22 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,3 °C

Мамлакатимизда
12 Мар  2019 3637

Уй дафтарини янгилаш кимнинг ташаббуси?

Ўтган ҳафта кечқурун уйга борсам, маҳалладан янги уй дафтари бериб кетишгани, аниқроғи 7 минг сўмга сотишганини айтишди. Бу нима учун экан, деб сўрасам, эски уй дафтарларини алмаштириш керак экан, дейишди.

 

Ҳайрон бўлдим, ахир уй-дафтари тегишли идоралардан берилар эди-ку. Кеча эрталаб ишга келаётганимда маҳаллага кириб, янги уй дафтарининг боисини сўрайман, десам ҳали ҳеч ким келмаган экан. Эски ва янги уй дафтарини аёлимга бериб, нима қилиш кераклигини маҳалла ёки ширкат ходимларидан сўраб кўришни айтдим.

Аввал ободонлаштириш бошқармасига бориб рўйхатдан ўтказиб, кейин тегишли ички ишлар бўлимига бориб, уйда яшовчиларни бошқатдан дафтарга киритиш кераклигини айтишибди.

Шу ишни эртароқ бажариб қўяй, деб бугун эрталаб Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармасига бордим. Янги дафтарга муҳр босиб, рўйхатдан ўтказиб беришди. Кейин Самарқанд шаҳридаги 5-ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматига мурожаат қилдим. Масъул ходимлар эски уй дафтари яроқли бўлса, уни янгилашга хожат йўқлиги ва эски дафтарларни янгисига алмаштириш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаганини билдиришди.

Ширкат раисига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирсам, бу ишдан хабари йўқлиги, маҳалладан сўраб кўришимни айтди. Шундан сўнг, маҳаллага боришимга тўғри келди.

– Уй дафтарини янгилаш керак эмас, эскиси яроқсиз бўлса, янгилашингиз мумкин, – деди котиба бепарвогина.

– Унда нега янги уй дафтари берилди, нега бу ҳақда айтилмади? – дедим асабийлашиб.

– Бунга бизнинг алоқамиз йўқ. Қайсидир босмахонами, нашриётми бу дафтарларни чиқариб, уйма-уй сотиб юрибди. Ҳалиям бизда 7 минг сўмдан сотишган, бошқа жойларда 10-11 минг сўм экан.

Ана холос, Самарқанддек катта бир шаҳарда кимдир уй дафтари чиқариб хоҳлаган нархида сотади-ю бунга ҳеч ким эътибор бермаса. Ахир шаҳар бедарвоза ёки эгасиз эмас-ку.

Умуман, уй дафтарини янгилаш кимнинг “ташаббуси” ва бундан муддао нима? Уй дафтарининг орқасида муҳри босилган Тошкент шаҳридаги “SAIDAZAMXON” масъулияти чекланган жамияти қандай ташкилот, унинг фаолият йўналиши қанақа?

Бу саволларга ким жавоб беради?

 

Ғ.ҲАСАНОВ.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech