23 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,2 °C

Халқаро муносабатлар
27 Мар  2019 1173
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев “Masdar City” технопарки билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Masdar City” технопаркига ташриф буюрди.

“Masdar City” замонавий технологиялар ва муҳандислик ютуқлари асосида бунёд этилган инновацион шаҳарчадир. 600 гектарни эгаллаган технопарк экологик тоза ҳудуд ҳисобланиб, бу ерда фақатгина муқобил энергия – қуёш батареялари ва фотоэлектр қурилмаларидан фойдаланилади. Ҳудудга автомобиллар кириши тақиқланган. Манзилларга ҳайдовчисиз бошқариладиган электр транспортларида борилади.

Ташриф чоғида технопаркнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлаб берилди. Айтиб ўтилганидек, бу ерда инновацион ишланмалар яратиш, улардан турли соҳаларда фойдаланиш учун зарур илмий-ижодий муҳит яратилган. Кўчаларда мўътадил иқлимни таъминлаб турадиган вентиляторлар, фаввора ва ҳавзалар барпо қилинган.

Шавкат Мирзиёев қуёш панеллари ишлаб чиқариш бўйича илмий изланишлар олиб бориладиган лаборатория фаолияти билан танишди. Бундай масканлар фан-техника ютуқларидан унумли фойдаланган ҳолда инсониятнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, мамлакатлар ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари Халифа университетида мазкур соҳада илмий изланиш олиб бораётган ўзбекистонлик талаба қиз билан суҳбатлашди. Бу ерда олган билим ва тажрибаларини мамлакатимизда татбиқ этиб, юртимизда муқобил энергетикани ривожлантиришга ҳисса қўшиш муҳимлигини таъкидлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech