22 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,5 °C

Халқаро ҳамкорлик
20 Июл  2020 705

«Суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимини либераллаштириш: миллий ва халқаро тажриба» мавзусида халқаро конференция ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан 17 июлда «Суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимини либераллаштириш: миллий ва халқаро тажриба» мавзусида халқаро онлайн-конференция ташкил этилди.

Халқаро Нелсон Мандела кунига бағишланган мазкур конференция БМТ таркибидаги тузилмаларнинг мамлакатимиздаги масъул вакиллари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва «Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти»нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Тадбирда Марказий Осиё давлатлари омбудсманлари, халқаро ва миллий экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат органлари, фуқаролик жамияти, шунингдек, мамлакатда аккредитациядан ўтган халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида иштирокчилар:

  • суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш;
  • инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш;
  • суд-тергов фаолиятида қонун ҳужжатлари талаблари ва нормалари ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган шахсларни афв этиш тўғрисида қабул қилинган фармонлари асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаси омбудсманларининг суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимни либераллаштириш соҳасида ўз мамлакатларининг тажрибаси тўғрисидаги чиқишлари тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Конференция якуни бўйича суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимни либераллаштириш, адвокатларнинг мустақиллигини том маънода таъминлаш, шунингдек, қамоқ ва қамоқда сақлаш жойларида МПМ доирасида парламент ва жамоат назоратини кучайтириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига таъсир этувчи қонун ижодкорлиги жараёнини очиқ ва фуқаролик жамияти билан маслаҳатлашган ҳолда ташкил этиш борасида бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.

Халқаро ва миллий экспертлар конструктив ҳамкорликни давом эттиришга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида ҳамда суд ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича ўзаро тажриба алмашиб боришга келишиб олди, деб хабар беради «Юксалиш» Умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech