03 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25 °C

Фикр
13 Мая  2020 435

Тил – миллий ғуруримиз

Давлат тили ҳақида ҳар куни гапириш керак, ҳар хил гапириш керак, ҳамма гапириши керак.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасига қўшимча киритиш бўйича қонун лойиҳаси зиёлилар, она тилимиз жонкуярлари, халқимиз томонидан қизғин муҳокамаларга сабаб бўляпти.

Мулоҳазаларда турфа фикрлар айтилаётгани кишини қувонтиради, албатта. Халқимизни ўз тақдирига лоқайд, миллий қиёфасига бефарқ миллат бўлиб қолишдан АЛЛОҲ асрасин. Атоқли адиб Абдулла Қаҳҳорнинг: “Йўл қоидасини бузган ҳайдовчига милиция ходими ҳуштак чалади. Тилимиз қоидасини бузган кишига эса нега ҳеч ким ҳуштак чалмайди”, деган гапи шу кунларда беихтиёр хаёлимдан тез-тез ўтяпти. Агар айни қонун кучга кирса, миллий тилимизга бўлган муносабат янада ижобий томонга ўзгариши шубҳасиз.

Шу ўринда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, забардаст ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад таъкидлаган ушбу фикрларни келтирмоқчиман: “Давлат тили ҳақида ҳар куни гапириш керак, ҳар хил гапириш керак, ҳамма гапириши керак”! Дарҳақиқат, кенг жамоатчилик томонидан билдирилган фикрлар, хоҳ ижобий ва хоҳ салбий бўлсин, минглаб юртдошларимизни ўзбек миллатининг жону руҳи бўлган тилимиз ҳақида қайғуришга, фикр юритишга, тортишишга, ҳатто жон куйдиришга чорлагани билан қувонарлидир. Бу қонун лойиҳаси муҳокамаси яна бир бор бизни давлат тили мақомидаги она тилимизга бўлган муносабатимизни намоён қилди, таъбир жоиз бўлса, элакдан ўтказди.

Чунки она тили — умуммиллат хазинаси, демак тил олдидаги масъулият, жавобгарлик ҳам умуммиллийдир. Тийнатида миллий ғурури, ўзлик виқори бор, мен ўзбекман деган ҳар бир инсон ўзбек тилини шак-шубҳасиз севиши, у учун қайғуриши, зарур бўлса, жонини фидо қилиши керак. Бинобарин, бу масала фақат зиёлиларнинг ёки тилшуносларнинг иши эмас, шу миллат, шу ватанга дахлдор барчамизнинг дарду қувончимиз бўлиши шарт ва муҳим. Давлат тили ҳақида чиқарилган ҳар бир қонун бу йўлда бизнинг мададкоримиз, сарбонимиздир. Шунингдек, чекка-чекка қишлоқларда яшаётган кекса отахону онахонларимиздан тилимизга оид унутилиб бораётган сўзларни ёзиб олишимиз, уларни истеъмолда қўллаш чораларини кўришимиз лозим. Бу масалани ҳар биримиз бутун бир миллатнинг иши деб қарашимиз, унутилган сўзларни тиклашга ҳисса қўшишимиз, борини бойитиб боришда фаол иштирок этишимиз даркор.

Ривожланган давлатларнинг аксариятини кузатадиган бўлсак, давлат тили ҳақидаги қонунлари нисбатан кескинроқ талаблар асосида ишлаб чиқилган. Қонун талабларига амал қилмаганлик учун турли миқдорда жарима белгиланган. Масалан, ён қўшнимиз Тожикистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни 3-моддасида “Тожикистон Республикасининг ҳар бир фуқароси тожик тилини билиши шарт” экани кўрсатиб қўйилган. 27-моддада эса “Давлат тили ҳақидаги қонун нормаларни бузган мансабдорлар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши” белгиланган.

Шундай экан, барчамиз юртимизда ўзбек тилини давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини ошириш бўйича олиб борилаётган ниҳоятда адолатли ва ўз ўрнида қабул қилинаётган муҳим фармон ва қарорларни қўллаб-қувватлашимиз, она тилимизнинг қадр топишига интилаётган барча зиёлиларга кўмакчи бўлишимиз зарур. Мамлакатимизда она тилимиз равнақига берилаётган эътибор — миллий тикланишдан миллий юксалиш сари илдам бораётганимиздан далолатидир.

Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир халқнинг тили миллат руҳи, тақдири, келажаги ҳисобланади. Халқнинг, миллатнинг равнақи, аввало, тилининг мавқеи билан ўлчанади ва белгиланади. Инсониятга хос эзгу фазилатлар ҳам одамзот қалбига, аввало, тил, она алласи орқали киради. Шунинг учун она тилимизни асраб-авайлаш, улуғлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Акмал Рўзитоев,

Тошкент шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech