01 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21,7 °C

Таълим
10 Мар  2020 2500

Тошкента Туркия университети филиали очилади

Анқара шаҳрида Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг (TOBB ETU) Тошкента филиалини очиш масаласи кўрилди.

4-7 март кунлари Анқара шаҳрида Туркия савдо палаталари ва товар биржалари уюшмаси билан биргаликда Тошкент шаҳрида Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг (TOBB ETU) филиалини ташкил қилиш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Ўзбекистоннинг Туркиядаги Элчихонаси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

TOBB ETU томонидан мазкур университет тўғрисида батафсил маълумот берилди, шунингдек янги университет очишда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси имкониятлари юзасидан тақдимотлар ўтказилди.

Туркия университети филиали учун Тошкент давлат иқтисодиёт университети мажмуасидан жой ажратилгани ва лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳам ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. Ўз навбатида, Туркия томони мазкур лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Келишувга кўра, янги Университет Туркия Савдо-саноат палаталари ва биржалар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан таъсис этилади. Қўшма дастур асосида таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, кундузги таълим шаклида, жумладан дуал таълим, электрон ва масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда, инглиз тилида амалга оширилади.

Бунда TOBB ETU Тошкентда очилаётган Университетнинг таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, илм-фан ва техниканинг энг янги ютуқларини татбиқ этишни таъминлашга кўмаклашади. Шунингдек, янги Университет мутахассислари малакасини ошириш ва профессор-ўқитувчи ходимларини қайта тайёрлаш, университетнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Туркия Савдо-саноат палаталари ва биржалар иттифоқи янги таълим муассасаси кутубхона фондини шакллантириш ва уни замонавий ўқув, ўқув-услубий ва илмий-техник адабиётлар, масофавий таълим ресурслари, шу жумладан мультимедиа кўринишидаги замонавий адабиётлар билан бойитишга кўмаклашади, ўз тизимидаги кўзга кўринган тадбиркорлар, малакали профессор-ўқитувчиларни Университетда таълим бериш ва ўқув жараёнини ташкил этиш учун жалб қилади.

Илк босқичда қўшма таълим дастури асосида бакалавриатда мутахассислар тайёрлаш, 10-15 кунлик курсларда илмий-педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириб бориш назарда тутилган.

Шу билан биргаликда, янги Университетга абитуриентлар қабули ва битирувчилар аттестацияси, Университетга таълим олувчиларни қабул қилиш квоталари, Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган TOBB ETUнинг белгиланган намунадаги дипломи берилиши масалалари кейинги босқичда муҳокама қилинишига келишиб олинди.

Музокаралар якунида, 2020 йил 6 март куни Иқтисодиёт ва технологиялар университети ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида кадрларни тайёрлаш, олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди, деб хабар беради Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech