03 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25 °C

Рақамлаштириш
1 Мая  2020 1288

Тараққиётнинг  янги босқичи

Яқин келажакда рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 бараварга кўпайтириш, замонавий тадбиркорликхизматлари ҳажмини 3 баравар ошириш ва улар экспортини 100 миллион долларга етказиш имкониятини яратади.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига рақамли технологияларни кенг жорий этиш энг устувор вазифа сифатида белгиланиб, 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинган эди.  Президентимизнинг кеча матбуотда эълон қилинган “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қарор билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳаларида ягона ваколатли орган этиб белгиланди. Унинг ҳузурида “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” ҳамда “Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” ташкил қилинади.  Вазирликнинг марказий аппарати тузилмасида: эса, аграр соҳани жадал рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш масалаларига масъул бўлган вазир ўринбосари лавозими киритилди, аграр соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш ва геоахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаларининг фаолияти йўлга қўйилади.

Айнан қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларига алоҳида эътибор қаратилиши бежиз эмас. Чунки, мазкур соҳаларнинг рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ҳали “очилмаган қўриқ” бўлиб турганн масалалар ва ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар оз эмас. Шу боис қарорда тармоқларни янги босқичга чиқаришга хизмат қилувчи  24 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши мўлжалланяпти. Унда қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари ҳисобини электрон юритиш, “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ахборот тизими,  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бўйича электрон майдончалар ва сув сарфи ҳисобини юритиш тизимлари ўрин олган. 

2020-2022 йилларда электрон ҳукумат, телекоммуникациялар ва  дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини янада ривожлантириш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида ҳамда қишлоқ ва сув хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича жами 268 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида жами 87 та лойиҳа, жумладан, электр энергияси ва табиий газ ҳисобини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш, йирик аэропортларда йўловчиларни рўйхатга олиш тизимини такомиллаштириш, банк тизимида жисмоний шахсларни масофадан туриб идентификация қилиш механизмини жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Электрон ҳукуматни янада ривожлантириш бўйича жами 104 та лойиҳа, шу жумладан, “Пенсия тайинлаш жараёнини бошқариш” ахборот тизими, “Ер минераллари ва тоғ жинслари” миллий электрон базаси, “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ва “Мажбурий тиббий суғурта” ахборот тизимларини жорий қилиш мўлжаланяпти. Шунингдек, телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича жами 35 та лойиҳа — 800 минг порт ўрнатиш орқали кенг полосали тармоқни ривожлантириш, мобиль алоқа йўналишларини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун 1 468 та база станциясини ишга тушириш, узунлиги 12 минг километр бўлган оптик-толали алоқа линияларини қуриш режалаштирилган.

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини янада ривожлантириш бўйича жами 18 та чора-тадбирни амалга ошириш белгиланмоқда. Технопарк резидентлари томонидан жорий этилиши мумкин бўлган фаолият турларини кенгайтириш, рақамли таълим марказларини ҳудудларда кенг ташкил этиш, технопарк резидентларини жалб қилиш орқали иқтисодиёт тармоқларида ахборот технологияларини татбиқ қилиш шулар жумласига киради. Шу нуқтаи назардан қараганда, маҳалий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар сонини кўпайтириш
ва қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат идораларига қиймати 1 миллиард сўмгача бўлган  шартномаларни “IT-Парк” резидентлари ўртасида танлов асосида имзолаш ҳуқуқи берилаётганлиги истеъдодли ёшлар учун янги  имкониятлар очади, янгидан янги ғояларга рағбатлантиради.

2020 йилнинг 1 августига қадар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан почта алоқаси объектлари тармоғи орқали йўлланадиган
хат-хабарларини, хабарномаларини, чақирув қоғозларини ва бошқа юридик ҳужжатларни жисмоний ва юридик шахсларга етказиб бериш
ва етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишнинг ягона миллий тизими жорий этилади.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, коронавирус инфекциясини тарқалишига қарши курашиш ва аҳолига ўз-ўзини изоляция қилиш даврида қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида қирққа яқин тадбирни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Хусусан, электрон соғлиқни сақлаш йўналиши бўйича 10 та, электрон таълим тизимида 6 та, банк хизматлари бўйича 12 та, электрон давлат хизматлари йўналишида 8 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, 2020 йил давомида барча тиббиёт муассасалари ва мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 70 фоиз мактаблар кенг полосали алоқа тармоқларига уланади.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 2022 йилда электрон давлат хизматлари улушини 60 фоизга етказиш ҳамда барча ҳудудларда рақамли технологиялар ўқув марказларини очиш, 2023 йилда
эса рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини
2 бараварга кўпайтириш ҳамда рақамли тадбиркорлик хизматлар ҳажмини 3 баравар ошириш ва уларнинг экспортини 100 миллион долларга етказишга эришилади.

Маълумки, ташқи миграция, халқаро савдо ва капиталлар ҳаракати, туризм, хорижий инвестициялар, ИТ ривожланиши мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир этади. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида очиқлик, халқаро иқтисодий-сиёсий алоқаларнинг ривожланиши юртимизда саноат тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш имкониятларини юзага келтирди. Қабул қилинган қарор бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан янада аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, ахборот технологиялари ривожланган давлатларда ЯИМ ҳажми ҳам, аҳоли жон бошига улуши ҳам юқори даражада. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси ҳам   биринчидан, аҳолининг яшаш даражасини юксалтиришга, иккинчидан, аҳолининг реал даромадларини оширишга хизмат қилади.

Баҳром Зияев,
АКТ вазирлиги   рақамли иқтисодиётни
ривожлантириш бошқармаси бошлиғи

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech