29 Ноябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +2,4 °C

Халқаро ҳамкорлик
1 Июл  2020 859

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий Кенгашининг 86-йиғилиши бўлиб ўтди

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий Кенгашининг 86-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир илк маротаба масофавий видеоконференция шаклида бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибидан МДҲга аъзо давлатлар иқтисодий ҳамкорлигининг турли соҳаларини қамраб олган масалалар ўрин олди.

Ҳамдўстлик мамлакатлари делегациялари раҳбарлари МДҲга аъзо давлатлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган салбий оқибатларни минималлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашдилар.

МДҲ Иқтисодий кенгаши томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги органларининг фаолиятини 2020 йилда молиявий таъминлаш тўғрисидаги қарор, 2020-2025 йилларда халқаро транспорт қатновини амалга оширишда МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида транспорт хавфсизлигини таъминлаш стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ва кўриб чиқиш учун Ҳукумат раҳбарлари кенгашига тақдим этилди. Шунингдек, 2020-2024 йилларда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг саратонга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси ҳам тасдиқланди.

COVID-19 пандемиясини ҳисобга олган ҳолда, МДҲнинг 2030 йилгача Иқтисодий ривожланиш стратегиясининг биринчи босқичини (2021-2025) амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасини тайёрлаш зарурати, 2019 йилда МДҲ давлатлараро инновацион ҳамкорлик дастурининг 2020 йилгача бажарилиши ва 2017-2020 йилларга мўлжалланган Тадбирлар мажмуини 2020 йилга қадар бўлган даврда амалга ошириш, Ҳамдўстлик Иқтисодий Кенгашининг қарорлари бажарилиши бўйича қатор масалалар ҳам қатнашчилар томонидан муҳокама қилинди. Шу билан бирга, ишбилармонлик муҳити, сармоядорлар учун имтиёзлар, эркин иқтисодий зоналар, МДҲга аъзо давлатлар саноат ва илмий-техник парклари мавзуларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Учрашувда ташкилий масалалар, хусусан, навбатдаги МДҲ иқтисодий кенгашининг 87-йиғилишини 2020 йил 11 сентябрда Тошкент шаҳрида ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати.

Учрашув якунида иштирокчилар томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий Кенгаши доирасида иқтисодий ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилишди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech