05 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +17,4 °C

Таълим
16 Мар  2020 198

Tаътил даврида таълим-тарбия жараёни тўхтаб қолмайди

Коронавирус сабаб барча таълим ташкилотларида вақтинча таътил эълон қилинганидан хабарингиз бор. Шу давр мобайнида ўқувчиларнинг билим олишлари ҳамда бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги бир нечта телеканал билан ҳамкорликда ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотларини телевизион эфирга узатиш учун видеодарслар тасвирга олиниши ҳамда эфир вақтлари ажратилиши кўзда тутилмоқда.

—  Мазкур видеодарс машғулотларини тайёрлаш ва уни тасвирга олиш бўйича соҳа ходимларидан иборат ташкилий-ижодий гуруҳ тузилди, — деди Халқ таълими вазири матбуот котиби Анвар Умаров. — Видеодарслар тайёр бўлганидан кейин “Маҳалла”, “Оилавий”, “Маданият ва маърифат”, “Ўзбекистон тарихи” ҳамда “Болажон” телеканаллари орқали намойиш этилади. Бундан ташқари, ўқувчилар Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари (@uzedu) ва расмий веб-сайти (www.uzedu.uz), электрон ахборот порталлари (online maktab.uz) орқали ҳам онлайн дарсларни кузатиб боришлари мумкин. Шуни айтиб ўтиш керакки, Моbiuz ва Ucell компаниялари фойдаланувчиларида интернет тармоқларидаги видеодарслардан текин фойдаланиш имконияти яратилди. Қолган мобил компаниялар билан ҳам бу борада музокаралар олиб борилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, барча олий таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 2020 йил 16 мартдан эътиборан ўқиш тўхтатилиб, ўқувчи-талабалар икки ҳафта муддатга таътилга чиқарилди. Бошқа вилоятлардан келиб, пойтахтда таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар автобус, поезд ва самолётларда доимий яшаш жойларига қайтиши учун бир нечта университетлар қошида имтиёзли чипталар сотилиши йўлга қўйилди.

Таътил эълон қилиниб, барча ўқувчи ва талабалар уйига қайтарилгани билан таълим ва тарбия жараёни онлайн тарзда давом этади. Ўқитувчиларга ўз ўқувчилари билан масофавий таълимни йўлга қўйиш ва интернет орқали вазифалар бериб туриш тавсия қилинмоқда. Қолаверса, ўқувчи-талабалар ўзбек сигментидаги таълимга ихтисослашган платформалар ҳамда мобил иловалар орқали ҳам ўз билимларини ошириб боришлари мумкин.

Соҳиба МУЛЛАЕВА.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech