23 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,2 °C

Мамлакатимизда
7 Мая  2019 613

Буюк ғалаба ёдгорлиги

«Қардошлик мозори» хотира ёдгорлиги номи билан танилган - ҳарбий ёдгорлик мажмуаси пойтахтнинг унутилмас ва таъсирли жойларидан бири ҳисобланади. Бу ерда урушнинг даҳшатли йиллари, инсонийликни, муҳаббат ва келажакни ҳимоя қилишда ҳалок бўлган одамлар ҳақидаги хотиралар мужассам.

Мажмуа - ўз мамлакати, Ўзбекистонни бутун дунёга танитган ҳақиқий ватанпарварларнинг, Ватанимизнинг чинакам мард ўғлонлари жасорати рамзидир. Ҳар 9 май куни бу ерда ватандошлар ўзбекистонлик аскарларнинг мардлигига ҳурмат бажо келтириш учун йиғиладилар.

Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган 1,5 миллион ватандошларимиздан қарийб ярим миллиони ҳалоқ бўлган. Ушбу оғир ва машаққатли, қайғу ҳамда очлик ҳукм сурган даҳшатли йилларда юртимиз халқи фронтолди ҳудудларидан эвакуация қилинган миллионга яқин оила ва болаларни ўз бағрига олган. Бу ерда улар нафақат бошпана ва озиқ-овқат, балки ўзбекистонлик ота-она, ака-опаларга ҳам эга бўлишди.

Уруш нафақат ҳар бир инсонни ўзгартирди, балки миллати, ирқи, динидан қатъи назар мусаффо осмон, дўстона муносабатларнинг қадрига етишга мажбур қилди. 9 май – янги ҳаёт бошланиши санасига айланди. Ҳозирги тинчлик даврида яшаётганларнинг асосий вазифаси – урушлар келтирувчи оғриқ ва даҳшатларни унутмаслик ҳамда келгусида бунга йўл қўймасликдан иборат. Урушдан ғалаба билан қайтганларни хотирлашимиз билан ҳам ушбу байрам муҳимдир. Давлат томонидан уруш қатнашчиларини ва ногиронларини табриклаш маросимлари ҳам тобора анъанага айланиб боряпти. Уларга ва меҳнат фронти ветеранларига, хизмат бурчини бажараётиб ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оилаларига маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу кунда мамлакатимизнинг барча шаҳарларида концертлар ва хайрия тадбирлари ўтказилади. Ва албатта, одамлар пойига гуллар қўйиб, бир дақиқа сукут сақлаб қаҳрамонлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун ёдгорлик мажмуаларига йўл оладилар. Тошкентда Шота Руставели ва Чопонота кўчалари чорраҳасидаги уруш йиллари ҳарбий госпиталь жойлашган ер ўрнида қад ростлаган «Қардошлик мозори» хотира ёдгорлиги ҳам ана шундай марказлардан биридир. Бу ерда, жумладан, тинчлик даврида вафот этганларининг ҳам, ўрнатилган бюстлари ва қаҳрамонлар аллеяси мавжуд. Азиз дилбанди, жигаргўшаси - фарзандини йўқотган, муштини кўкрагига қўйган «Мотамсаро она» ҳайкали ва «Жасоратинг абадий» ёзувли «Мангу олов» ҳам ёниб туради.

Бир муддат мажмуага эътибор сусайди. Кўпчилик уни ўз холига ташлаб қўйлилганини эътироф этди ҳам. Аммо сўнгги йилларда вазият бутунлай ижобий томонга ўзгарди. Ушбу бутун мамлакат учун муҳим саналган жойга яна одамлар кела бошладилар. Улар нафақат хотира кунларида, балки бошқа саналарда ҳам ташриф буюрмоқдалар.

– 1940 йилда, урушдан бир йил олдин туғилганман, – дейди тошкентлик Галина Голубева. – Отам 44-йилда ҳалок бўлган. Бу ерда бувим, катта бувим, 1962 йилда ўқув машғулотлари чоғи ҳалок бўлган бронетанк қўшинлари капитани бўлган тоғам ва бошқа яқинларим мангу қўним топган. Кўп йиллардан бери бу ерга келаман ва шу жой менда худди вақт тўхтаб қолгандек ҳиссиётни уйғотади. Кўпинча мактаб ўқувчиларининг тўда-тўда бўлиб келганига кўзим тушади, бир хилда ўзлари мустақил келишади. Уларнинг кўзларига қараб туриб бундай фожианинг бошқа қайтарилмаслигини кўраман негаки, бугун тинчликдан бошқасини билмайдиган ва унинг қадрига жуда яхши етадиган авлод вакиллари пайдо бўлди. Бугунда Хотира ва қадрлаш куни байрамининг нишонланиши бунга яққол далилдир. Зеро, биздан кейин ҳам мамлакатни кўз қорачиғидай асраб-авайлайдиган авлодни тарбиялаяпмиз. Кимда-ким ўтмишини билмаса ёки унутган бўлса, унинг келажаги ҳам йўқ, деб бежиз айтилмаган, ахир.

Бугун ёдгорлик мажмуаси ободонлаштирилмоқда. Бир неча ўнлаб йиллар давомида ёрилиб, шикаст етган қаҳрамон-шаҳарлар номлари ёзилган мармар плиталар янгиларига алмаштирилди, плиталар ётқизилиб, бетон конструкциялар мустаҳкамланди. Шаҳарликлар ва меҳмонларни бу ерда яқинда ўтқазилган дарахтлар ва гуллар қарши олади. Шундай қилиб, тарихий муҳим жой эътиборга сазовор бўлди ва ҳали бизга узоқ йиллар давомида буюк аждодларимизни эслатиб туради.

Файзулла Мўминов.

Сабина Алимова.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech