19 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,6 °C

Мамлакатимизда
18 Фев  2019 839

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Мирзо Улуғбек туманидаги уйлар бузилиши ҳақидаги гап-сўзларга ойдинлик киритди

Мирзо Улуғбек туманида “Мирзо Улуғбек бизнес маркази” қурилиши муносабати билан Мустақиллик кўчасининг икки томонидаги кўп қаватли уйлар бузилади, деган фикрлар кенг тарқалди. Бу аҳолининг эътирози қатори яна қатор миш-мишлар авж олишига ҳам сабаб бўлди, дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

 

Қонунчиликка кўра, нафақат пойтахтимизда, балки юртимизнинг турли ҳудудларида кенг кўламли бунёдкорлик тадбирлари муносабати билан агар маълум объектлар бузилиши назарда тутилган бўлса, бу аввало ўша ҳудуд ҳокимининг тегишли қарори билан тасдиқланиб, таркибий тузилмаларга йўналтирилади. ОАВ орқали эълон қилинади ва ўша жойда истиқомат қилувчи аҳоли ҳам бундан хабардор қилинади.

Бевосита пойтахтимизда “Мирзо Улуғбек бизнес маркази” қурилиши ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу фақат таклиф характерига эга муҳокамадаги ахборот бўлиб, айнан барпо этилиши кўзда тутилган жой бўйича ҳали аниқ тўхтамга келинмаган. Шу боис бу масалада аҳолининг ташвишланишига ўрин йўқ.

Шаҳарда амалга ошириладиган бунёдкорлик тадбирларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори асосида маълум ҳудудларда турли объектлар бузилиши мумкин. Аммо бундай тадбирлар аввалдан пухта ўйланган режалар ва мукаммал ишлаб чиқилган лойиҳалар асосидагина бажарилади.

Лекин шунга қарамасдан, ОАВда ёритилишича, шаҳарнинг турли ҳудудларида ҳокимлик томонидан олиб борилаётган ишлар фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқармоқда. Шу ҳолатдан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда тегишли соҳа мутасаддилари ҳамкорлигида ҳар бир ҳолат бўйича жадвал тайёрланиб, тасдиқланади. Тасдиқланган жадвал асосида объектларни бузиш ишларида қонунийликка риоя этилаётганлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ИИББ, прокуратура ходимлари ва жамоатчилик вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилади ва мунтазам ахборот бериб борилади.

Агарда қурилиш ташкилотлари томонидан ушбу жадвалга киритилмаган объектларда бузиш ёки бошқа бирор шикаст етказиш ҳолатлари аниқланганда, улар қонунчилик меъёрларига асосан жавобгарликка тортилади.

“Аҳоли орасида ҳокимлик вакиллари ноқонуний тарзда дўқ-пўписа билан уйимни олиб қўйди ёки турар жойим бузилиши эвазига етарли даражадаги маблағни тақдим этмади, мени ва оиламни бошпанасиз қолдирди деган  эътирозлар ҳам йўқ эмас. Миллий қонунчилигимизда бирор сабаб билан маълум объектлар бузилганда, унда яшовчилар ва ишловчиларга қай тартибда амалий ёрдам кўрсатилиши ва йўқотилган мол-мулкини қоплаш масаласи белгиланган. Шу пайтгача пойтахтимиздаги қайси бир ҳудудда бузиш ишлари бажарилган бўлса, аҳолининг розилиги олинган ҳолда уй-жой, ер билан таъминланган ёки уларга керакли миқдордаги маблағ тақдим этилган.  Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолининг бу борадаги эътирозларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Агарда шу масалада мурожаатлар юзага келса, албатта, ўрганиб чиқиб, ноҳақлик ҳолатлари бўйича тегишли чораларни кўради”, дейилади хабарда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech