07 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,5 °C

Таълим
11 Мар  2020 621

Талабалар ўқишини кўчириш жараёни шаффоф ўтади

Айни пайтда Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини хориждан Ўзбекистонга кўчириш масаласи ижтимоий тармоқларда жуда кўп муҳокама бўлаётган мавзулардан бирига айланди. Ҳадемай, ўқишни кўчириш учун  узайтирилган муддат ҳам якунига етади. Бу борада тушуниб-тушунмай мулоҳаза юритаётган, нотўғри маълумотларни ҳам  ижтимоий тармоқларда тарқатаётган фуқароларимиз жараённинг улар ўйлаганидек осон кечмаслигини билиб қўйишлари фойдадан холи бўлмайди. 

Олий ва махсус ўрта таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов билан суҳбатда   қўшни давлатларда таҳсил олаётган ёшларимизнинг  ўқишини кўчириш жараёни, шаффофлиги ва ҳужжатлар билан  боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.

Ўзингиз таъкидлаганингиздек, бу масала хорижда таълим олаётган кўплаб фуқароларимиз учун айни муддао бўлди. Аввало, кенг кўламли бу жараёнга тайёргарлик қай даражада олиб борилгани ҳақида айтсангиз ...

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган мамлакатимиз фуқароларига ўқишини республикамиз олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича ариза топширишга рухсат берилди. Бу жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотди. Шу сабаб аҳолини тўғри ва ҳаққоний маълумотлар билан таништириб бориш мақсадида вазирликнинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, қолаверса, республика миқёсидаги оммавий ахборот воситалари орқали кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Юртимизнинг барча вилоятларида ҳудудий ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, ахборот стендлари ўрнатилди,  маслаҳат  хоналари ажратилди. Ҳужжат топшириш билан боғлиқ шарт-шароитларга келадиган бўлсак, барча ишчи гуруҳларининг самарали ишлаши учун зарур техникалар, талабалар ва уларнинг ота-оналари учун қулайликлар яратилди.

Айни пайтгача қабул қилинган аризалар ва уларнинг ҳудудларга тегишлилиги юзасидан аниқ маълумот берсангиз...

Қўшни давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон) олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалардан жорий йилнинг 15 февралига қадар 34 955 та ариза қабул қилинди. Эҳтиёж катталиги инобатга олиниб, аризалар қабули  15 мартга қадар узайтирилди. 10 март ҳолатига кўра,  энг кўп талаба Термиз (4 822), Андижон (3 661) ва Фарғона давлат университетларида (3 169) бўлиши аниқланди. Фуқароларимизнинг олий таълим муассасаларидан ўқишини кўчириши учун жами 80 та ОТМга квоталар белгилаб берилган бўлиб, бугунга қадар 36 минг 400 нафардан кўпроқ  талабага ўқишини кўчиришига рухсат берилди. 2020 йилнинг 15 февралигача топширилган ҳужжатлар 2020 йил 25 февралига қадар умумлаштирилиб, тегишли қарор қабул қилиш учун Давлат комиссиясига тақдим этилганидек, 15 мартга қадар топширилган ҳужжатлар ҳам шу тартибда кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг баёни билан олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилиш учун тавсия қилинади.

Топширилаётган ҳужжатлар орасида сохталари ҳам аниқланиб, мутасаддилар томонидан қайтариб юборилаётган ҳолатлар ҳам бўляпти. Бунда қандай мезон асос қилиб олинган?

Афсуски, ҳукумат томонидан берилган имкониятдан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш мақсадида ноқонуний йўллар орқали мамлакатимиз олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Жумладан, жойлардаги ҳудудий ишчи гуруҳларига фуқаролар томонидан қалбаки (сохта, ясама) ҳужжатлар топширишга уриниш ҳолатлари кузатиляпти. Бундай ишларда юртимиз фуқароларининг ҳам қўли бор...

Шунинг учун вазирлик бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда . олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бирон марта чегарадан ўтмаган фуқароларнинг ҳам ўқишини кўчириш учун ариза топширгани аниқланди. Бундай шахсларга нисбатан тегишли қонуний  чоралар кўрилади, албатта.  Бу борада  ўқишини қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан кўчириш истагидаги талабалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориляпти.

Шунингдек, фуқароларнинг қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида камида охирги бир семестрда ўқиши республика олий таълим муассасасига кўчирилаётган таълим йўналишига мазмунан мос (турдош) таълим йўналишида тўлиқ ўқиганлиги тўғрисидаги ҳужжатлари батафсил текширилиб, зарур ҳолларда  муайян олий таълим муассасаларига сўровномалар юбориш,  масъул ходимларни юбориш орқали аниқлаш ишлари ҳам йўлга қўйилган.

Қарийб 40 минг нафар талабаларни Олий таълим муассасаларимизга жойлаштириш қатор муаммоларни келтириб чиқариши аниқ. Бу масалада қандай чора-тадбирлар кўриляпти?

Тўғри, мазкур жараён ОТМларимиз қуввати, сиғими, педагог кадрлари сонидан келиб чиқиб иш тутишни тақазо этади. Шунинг учун ҳам хориждан ўқишини кўчираётган талабаларнинг асосан сиртқи ва кечки таълимда таҳсил олишлари кўзда тутиляпти. Бу улар кундузги таълимда ўқий олмайди, дегани эмас. Имкониятдан келиб чиқиб,  уларни кундузги таълим шаклига ҳам қабул қиламиз. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, ОТМларимизга қабул квоталари қанча оширилмасин, 2023 йилгача бу тенденция биноларга бўлган катта эҳтиёжни юзага келтирмайди. Чунки академик лицей ва коллежларнинг юзга яқин бинолари олийгоҳларимиз тасарруфига берилди.

Педагог кадрлар масаласи эса, албатта, долзарб. Қўшимча профессор- ўқитувчилар жалб қилинади, фаолият юритаётган педагогларнинг иш юкламаси кўпаяди, бу муаммо уларнинг  ойлик маошини кўтариш билан бартараф  этилади.  Бундан ташқари,  яна қатор масалалар бўйича  тегишли чора-тадбирларни режалаштиряпмиз. Мақсад –  ёшларимизга мутахассислиги доирасида етарлича билим бериш, уларни етук кадрлар сифатида жамиятга қўшиш, квоталарни кўпайтириш эвазига бўш иш ўринларига соф рақобатни шакллантириш, шунчаки диплом олиш билан ишли бўламан, деган тушунчани улар онгидан чиқариб юбориш. Чет давлатлар олийгоҳларига қабул қилинган аксарият ёшларимиз орасида қайси факультетнинг қайси йўналишида таълим олаётганини аниқ билмайдиганлари ҳам бор экани ачинарли.

Бугунги кунда ОТМларида таълим сифатини ошириш, коррупция ҳолатларига барҳам бериш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айни пайтгача қабул квоталарини бўш иш ўринларига нисбатан белгилаган бўлсак, эндиликда битта иш ўрни учун 5-6 нафар кадрлар тайёрланади. Бу ўз навбатида иш ўринларига бўлган рақобатни вужудга келтиради, ўз устида ишлаш, ҳар томонлама мукаммалликка эришишда муҳим омил бўлади.

Куни кеча ўқишни кўчириш натижаларини онлайн аниқлаш имкони ҳам яратилди...

Ҳозирда тест режимида ишлаётган тизим ёрдамида жорий йилнинг 7 февралидан 15 февралигача ариза билан мурожаат қилган фуқаролар паспорти серияси ва рақамини киритиб, натижаларни билиши мумкин. Кейинчалик мазкур тизим фаолияти такомиллаштирилиб, Ягона давлат интерактив хизматлар портали орқали маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш учун аризаларни қабул қилиш бўйича давлат хизматини ишга тушириш ҳам режалаштирилган.

Муножат  МЎМИНОВА

суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech