22 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +30,5 °C

Бўш вақтда
22 Мар  2019 1163

Соф олтиндан қурилган шаҳар ёхуд йўқолган экспедиция

Жанубий Американинг инсон оёғи етиб бормаган чангалзорлари ўз бағрига жуда кўп сир-синоатларни яширган. Бир пайтлар бундай жойларда гуркираб яшнаган тараққиёт бўлганига ишонувчилар ҳам талайгина. Ана шундай кишилардан бири англиялик полковник, сайёҳ ва тадқиқотчи Перси Геррисон Фосетт эди. У 1925 йилда Жанубий Америкага уч-тўрт кишидан иборат экспедицияни уюштириб, дом-дараксиз кетди.

Хўш, бундай олис ва хавфли саёҳатга уни нима ундаган?

Инсон қадами етмаган шаҳар

XVII асрнинг иккинчи ярмида Франсиско Рапозо раҳбарлигида португалиялик олтин изловчиларнинг катта гуруҳи Жанубий Американинг инсон қадами етмаган, бориш фавқулодда қийин бўлган жойларигача етиб бора олган. Бугунги кунда МАЗКУР ҳудудларда Бразилия давлати жойлашган. Ўшанда у ерларда на бирорта қишлоқ, на бирор йўл ва олтин изловчиларнинг қўлларида на бирорта харита бўлган. Франсиско раҳбарлигида сафарга отланган гуруҳ таркибида уч-тўрт маҳаллий ҳинду ва оқ танлилар қатори ўз бахтини синаб кўришга бел боғлаган беш-олти нафар қора танлилар ҳам бор эди. Маҳаллий ҳиндулар йўл кўрсатиб боришган.

Улар юрган йўналишни кейинчалик ҳужжатлар ва турли ёзувлар асосида чуқур ўрганган Фосетт Франсисконинг гуруҳни шимол томонга бошлаб, текис ердаги ботқоқликларга олиб чиққанини аниқлаган. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлган эди. Аммо кўп ўтмай гуруҳ олдидан тоғ чиққан. Тоғ этагига етишганда улкан жарликларга эга тик қояларни кўриб, шошиб қолдилар. Тоққа тирмашиб ҳам чиқиб бўлмасди. Узоқ қидирувлардан сўнг тасодифан юқорига кўтарилса бўладиган жуда энсиз бир сўқмоқчани топишган.

Хуллас, узоқ ва машаққатли кўтарилиш бошланган. Тоғ тепасига эсон-омон чиқиб олдилар ҳам. Бироқ пастда кўрган манзарадан бақириб юборай дейишган. Негаки, пастда, туман ҳали тўлиқ кўтарилиб улгурмаган текисликдаги шаҳарга кўзлари тушганди. Ёнидан дарё оқиб ўтаркан. Бироқ шаҳарда тирик жондан асар ҳам йўқдек эди.

— Пастга тушамиз, — деди Рапозо. — Ўша ерда чодир тикамиз. Аммо гулхан ёқишга рухсат йўқ. Олдин чор-атрофни текшириб кўриш керак.

*  *  *

Шаҳар девори жуда қадимий бўлиб, турли ўт-ўланлар босиб кетганди.

— Бу ер қарғишга учраган жой. У ёққа кириш мумкин эмас! — деди ҳиндулардан бири ҳаяжонланиб.

— Буни қаердан биласан? Нима, илгари бу ерларда бўлганмисан? — сўради Франсиско ундан.

— Йўқ, лекин бу ердан қандайдир ёвузлик таралаётганини сезяпман, — деди у. Қолган ҳиндулар ҳам шаҳарга киришдан бош тортишди.

Ҳар ҳолда тун тинч ўтди. Эрталаб Франсиско ҳиндуларни чор-атрофни текшириб келишга аранг кўндирди. Улар кетиб, кўп ўтмай қайтиб келдилар ҳам.

— Шаҳар кимсасиз, бўм-бўш. Ҳувиллаб ётибди. Бу ерда камида бир неча юз йиллар инсон зоти яшамаган, — дейишди.

Бутун гуруҳ аъзолари ўша ёққа йўл олдилар. Олтин изловчиларни шаҳар лол қолдирди. Аҳоли шаҳарни ташлаб кетганига қанча вақт бўлганини аниқлашга уриниб кўрдилар. Аммо бу осон иш эмасди. Ким билсин, балки шаҳарни ташлаб кетишларига зилзила сабаб бўлгандир? Чунки айрим иморатлар даҳшатли тарзда вайронага айланганди. Лекин аксарияти яхши сақланиб қолган. Бу иморатларни қандай қуришганини ҳам била олмадилар. Бирорта қоришма ишлатилмаган. Улкан харсанглар тўртбурчак шаклида фавқулодда силлиқ йўнилиб, бир-бирига жипс қўйилган. Томлар ҳам ана шундай харсангтошлар билан ёпилган экан. Кириш жойларида тош устунлар ўрнатилган. Баъзи устунларга жуда моҳирлик билан тасвирлар ўйиб, бўрттириб туширилган. Улар кўпроқ эртак қаҳрамонлари ва қўрқинчли махлуқларни эслатарди. Шаҳар марказида қора тошдан йўниб ишланган эркак кишининг ҳайкалига ҳам дуч келдилар. У қўли билан шимол томонни кўрсатиб турарди. Унинг орқа томонида эса қарийб вайронага айланган сарой. Франсиско барча ёзувларни қунт билан кўчириб олди ва тасодифан топиб олган тилла тангани чўнтагига яширди. Танганинг бир томонига ёш болакай иккинчи томонига эса ёй, тож ва аллақандай номаълум мусиқа асбоби тасвири зарб қилинган экан.

— Дарёнинг қуйи қисмига қараб текшириб кўриш керак, — деди Рапозо шерикларига.

Дарё бўйлаб эллик мил қуйига юрдилар ва кумушнинг бой захирасига дуч келдилар. Яна бироз юришгач, олдиларидан улкан шаршара чиқди. Ўша атрофдаги айрим ғорларнинг оғзи турли тушунарсиз ёзувлар битилган улкан харсангтошлар билан бекитиб ташланганди. Қанчалик кўплашиб чиранишмасин, уларни жойидан қўзғата олмадилар.

Кейин дарёнинг юқори қисмига қараб ўн кунча юришди. Бир куни улар қайиқда оқ танли, узун сочлари тим қора икки эркакни учратдилар. Милтиқдан ўқ узиб уларнинг эътиборини тортмоқчи бўлдилар. Аммо қайиқ бир пасда кўздан йўқолди.

— Шаҳарда жуда кўп бойликлар қолган бўлиши керак, — деди Франсиско шерикларига. — Йўлни яхшилаб эслаб қолинглар. Бу ерга, албатта, қайтамиз.

Бир неча ойдан сўнг олтин изловчилар Байя шаҳарчасига етиб бордилар. Рапозо худди ўша ердан сафар тафсилотлари батафсил ёзилган ҳисобот жўнатган. Ўша ҳисобот бир вақтлар Бразилиянинг вице-қироли бўлган дон Луис Перегрин де Карвалхо Менезесде Атаиденинг шахсий архивида сақланиб қолган экан. Бироқ вице-қирол ўшанда унга ёрдам кўрсатмаган ва қўлламаган. Франциско Рапозонинг ўша ёқдан қайтиб келган-келмагани эса номаълумлигича қолди.

Бироқ ХХ аср бошларида Рапозонинг ўша ҳисоботини полковник Фосетт қунт билан ўрганишга муваффақ бўлди.

Олтин одам ҳақида афсона

«Олтин одам» афсонаси Европа ва Америкада XVI асрда Колумб ҳали Америка қитъасини очмасидан сал илгарироқ тарқалган. Оғиздан-оғизга ўтиб келган ривоятларда олтин ва турли дуру жавоҳирларга тўлиб-тошган афсонавий Эльдорадо1 мамлакати хусусида гап борарди.

Кейинчалик аниқланишича, ҳиндулар ҳақиқатан ҳам, диний маросимларда ўз худоларига олтин ва қимматбаҳо тошлардан иборат туҳфалар келтираркан. Ва маросим фақат бунинг учун белгиланган жойдагина амалга оширилган. Дастлаб, қабила сардори бутун танасига лой чаплаган. Кейин устидан майда тилла қумидан сепишган ва у «олтин одам»га айланган. Сўнг бальс дарахтидан ясалган солчага ўтириб, муқаддас кўлнинг ўртасигача сузиб борган. Махсус дуони ўқий туриб, устидаги барча қимматбаҳо тақинчоқлару зийнатларни худоларга инъом сифатида сувга ташлаган. Кейин ўзи ҳам сувга шўнғиб олган. Бунда лой сувда эриб кетган ва табиийки, тилла қуми ҳам кўл тубига равона бўлган.

Бора-бора бу русум овозаси чор-атрофга тарқай бошлади. Натижада бойликларга мўл-кўл Эльдорадо мамлакати ҳақидаги афсона пайдо бўлган. Ана шу мамлакатни дастлаб испанлар ва португаллар зўр бериб қидиришган, кейин немислар ва инглизлар.

Аммо Эльдорадони ҳеч ким топа олмади. Шунга қарамай, қуруқ қайтишмаган ҳар ҳолда: юқорида тилга олинган расм-русум ўтказиладиган жойни аниқлашга муваффақ бўлдилар. Бу баланд тоғда жойлашган Гуантовита кўли экан.

— Хазина бизники бўлади! Уни, албатта, кўл тубидан чиқариб оламиз! — қийқиришарди испанлар.

Бироқ, афсуски, кўлни қуритиш ХХ асргача қўлларидан келмади. Сўнгги бор испанияликлар кўл тубидан бойликни олиб чиқишга 1902 йилда уриниб кўришган. Инглиз муҳандислари эса қудратли сув насосларини келтириб, сувни усталик билан оқиза бошладилар. Мана, кўл туби ҳам кўринди. Аммо у шунчалик қаттиқ қатлам билан қопланган эдики, уни ҳеч бир қурол билан тешиб ёки бузиб бўлмади.

Ҳиндулар эса бориб бўлмас жунглилардаги сирли шаҳарлар ҳақида оғиз кўпиртириб гапиришдан сира чарчамасдилар. Улар орасида «олтин одам» яшайдиган Эльдорадо номи ҳам тез-тез тилга олинарди.

Қора тошдан ясалган ҳайкалча

Перси Фосетт ҳам худди шу афсоналарга қаттиқ ишонганлардан эканини юқорида таъкидладик. Америкалик Пэт Дэниелс ва Энн Хоранлар «Тилсимлаб ташланган жойлар» номли китобида шундай ёзишганди: «таниқли ёзувчи сэр Райдер Хаггард Фосеттга қора тошдан ясалган митти одамча ҳайкалини совға қилди. Унинг устига номаълум матнлар битилганди. Полковник ҳайкалчанинг келиб чиқишини аниқлаш мақсадида медиумга мурожаат қилди. Жавоб: «ҳайкалча Шимолий Африка ва Жанубий Америка ўртасида жойлашган нотўғри шаклдаги қуруқликдан келган». Ёзувчи уни айнан, Америкада топганди. Худди шу далилнинг ўзи полковникнинг қарорини кучайтирди».

Йўқ, Перси Фосетт катта хазина топиб, бойиб кетишни мутлақо ўйламаган. Нияти ― буюк илмларга эга бўлиш эди. Шу боис ҳам 1925 йилда бир неча кишидан иборат кичик экспедиция уюштирган.

— Инсон қадами етмаган жунгли, ўрмонлар буюк сирларни бағрида яшириб ётибди. Кимда ким биринчи бўлиб ўша сирларни оча олса ёки сирлилик пардасининг бир четини хиёл кўтариб назар ташлай олса, ўтмишга боғлиқ улкан сир-синоатлар очилади. Балки келажак ҳам очилар. Ана шунинг ўзиёқ таваккал қилиб кўришга арзийди, — деганди ўғлига.

Шундай қилиб, Фосетт жўнаб кетди. Орадан бир йил ўтиб, ундан умуман хабар ҳам келмай қўйган. Экспедиция дом-дараксиз кетганди. Аммо бу экспедицияга қизиқиш шунчалик катта эдики, то 1930 йилларнинг ўрталарига қадар уларни излашга мунтазам одамлар жўнатиб турилган. Фосеттнинг ўғли отасини қидиришдан тўхтамади. Худди шу ниятда Перу пойтахти Лимага кўчиб ўтди. Ўша ерда бир фаранг кишиси кенжа Фосеттга шундай дебди:

— Бундан бирор ойлар чамаси илгари жунглида бир ақлдан озган қарияни учратиб қолдим. Ўзини полковник Фосеттман, деб таништирди. Бориб қидириш-қидирмасликни эса ўзингиз биласиз, мсье.

Аммо кенжа Фосетт унинг гапларига унча ишонгиси келмади. Ким билсин, фаранг чиндан ҳам рост сўзлагандир? Аммо полковникнинг экспедицияси беному-нишон йўқолгани аниқ. Балки отаси ростдан ҳам излаган нарсасини топиб, сирлилик пардасини кўтаришга муваффақ бўлгандир? Ўша топгани эса полковникни ортга, ўзи яшаган ҳаётга қайтармаётгандир? Хуллас, бу каби жавобсиз қолаётган саволлар жуда кўп эди.

Фосеттнинг ўғли отасига тегишли барча маълумотларни нашларда чоп қилдирди. Унинг ҳужжатларида йўқолган шаҳар, «олтин одам», афсонавий Эльдорадо мамлакати ҳақидаги эслатмалар ҳам учрайди.

Шуниси диққатга сазоворки, бугунги кунда ҳам унинг изидан борувчилар сони камайгани йўқ.

*************

Эльдорадо1 (исп. el dorado, айнан — тилла югуртирилган, олтиндан, деб таржима қилинади) испанлар XVIXVII асрларда Жанубий Америкада, асосан, Ориноко ва Амазонка дарёлари оралиғида зўр бериб излаган олтинлар, дур-жавоҳирларга тўлиб-тошган афсонавий мамлакат. Конкистадорлар ўз қулоғи билан эшитган афсонада келтирилишича, Эльдорадо ҳукмдори ҳар куни эрталаб, олтин қумига буланиб, муқаддас кўлга шўнғир экан.

 Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech