21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,8 °C

Олимлар дейдики...
23 Июл  2019 960

Олимлар Окс Искандарияси топилганига исбот келтирадилар

Академик Эдвард Ртвеладзе бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар Сурхондарё вилоятида жойлашган Кампиртепа қишлоғининг Амударё (қадимда Окс) дарёсидаги машҳур порт-шаҳар Окс Искандарияси (у Окс бўйидаги Искандария ёки Оксдаги Искандария, деб ҳам номланади) эканини аниқладилар. Эрамиздан аввалги IV асрда асос солинган ушбу шаҳар эрамизнинг I асрига қадар мавжуд бўлган.

Олимларнинг бу шов-шувли кашфиёти илмий дунёда кучли акс-садога сабаб бўлди. Академик Э.Ртвеладзе бошчилигидаги олимларнинг ишлари натижалари илк бор 22-26 август кунлари «Ўзбекистон – йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» маданий мероси Ҳафталиги доирасида Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ўтказиладиган «Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси» археологик конференциясида эълон қилинади.

Шу муносабат билан «Севимли» телеканали медиа-марказида Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдухолиқов, Фанлар Академияси академиги Эдвард Ртвеладзелар иштирок этди.

«Бу Ўзбекистоннинг тарихий ва археологик илм-фанидаги ҳақиқий ютуғидир. Ушбу ажойиб янгилик ёшларимизда тарихимизга, бой маданий меросимизга қизиқиш уйғотишига ишонамиз», дейди матбуот анжуманида Азиз Абдуҳакимов. Қўшимча қилиб айтишича, ушбу ноёб жойни оммалаштириш, шунингдек, тарихий ёдгорликни ҳимоя қилиш борасида махсус дастур ишлаб чиқилади.

«Сайёҳларга ёдгорликни томоша қилиш янада қулайроқ бўлиши учун тегишли инфратузилмани яратиш режалаштирилган. Шунингдек, Окс Искандариясига бағишланган музей ҳам очилиши мумкин», дейди А.Абдуҳакимов.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги Эдвард Ртвеладзе шаҳарчада қазиш ишлари ва Окс Искандариясини аниқлаш жараёни ҳақида сўзлаб берди:

«Кампиртепа қишлоғи 1979 йилда Термиз шаҳридан Келифгача бўлган Амударё водийсидаги археологик ёдгорликларни тадқиқ этиш жараёнида очилган. Ўшанда чидаб бўлмас иссиқ эди. Топилма менда улкан таассурот уйғотди. Шаҳар кичик ва ихчам эди. Қадимги юнон ибодатхонаси, қалъа ичидаги ҳарбий иншоот, дарвозалар, Амударёга олиб тушадиган зинапоясимон йўлга тўқнаш келганмиз. Бу ерда юнон даврининг илк кулолчилиги буюмлари топилди», дейди Ртвеладзе.

Олимнинг қўшимча қилишича, у ўз фаразларида жуда эҳтиёткор, уларни исботлаш учун ўнлаб йиллар сарфлайди. Лекин бу сафар, Э. Ртвеладзенинг айтишича, қадимий юнон тарихчиси ва географи Птолемей асарларида тилга олинган ва Марказий Осиёдаги юнон маданиятининг ноёб ёдгорлиги эканига, Окс Искандарияси Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида жойлашганига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Бу кашфиётни, аввало, Окс бўйлаб ғарбдан шарққа 400 метрдан зиёд масофага чўзилган порт-шаҳарнинг ўлчамлари, шунингдек, кучли мустаҳкамланган қалъадан иборат ривожланган шаҳарсозлик тузилмаси – қалъа дарвозалари, кўчалар ва ибодатхоналар, қурбонликларни сақлайдиган жойлар, ғазна, қабристон ва маёқни ўз ичига олган бандаргоҳ, кемалар турадиган қўлтиқ ҳамда савдо нуқталари ва ҳунармандчилик (керамика) устахоналари жойлашган кемалар тўхтайдиган жой ҳам тасдиқлайди.

«Бу нафақат мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга хизмат қилади, балки ёшларни Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан қизиқтириш имконини берадиган жуда муҳим ва ноёб топилмадир», дейди Фирдавс Абдухолиқов.

«Ўзбекистон – йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» маданий мероси ҳафталигида илк бор Окс Искандарияси қадимий турар-жойни қайта тиклаш ва ушбу ажойиб археологик ёдгорликнинг асл қиёфаси билан батафсил танишиш имконини берадиган 3D форматда намойиш этилади.

Шунингдек, pocket book форматида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти томонидан «Окс Искандарияси (Кампиртепа)» ва «Кушонлар: сулола, халқ, ёзув» брошюралари чоп қилиниб, тақдим этилади».

Фото facebook.com/AbdukhakimovAziz

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech