29 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,6 °C

Энергетика
15 Мая  2020 334

Тўлов тизимида шаффофлик муҳим

Андижонда замонавий газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш бошланди.

Ўзбекистонда жорий йилда реал вақт режимида ишлайдиган табиий газ таъминотини бошқаришнинг автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимини кенг жорий этиш бошланади. Бу табиий газни тўлиқ, аниқ ва ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, шунингдек, табиий газ таъминотидаги йўқотишларни камайтириш ва истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини оширишга хизмат қилади.

Андижон вилоятида ҳам АСКУГ тизимини жорий этиш ва замонавий газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш ишлари бошланди. Дастлабки ускуналар Андижон шаҳридаги “Ёйилма” МФЙ ўрамидаги 1- ва 2- кўп қаватли уйлардаги 128 та ҳамда “Мустақилликнинг 20 йиллиги” МФЙ ўрамидаги “Учқўрғон” кўчасидаги 84 та хонадонга ўрнатиляпти. Ҳар бир кўп қаватли уйнинг бир соат давомидаги газ сарфи ҳажми ва хонадондаги уй ичи газ жиҳозларнинг сони ҳисобга олиниб, турли модификациядаги замонавий газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатиляпти.

Ушбу турдаги газ ҳисоблаш ускуналар дастлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги айрим ҳудудларда олиб борилган тажриба синовларидан муваффақиятли ўтганлиги таъкидлаш жоиздир.

Бунда кўзланган мақсад — газ истеъмоли тизимида юқори тежамкорликка эришиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш. Аҳоли учун яна бир қулайлик бу, мазкур ҳисоблагичларни ўрнатиб бериш мутлақо бепул амалга оширилиш.

Инсон омилини қисқартиришда қўл келувчи замонавий ҳисоблагичлар сим-карта ўрнатилган ҳолда истеъмолчига фойдаланишга топширилади. Сим-картанинг асосий вазифаси, ишлатилган табиий газ ҳажми ҳақидаги маълумотларни онлайн режимда марказий серверга узатиш ҳисобланади. Шу орқали маълумот биллинг тизимига автоматик равишда узатилади. Бу ўз навбатида истеъмолчиларда тўлов маданиятини ошириши билан бир қаторда тўлов тизимида шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

Ушбу ҳисоблагичларнинг яна бир қулайлиги шундаки, ишлатилган табиий газ учун қарздорлик пайдо бўлишига яқин қолганда ҳисоблагич пул тўлаш лозимлиги тўғрисида истеъмолчининг мобил телефонига автоматик тарзда хабар жўнатади.

Жорий йилда Андижон вилоятида ана шундай замонавий ҳисоблагичлардан 64 минг дона ўрнатилиш режалаштирилган. Вилоятда жами 221 мингга яқин истеъмолчиларга ҳисоблагичлар бепул ўрнатиб берилади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech