20 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,9 °C

Таълим
25 Мар  2020 10061

«Карантин даврида дарс»: барчани ўйлантираётган саволларга 11 жавоб

Бугун, 25 мартда АОКА ҳузурида ташкил этилган штабда Халқ таълими вазирининг матбуот котиби Анвар Умаров иштирокида брифинг ўтказилди.

 

1. Ўқитувчиларнинг аттестациядан ўтиши онлайн бўлиб ўтадими?  

Республика Махсус комиссияси мажлис баёни ва Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, одамлар тўпланиши мумкин бўлган барча тадбирлар тўхтатилган, жумладан  педагог кадрлар аттестацияси жараёнлари ҳам қолдирилди. 

Аттестация жараёнлари онлайн шаклда ўтказилмайди.

Педагог кадрлар учун малака синовлари қачон ўтказилиши ҳақида Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси билан келишилган ҳолда  қўшимча хабар берилади.

2. Ўқитувчиларга ҳозирги берилган таътил ёзги таътилга қанчалик таъсир қилади, яъни ёзги таътил даври қисқарадими?  

Хабарингиз бор, республикамиздаги барча педагоглар жорий йилнинг 18 мартидан бошлаб ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқарилди.

Ушбу меҳнат таътили ўқитувчиларнинг ёзги даврда бериладиган меҳнат таътилининг бир қисми бўлиб, амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ расмийлаштирилади. Яъни ўқитувчилар ҳозирда олган таътил даврининг фойдаланилмаган қисмини ёзда давом эттиради. Бошқача айтганда, ёзги таътил даври мос равишда қисқаради. 

3. Ўқув йили одатдагидек 25 майда тугатиладими? 

Республика Махсус комиссияси қарорига асосан таътилнинг давомийлигига қараб ўқув жараёнларини давом этиши ёки этмаслиги ҳақида ўқувчилар ва ота-оналар хабардор қилинади.

Таътил вақтида белгиланган ўқув дастурлардаги билимлар телевизион дарслар орқали ўқувчиларга етказилади.

Бу дарсларни фақат ўқувчилар эмас, балки уларнинг ота-оналари ва яқинлари, барча педагоглар ҳам кузатиб бориши лозим бўлади. 

4. Болалар имтиҳонга мустақил тайёрланиши учун имтиҳон материлларини эълон қилиш мумкинми?

Якуний давлат аттестацияси ва босқичли имтиҳон материаллари ҳозирда Республика таълим маркази томонидан 5-11-синф ўқувчилари учун белгиланган фанлар кесимида тайёрланмоқда.

Назорат материаллари 2020 йил 1 апрелга қадар Халқ таълими вазирлигининг uzedu.uz расмий веб-сайти ва eduportal.uz ахборот таълим порталига жойлаштирилади. 

5. Дарслар тўхтатилди, ана энди дарслар бошлангандан кейин тўхтатилган дарслар жойидан давом эттириладими?   

Йўқ. Чунки дарслар тўхтатилган кун, яъни 16 мартдан 20 мартга қадар ўқув йилининг 3 чорак якунига тўғри келганлиги сабабли, бу даврда ўқув дастурига асосан аксарият мавзулар такрорлаш ёки ўтилган мавзуларни мустаҳкамлашга қаратилган. 

Шу боис карантин режими тугатилиб, дарслар бошлангандан кейин айнан тўхтатилган мавзудан бошлашга эҳтиёж қолмайди. Чунки ўқувчилар учун тайёрланаётган телевизион дарслар орқали ана шу бўшлиқ тўлдириб кетилмоқда.

6. Мактаб дарслари масофавий ва мустақил ўзлаштирилади, дейилди. Дарслар бошланганда шу дарслардан имтиҳонми ёки шунга ўхшаш бирор нарса бўладими? Ўзлаштирилганлиги қандай аниқланади?  

Телевизион дарсларни параллель равишда интернет тармоғида   вазирликнинг расмий веб-сайти Uzedu.uz, kundalik.com ҳамда онлайн мактаб электрон портали орқали кузатиб боришга имкон яратилади. 

Kundalik.com орқали ўқитувчилар ўқувчиларнинг видеодарслар орқали билим олишини назорат қилиб, баҳолаб боради.

7. Мен мактабда психолог бўлиб ишлайман. Лекин карантин вақтида мактабда администрация яъни директор, директор ўринбосарлари, психолог, Ёшлар иттифоқи, ишласин деган қарор чиқди. Лекин мени 3 нафар вояга етмаган фарзандларим бор. Директор ўз ҳисобингиздан таътилга чиқинг, деб айтди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги Фармонида белгилаб берилганидек, боғча ёки бошланғич синф ёшида бўлган фарзандларига уйда қараб туришлари учун лавозимидан қатъий назар меҳнат таътили берилади. Бунинг учун уларга барча шароитлар яратилиши шарт.

8. Карантин туфайли умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадасининг III вилоят босқичи қолдирилдими? Агар қолдирилган бўлса, қайси ой ўтказилиши режалаштирилмоқда?  

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Махсус комиссия қарори ва Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (23 март 2020 й 176-сонли) қарорига мувофиқ, барча тадбирлар, жумладан 23-28 март кунларига режалаштирилган фан олимпиадалари ҳам қолдирилди.

Таътил даври тугаганидан сўнг ўқув жараёнларига таъсир қилмаган ҳолда фан олимпиадалари ўтказилади. Бу ҳақда албатта ота-оналар ва ўқувчилар ҳамда педагоглар қўшимча равишда хабардор қилинади.

9. Хусусий мактабда ишлайман. Мактабнинг хорижлик раҳбари ишга келишни талаб қиляпти. Акс ҳолда ишдан бўшашим мумкинлигини айтмоқда. Шу тўғрими?  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сонли қарорига мувофиқ идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чораларини кўриш топширилган. 

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда умумтаълим муассасалари, шу жумладан, нодавлат таълим муассасаларида ҳам ўқитувчиларни меҳнат таътилига чиқариш ёки масофавий ишлаш режимига ўтказиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. 

10. Вилоят халқ таълими бошқармалари, шаҳар туман халқ таълими бўлими методистлари фаолиятини давом эттирадими улар ҳам меҳнат таътилига чиқадими? 

Ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари методистлари ва бошқа ходимлари қонунчиликка мувофиқ меҳнат таътилига чиқиши ёки иш фаолиятини масофадан ташкил этиши мумкин.

11. PISA 2021 халқаро тадқиқотлар бўйича жойларда ташкил этилган таянч мактаблар фаолияти карантин вақтида тўхтатиладими ёки давом эттириладими?    

Республикадаги барча таълим муассасалари қатори халқаро баҳолаш тадқиқотлар бўйича таянч мактаб этиб белгиланган таълим муассасалари фаолияти ҳам вақтинчалик тўхтатилган. 

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, телевизион дарслар   орқали тажрибали тренер ўқитувчилар халқаро баҳолаш тадқиқотларига оид маълумотларни ҳам бериб боради.  Ўқувчилар билан бир қаторда таянч мактабларда фаолият юритаётган ўқитувчиларга PISA 2021 халқаро тадқиқотларга  оид материаллар билан танишиб, билимларини бойитиб бориш имконияти яратилади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech