17 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,2 °C

Мамлакатимизда
1 Мая  2019 828

Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида хорижий тилларни ўқитиш маркази очилди

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим  вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида хорижий тилларни интенсив ўқитиш маркази очилди.

“Эл-юрт умиди” жамғармасининг Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизими мутахассислари учун мўлжалланган биринчи стипендиялар танловининг умумий натижаларига кўра, хорижий мамлакатларнинг турли таълим дастурлари бўйича тажриба орттирмоқчи, таълимни давом эттирмоқчи бўлган мутахассисларнинг аксарияти рус тилида сўзлашувчи мамлакатларни танлаган. Шунингдек, АҚШ, Европа ёки шарқ мамлакатларида таълим олиш истагини билдирганларнинг тил билиш даражалари ҳам Жамғарма томонидан қўйилган талабларга етарли жавоб бермаган.

Шу жиҳатлар инобатга олинган ҳолда, “Эл-юрт умиди” жамғармаси хорижда мутахассисларни тайёрлаш жараёнида энг биринчи вазифа аввало уларнинг тил билиш даражасини яхшилаш эканлиги таклифини билдириб, йўналишда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди.

Жорий йилнинг 5 март санасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг қўшма қарори қабул қилинди. Унга кўра, Республикамизнинг 22 та таянч университетларидаги Касбий ривожланиш марказларида тил ўқитиш хаблари ташкил қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида 3 кун давомида мазкур хаблар учун 130 дан ортиқ махсус тренерлар тайёрланди.  

Қайд этилишича, ушбу ташаббус нафақат “Эл-юрт умиди ” жамғармаси стипендиаларига номзодларнинг хорижий давлатларнинг етакчи олий ва илмий таълим муассасаларида малака ошириш ҳамда магистратура ва докторантура дастурларида таҳсил олишлари учун имконият яратади, балки тил ўрганишга иштиёқи бўлган ўзбекистонлик йигит-қизларнинг чет тилларини билиш даражасини яхшилашларига амалий ёрдам беради. 

Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида жорий йилнинг 1 майидан бошлаб расман тингловчилар қабулини бошловчи марказ 500 кв.м майдонда жойлашган. Маълум қилинишича, бу ерда бир вақтнинг ўзида 100 нафар тингловчи тил билиш даражаларини яхшилаш имконига эга бўлишади. Аввалига марказда дарслар инглиз, немис ва француз тиллари бўйича, кейинчалик эса яна қўшимча тиллар ҳам жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Айни кунларда таълимга мутахассис тренерлар  жалб қилинган. Курслар дастури 4 ойга мўлжалланган.

Худди шу турдаги марказлар яқин кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳам иш бошлайди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech