04 Декабрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +1,9 °C

Маданият
27 Мар  2020 2381

Тошкент кўчалари

Уйғун Рўзиев

Тошкент кўчалари...
Сокин кўчалар.
Эсмай қўйган шамол, тўхтаган дарё.
Ҳар тарафдан келар ташвишли хабар,
Унсиз, ўйга толган алғовли дунё.

Таҳдид солар вабо – кўринмас ғаним,
Бу қандай дард бўлди, бир давоси йўқ?
Кимда имон ҳоким, кимдадир шайтон,
Нафси ўпқонларнинг нарх-навоси йўқ. 

Кимдир қўлин чўзар дўстона, бе кин,
Кимдир фурсат пойлар ортганда ғаминг.
Яшарлар бир осмон, бир сайёрада,
Барини опичлаб айланар замин.

Бу не синоатдир, бу қандай синов,
Буюк ишларга йўл берган онида.
Нелар юз бермишдир беҳад, беаёв,
Она ер бағрининг тўрт томонида?

Тўкилган бегуноҳ қонлар эҳтимол,
Самога етгандир ғам, қайғу, алам.
Балки хато йўлдан борган одамзод,
Балки гуноҳларга тўлгандир олам.

Наҳот ниқобларга бурканса дунё,
Наҳот юзин ёпса мунаввар ҳаёт?
Сенсан яратгувчи, сенсан мударрис,
О, она Табиат, ўзингдан нажот.

Умр ўткинчидир, фурсат ўткинчи,
Ҳар дард ўткинчидир, офат ўткинчи.
Дуога кафтинг оч, дуогўй элим,
Ишонч бор, нажот бор, ҳасрат ўткинчи.

Эл бирлашса – денгиз, қудратли тўлқин,
Яксон этган девлар, аждарларни ҳам.
Кучлимикан тожли офати бало,
Бу халқ енгган не-не тождорларни ҳам.

Курашмоқ фурсати, бирлашув вақти,
Дунёни офатдан қутқарар мардлар.
Матонат абадий, жасорат мангу,
Ўтмишга айланар ташвиш ва дардлар.

Тошкент кўчалари,
Ойдин кўчалар.
Яна сахий Қуёш ёритар кўркам.
Яна қайтар шодлик, меҳнат ва орзу,
Сўлим кўчаларда бўлади байрам.

                                            26 март 2020 йил

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech