалби нозик инсонларини завқлантириб келаётгани сир эмас. Ушбу аждодимиз номидаги хиёбонни замонавийлаштириш ва майдондаги ҳайкални абадийлаштириш ишлари, фикримизча, буюк аждодлар қолдирган меросдан фахрланиш ҳиссини шакллантиришда муносиб амалдир. Қолаверса, унинг номида стипендия таъсис этилиши нафақат аждодларга улкан эҳтиром, шу билан бирга, ёш авлодни асрий анъаналар руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларга муносиб бўлишдек эзгу ниятларга ҳамоҳангдир.

Бир нарса кундек равшан, қаерда рағбат бўлса, ўша ерда ўсиш бўлади. Шу маънода турли танлов ва конкурслар соҳа ривожига сабаб бўлиши шубҳасиз. Қарорга мувофиқ, миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови ва кўргазмалари ҳамда илмий-амалий конференциясининг ўтказилиши ҳам ёш ижодкорлар, шунингдек, санъатшунос-тадқиқотчилар ижодий ва илмий салоҳиятини ошириш, халқаро тажрибага эга бўлиши учун янги имкониятлар яратади.

Сўнгги даврда таълим тизимида кўплаб ўзгаришлар содир бўляпти. Айниқса, бу соҳада кадрлар малакасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар эътиборни тортади. Бироқ тан олиш лозимки, бадиий таълим йўналишидаги мутахассислар малакасини ошириш бошқа турдош институтларда амалга оширилаётгани кўплаб баҳс ва мунозараларга, соҳа мутахассислари эътирозларига сабаб бўлаётганди. Қарор асосида бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилиши соҳада етук мутахассис кадрлар салмоғи ҳамда таълим сифатининг ошишига сабаб бўлишига шубҳа йўқ. 

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти мамлакатимизда соҳадаги етакчи ва ягона олийгоҳ бўлиб, ушбу таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг узоқ йиллардан бери ушалмай келаётган орзуси талабларига жавоб берадиган бино эди. Қарорда институт асосий биноси ҳудудида қўшимча ўқув аудиториялари, замонавий ахборот-кутубхона, кўргазмалар галереясини ўз ичига қамраб олувчи ёрдамчи бинолар қурилиши, моддий-техник базасининг мустаҳкамланиши ўз-ўзидан кадрлар тайёрлаш сифати ва самарадорлиги оширишга хизмат қилади. Бу эса қалбларни шукуҳга тўлдиради, соҳа мутахассисларини янгича ишлашга ундайди.

Бугунги кунда барча таълим муассасалари каби ушбу институт талабаларига ҳам масофадан таълим бериляпти. Янги шароитда, янги инновацион услуб ва воситаларда. Қарор нафақат профессор-ўқитувчилар, шунингдек, талабаларни ҳам руҳлантиради, санъат аҳлини илҳомлантиради, янги ижодий чўққиларни эгаллашга чорлайди. Шу маънода айнан синовли кунларда мамлакатимиз Президентининг ижод аҳли, унинг ворисларини қўллаб-қувватловчи ушбу қарори узоқни ўйлаб қўйилган катта қадамдир

Дилфуза Раҳматуллаева,
ЎзФА Санъатшунослик институти директори ўринбосари,
санъатшунослик фанлари доктори, профессор

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech