20 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,2 °C

Бўш вақтда
11 Мая  2019 1209

СОДДАЛАР САЙЁРАСИ

(Роберт ШЕКЛИ)

 

Самовий учувчи Жонни Безик «Эс-Би-Си Эксплорейшнс» компаниясида хизмат қиларди. У Коинотнинг мутлақо номаълум ҳудудларини тадқиқ қила туриб, етиб бориш анчайин мушкул бўлган Сиргон юлдузлар тўдасини ҳам ўрганмоқда. Дастлабки тўрт сайёрада эътиборни тортувчи бирон нима кузатилмади. Безик бешинчисига яқинлашганида кема радиокарнайи жонланиб, паст товуш эшитилди.

― Сиз Лорис сайёраси атрофида парвоз қилмоқдасиз. Режангизга бизнинг сайёрага қўниш киритилганми?

― Ҳа, шундай, ― тасдиқлади Жонни. ― Дарвоқе, тилимизни қаердан биласиз?

― Сайёрамизга яқинлашаётганингизда машиналаримиздан бири кемангиз бортидаги компьютер маълумотлари асосида тилингизни ўзлаштириб олди.

― Буни қаранг-а, зўрсизлар-ку?!

― Бунинг унча қийинлиги йўқ, ― жавоб берди товуш. ― Биз ҳозир кемагиз компьютери билан бевосита алоқа ўрнатиб, орбитамиз ўлчамлари, тезлиги ва бошқа маълумотларни киритамиз. Қарши бўлмасангиз, албатта.

― Албатта йўқ, бемалол! ― деди Жонни.

Шундай қилиб, у ҳозиргина Ер тарихида биринчи бўлиб, ўзга онг вакиллари билан мулоқотга киришди.

Жонни оромкурсига ястанганча бошқарув пультидаги ускуналарнинг йўналиш ва тезликнинг ўзгаришини қайд этаётганини кузатарди. Видеоэкранда мовий, яшил ва жигарранг тусли, Ерга жудаям ўхшаш, Лорис сайёраси намоён бўлди. Фақат қуруқликлар чизиқлари ва шакли бошқача эди. Аммо Ерга шу қадар ўхшаш эдики, Безик беихтиёр: «кўчамиздаги йигитларни учратиб қолсам-а», деб ўйлаб қолди.

Улар, яъни фазодаги қўшнилари ақлли чиқиб қолишса, зўр бўларди-да. Ишқилиб, биздан ақл-идрок борасида устунроқ, жисмонан кучлироқ ва тажовузкорроқ бўлишмасин-да! Бундай қўшниларнинг калласига сизни ҳар нарсага гирифтор қилиш келиб қолишиям ҳеч гап эмас. Тўғри, ҳаммаси худди шундай бўлиши шарт эмас, аммо ёлғон айтиб ҳам нима қилди: биз шафқатсиз Коинотда яшаймиз ва унда ким-кимдан устун, деган азалий савол мавжуд.

Ердан самоларга бир мақсадда экспедиция жўнатиларди: агар қаердадир, қандайдир тирик жонзод бўлса, тинч-осуда кунларимизнинг бирида пайдо бўлиб, тинчимизни бузмасларидан олдин, яхшиси, биз, уларни топайлик. Ерликларнинг сценарийси бўйича мулоқот ҳамиша даҳшатли тараққиёт билан юзма-юз келишдан бошланарди. Тўғри, бошқача тахминлар ҳам йўқ эмасди. 

Ерликларнинг тахминича, ўзга сайёраликлар техника соҳасида биздан анча илгарилаб кетган бўлишлари мумкин. Баъзи фаразларга кўра, ўзга тараққиёт вакиллари фавқулодда психокинетик қобилият соҳиблари, гоҳида эса гўл бўлсалар-да, амалда ҳеч қандай нозик томонлари йўқ бўларди ― юрадиган ўсимликлар, ер қазиётган ҳашаротлар ва шунга ўхшаш кўринишда. Ерликлар одатда уларни ҳамиша шафқатсиз, жуда бадбашара ва бадахлоқ қиёфаларда тасвирлардилар. Тўғрида, ерлик йигитларга қиёслаб бўлармиди?

Бу масаланинг иккинчи даражали томонлари. Аммо асосийси ҳеч ўзгармасди: Ер ўзга қудратли тараққиёт билан мулоқотга киришади ва улар бизни забт этадилар.

Безик парвозлар орасидаги танаффуслар чоғи ўзига ўхшаган учувчилар билан бу борада жуда кўп суҳбатлашган.

Ҳадемай, ерликларни жиддий қизиқтирган ягона саволга жавобни билиб олади: улар бизними ёки биз уларни?..

Лорис ҳавосидан нафас олса бўларди, суви ҳам истеъмолга яроқли экан. Аҳолиси ― гуманоидлар. Гипнопедия усули ёрдамида улар Безикка лорисликлар тилидан сабоқ бериб, унга бош шаҳар Атиссни кўрсатдилар.

Жонни қанча кўп кузатгани сайин, шунча маъюс торта борди.

Лорисликлар ёқимтой, босиқ ва очиқкўнгил мавжудотлар экан. Сўнгги беш юз йил давомида уларнинг тарихи бирортаям уруш ёки қўзғолон кўрмаган. Туғилиш ва ўлим ўртасида мустаҳкам мувозанат ўрнатилган: аҳолиси жуда кўп бўлса-да, ҳаммага жой ва имкониятлар етарли эди. Ирқий фарқланиш мавжуд бўлса-да, улар ўртасида бирорта муаммо йўқ. Лорисликлар юксак ривожланган техникага эга, аммо атроф-муҳит тозалигига риоя қилишни қойиллатишаркан. Ҳар ким ўз севимли ижодий иши билан машғул. Барча оғир ишларни ўзини ўзи созловчи механизмлар бажаради.

Маҳобатли иморатлар, миноралар, саройларга эга улкан пойтахт Атиссда барча қулайликлар, бозорлару ресторанлар, истироҳат боғлари-ю, улуғвор ҳайкаллар, қабристону, томошагоҳлар, тамаддихоналару болалар ўйнайдиган қумли майдончалар ва ҳатто, тиниқ сувли дарё бор эди. Истаган нарсангнинг ҳаммаси. Энг қизиғи, овқатланиш, кийим-кечаклар, тураржой ва сайру томоша-ю, ўйин-кулгининг ҳаммаси бепул. Исталган киши истаган нарсасини олади, истаган нарсасини беради ва бунинг бари қандайдир йўл билан мувозанатда ушлаб турилади. Шу боис унда Лорисда пул масаласида муаммо туғилгани йўқ. Ҳатто, қулфга ҳам ҳожат йўқ эди: Лорисдаги барча эшиклар оддийгина фикрий буйруқ ёрдамида очилиб-ёпиларди.

Аммо бир нарса жуда қизиқ эди: Жонни қанча синчковлик билан кузатмасин, унга шунча Лорисда сайёрани бошқарадиган ҳукумат йўқдай туюларди. Тўғри, Келажакни Лойиҳалаштириш Бюроси раҳбари Веерх исмли кимса ҳукмдорга ўхшаб кетарди. Лекин у ҳеч қачон фармойишлар чиқармас экан ― фақат вақти-вақти билан иқтисодий, ижтимоий ва илмий воқеаларни башорат қиларкан, холос.

Безик буларни бир неча кун ичида билиб олди. Бунда унга Хелмис исмли махсус тайинланган кузатувчи дурустгина ёрдам берди. Унинг ақллилиги, сабр-тоқати-ю, топқирлиги, беҳад ҳазилкашлиги, ўз ишига танқидий кўз билан қарай олиши ва фаросатлилиги Жоннига сира ёқмади.

Ҳашаматли меҳмонхонадан ажратилган хонасида ҳордиқ онлари хаёлга чўмган Жонни лорисликлар кутиш мумкин бўлганидан ҳам ортиқ даражада ерлик инсонларнинг азалий орзуси ― бекамукўст яшашга эришишга қанчалик яқин туришганини англади. Афтидан, улар мутлақо барча устунликларга эга эдилар.

Ерликларнинг ўзга сайёраликлар, ҳатто, энг ҳимматлиларининг ҳам, мусиқасига ўйнашни хоҳламасликлари аниқ.

Безик лорисликларнинг ўзини ўту чўққа уришни ёқтирмаслигини, тинчгина уйда ўтиришни яхши кўришларини, ўзгаларнинг ҳудудига кўз олайтирмаслигини, ҳеч кимни забт этишни исташмасликларини ва «босиб олиш» тушунчасининг ўзи уларга бутунлай ётлигини ўз кўзлари билан кўрди. Бироқ бошқа томондан, уларнинг агар Ерга нисбатан нимадир қилишмаса, Ер уларга нисбатан аниқ нимадир қилишини англаб етмасликлари мумкин эмасди…

Эҳтимол, ҳеч қандай муаммо пайдо бўлмаслигиям мумкин. Эҳтимол, лорисликлар каби ўта донишманд, ишонувчан ва тинчликсевар халқда ҳеч қанақа қуролнинг ўзи йўқдир.

Аммо эртаси куни Хелмис унга Қадимги Сулоланинг Фазовий Флотини томоша қилишни таклиф қилганида Безик ўз эҳтимоллари борасида иккиланиб қолди.

Минг йиллардан бери ҳаракатсиз турган Флотдаги етмишта кеманинг барчаси парвозга шай ҳолатда эди.

― Бизга тарихдан маълумки, қадимги Сулоланинг сўнгги ҳукмдори Тормиш II тирик ўзга жонзотлар яшайдиган барча сайёраларни забт этишни режа қилган экан, ― тушунтириш берди Хелмис. ― Яхшиямки, ниятини амалга оширишга киришишидан илгарироқ халқимизнинг ақли кирган.

― Аммо кемаларни нега сақлаб қўйгансизлар? ― сўради Жонни.

Хелмис елкасини қисди.

― Бу бизнинг ўтмишда аждодларимизнинг ўйламай қилган ишлардан хотира. Кейин агар бизга четдан ҳужум қилиб қолишса… Ҳимояланишга уриниб кўрамиз.

— Чакки ўйламабсизлар, ― сўз қотди Жонни. Ўзича чамалади: яқин икки юз йиллар ичида биттагина ана шундай кема ерликлар фазога олиб чиқиши мумкин бўлган барча кемаларга бемалол қарши жанг қилиши мумкин.

Лорисдаги ҳаёт ана шундай эди. Мутлақо бенуқсон. Даҳшатга соладиган даражада бенуқсон.

Ростдан ҳам у шунчалик беқусурмикан? Жонни ҳам барча ерликлар каби ҳар тўкиснинг бир камчилиги борлигига ишонарди, албатта. Бунинг ҳам қандайдир ғайриқонуний йўли бўлиши керак, дея ўйларди у. Ахир ҳамма вақт ҳам барчаси силлиқ бўлавермайди-ку?!

У танқидий кўз билан кузатарди, чамаларди, таққосларди. Лорисликларда полиция бўлиб, «мураббийлар» дейишаркан ва улар ўзларини фавқулодда адабли тутишарди. Бироқ моҳиятан полициячи эдилар. Бу жиноятнинг мавжудлигини кўрсатарди.

Хелмис Жоннининг хулосаларини тарқатиб юборди.

― Тўғри, бизда генетик ўрнатилган меъёрдан четлашиш каби алоҳида ҳолатлар учраб туради, лекин жиноятчилик мутлақо йўқ. Мураббийлар қонунни ижро этишдан кўра, кўпроқ таълим бериш билан шуғулланадилар. Исталган фуқаро ўз шахсий хатти-ҳаракатлари борасида мураббийнинг фикри билан қизиқишга ҳақли. Агар у билмасдан қонунни бузган бўлса, мураббий буни унга тушунтириб қўяди.

― Кейин ҳибсга оладими?

― Йўқ! Фуқаро узр сўрайди ва шу билан масалага хотима берилади.

― Агар фуқаро қонунни такрор ва такрор бузса-чи? Бунда мураббийлар қандай йўл тутадилар?

― Бунақаси бўлмайди.

― Борди-ю, бўлса-чи?

― Билишимча, мураббийлар барча вазиятларга ечим топа оладилар.

― Жуда содда ва гўл эканлар-ку?! ― шубҳали пўнғиллади Жонни.

Мураббийларни содда ва гўл дейишга деди-ю, бироқ Лорисда ишлар чиндан ҳам жуда яхши йўлга қуйилганди. Ҳамма ёқда хурсандчилик ва мукаммаллик ҳукмрон. Мураббийлар ўзларини фавқулодда камтар тутишарди. Йўлларда ҳеч қачон тиқилинчлар бўлмасди, ҳеч ким бир-бирининг асабини бузмасди. Миллионлаб автоматик тизимлар шаҳарга ҳаётий муҳим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириб, чиқитларни олиб чиқиб кетади. Барча шод-хуррам, бошқалар билан мулоқотдан лаззат оладилар ва санъат билан шуғулланадилар.

Ҳақиқий жаннатнинг ўзгинаси. Ҳатто, Безикнинг ҳам буни тан олмасдан иложи қолмади. Унинг кайфияти тобора тушиб борарди.

Жонни зўрға икки ҳафта чидади. Кейин бир куни автомобиль рулида кетаётиб (автомобиллар қўлда бошқариларди), бурилиш сигналини бермасдан, машинани кескин чапга бурди.

Бу пайтда ортда келаётган машина уни чап томондан қувиб ўтмоқчи бўлиб, энди-энди тезлик олаётганди. Автоҳалокат келиб чиқишига бир баҳя қолди. Машиналар айланиб кетиб, бир-бирига қараб қолиб тўхтади. Жонни ва нариги машина ҳайдовчиси чиқишди.

― Сал эҳтиёт бўлгин-да, ошна! ― деди ҳайдовчи қувноқ оҳангда. ― Тўқнашиб кетишимизга оз қолди-я?!

― Минг лаънат, қанақасига тўқнашиб кетай, дедик? ― пўнғиллади Жонни. ― Ўзинг йўлимни тўсдинг-ку?!

Ҳайдовчи дўстона кулди.

― Менимча ундай эмас. Ким билсин, тағин… тан оламанки…

― Менга қара, ― гапни шартта бўлди Жонни. ― Сенинг ярамас диққатсизлигинг туфайли икковимиз ҳам сал бўлмаса нариги дунёга равона бўлай дедик.

― Аммо сиз, сўзсиз мендан олдинда эдингиз, кескин бурилиш эса…

Жонни кескин олдинга юрди ва таҳдидли овозда бўкирди:

― Ҳўв, менга қара, бўлмағур гапни йиғиштир. Сен айбдорсан, деб неча марта айтиш керак?

Ҳайдовчи яна кулди. Аммо асабийлаша бошлагани сезилиб турарди.

― Айбдорни аниқлашни гувоҳлар судига ҳавола этишни таклиф қиламан, ― деди қисқагина қилиб у. ― Ишончим комилки, бу ерда турган барча яхши кишилар…

Жонни бош чайқади.

― Менга ҳеч қандай гувоҳларнинг кераги йўқ, ― деди у. ― Нима бўлгани ва бунда сен айбдор эканингниям яхши биламан.

― Афтидан, мутлақо ишончингиз комилки…

― Бўлмасамчи, ― ғазаб отига минди Жонни. ― Бунга ишончим комил ва худди шундай бўлдиям.

― На чора, у ҳолда…

― Нима, у ҳолда?

― У ҳолда, ― деди ҳайдовчи, ― менинг кечирим сўрашимга тўғри келади.

― Ҳа, энг камида шундай қилишинг керак, ― деди Жонни гердайганча. Кейин машинасига ўтирди-да, рухсат этилмаган тезликда кўздан ғойиб бўлди.

Ана шу ҳодисадан сўнг Жонни бир оз енгил тортгандай бўлди. Аммо барибир лорисликларнинг устунлигини ҳазм қила олмасди, уларнинг сермулоҳазалиги-ю, дўстона муносабатлари ғашига тегарди.

У хонасига Лорисда фақатгина тиббий мақсадларда ишлаб чиқариладиган спиртли ичимликдан икки шишасини олиб қайтди. Қуйиб ичди ва ғамгин хаёлларга берилди.

Кўп ўтмай ахлоқ бўйича маслаҳатчи келиб, унинг шосседаги хатти-ҳаракати учига чиққан қўполлик ва ёввойилик эканини таъкидлади. Буни у одоб билан баён қилди, албатта.

Жонни унга даф бўлишини айтди. Маслаҳатчи эса гапиришда давом этарди. У даволанишни таклиф қилди. Ҳатто, буни қаттиқ талаб қилди ҳам. Негаки у ҳаддан ташқари ёвузлик ва тажовузкорликка мойил ва бу Лорис фуқаролари учун хавфли эмиш!

Безик маслаҳатчидан яна бир бор йўқолишни сўради. Маслаҳатчи эса муаммони ҳал этмай туриб, кетишни истамасди. Жонни уни эшикдан итариб чиқариб юбориб, муаммони ҳал этди-қўйди.

Ҳайратга тушган маслаҳатчи ўрнидан турди. Эшик ортидан туриб Жоннига ишнинг барча жиҳатлари ойдинлашмагунча ҳеч қаёққа чиқмай туришига тўғри келишини маълум қилди.

― Шундай қилиб кўринглар-чи, нима қиларканман, ― деди маънодор қилиб Жонни.

― Ташвишланманг, ― ишонтирди маслаҳатчи. ― Бу кўп вақтни олмайди ва нохуш ҳиссиётлар уйғотмайди. Биз маданиятларимиз ўртасидаги тафовутни яхши англаймиз. Аммо назорат қилинмайдиган ва асосланмаган зўравонликка йўл қўя олмаймиз ҳам.

― Агар ўзларингиз қитиқ патимга тегмасаларингиз, жаҳлим чиқмайди, ― деди Жонни. ― Асосийси, жаҳлимни чиқарманглар ва мени қамаб қўйишни халёлингизга ҳам келтирманг.

― Қоидаларимиз мутлақо кундай равшан. Ҳадемай, бу ерга мураббий келади. У билан баҳслашмасликни маслаҳат бераман.

― Бу дейман, ўзингизга муаммо излаётганга ўхшайсиз, ― деди дона-дона қилиб Жонни. ― Бўпти, кўрамиз. Кўнглингизга келганини қилинг. Мен ҳам кўнглимга келганини қиламан.

Маслаҳатчи кетди. Жонни эса ичиб, яна хаёлга чўмди. Мураббий келди. Қонуннинг расмий вакили сифатида мураббий Жоннидан сўзсиз итоатни кутганди, албатта. Бироқ ерликнинг буни хаёлига ҳам келтирмаганини кўриб, ҳайрати ошди. Бундай бўлиши мумкин эмас! Мураббий янги кўрсатмалар олиш учун кетди.

Жонни эса ичишда давом этди. Бир соат ўтгач, мураббий қайтиб келиб, агар бунга зарурат туғилса, уни куч ишлатиб олиб кетиш ваколатига эга эканини маълум қилди.

― Ростданми? ― сўради Жонни.

― Ҳа. Хуллас, мени бунга мажбур этманг…

Жонни униям куч ишлатиш заруратидан халос этиб, эшикдан итариб чиқариб юборди.

Безик хонасини чайқалиб-чайқалиб тарк этди. Мураббийга ҳужум қилиш ― оғир айб эканини биларди. Бундан осонгина қутулиб кета олмаслиги аниқ. Кемасига қайтиб, эсон-омон бу ердан жуфтакни ростлашга қарор қилди. Улар, албатта, учишга халақит қилишлари ёки уни ҳавода уриб туширишлари мумкин. Ўзларини қийнаб ўтиришмаса керак. Қайтанга қутулганларига қувонишлари турган гап.

Безик кемага бирон саргузаштсиз етиб борди. Кема атрофида эса йигирма чоғли ишчи куймаланишмоқда. Устабошига зудлик билан учиб кетиши кераклигини айтди. У эса бундай қила олмаслигидан қаттиқ хижолатда эканини билдирди. Двигатель сочиб ташланган, уни тозалаб, замонавийлаштиришмоқда. Лорис халқининг камтарона ва дўстона туҳфаси эмиш!

― Менга яна беш кун вақт беринг ва сиз Орионнинг ғарбидаги энг тезучар кемага эга бўласиз, ― ваъда берди устабоши.

― Жин урсин, зўр бўлардику-я! ― деди Жонни. ― Қулоқ солинг, мен жуда-жуда шошяпман. Двигательни тезроқ йиғиб, ўрнатишнинг сира иложи йўқми?

― Агар кеча-кундуз тинмай ва тушликка танаффусларсиз ишласак, уч ярим кунда дўндирамиз.

― Оббо! ― ингради Жонни. ― Қайси аҳмоқ сизларга кемага тегинсин деди?

Устабоши узр сўрай бошлади. Жонни бундан янада қутуриб кетди. Тўсатдан тўрт нафар мураббийнинг пайдо бўлиши, навбатдаги асоссиз зўравонликнинг олдини олди.

Безик улардан қочиб, ўзини кичик кўчалар лабиринтига урди. Энсиз тош йўлакдан қочиб бормоқда. Кўп ўтмай, унинг йўлини ёпиқ эшик тўсди. Унга фикран очилишни буюрди. Очилмади. Бундай қутуриб кетган Безик фикрий буйруғини такрорлади. Фикрий буйруқ шу даражада кучли бўлдики, натижада атрофдаги бошқа эшиклар ҳам шарақлаб очилиб кетди… Мураббийлардан қутулган Безик нафас ростлаш учун тўхтади.

Бунинг узоқ давом этмаслиги кундай равшан эди. Бирорта режа ўйлаб топиш керак. Аммо бутун бошли Лорис сайёраси таъқиб қилаётган битта ерликка қандай режа ёрдам бериши мумкин? Яримтаям имконияти йўқ.

Кутилмаганда Жоннининг калласига бир фикр келиб қолди: бу ернинг ҳукмдорини топиб, агар одамлари эсини йиғиб олмаса, уни ўлдираман, деб қўрқитиш.

Лекин бу фикрнинг бир камчилиги бор эди ― бу халқда ҳукмдорнинг ўзи йўқ. Лорисликларнинг инсонларга ўхшамайдиган хусусияти.

Шунга қарамасдан, уларнинг бир нечта ўта муҳим амалдорлари бор эди. Масалан, Веерх. Албатта, бундай катта одамни қўриқлашлари аниқ. Бироқ лорисликларнинг бунга ақллари етмаган бўлишлари ҳам мумкин. Бирам содда одамларки.

Топди! Мана, ўша бутун бошли сайёранинг нозик томони. Аҳолиси жуда содда ва гўл. Бундан фойдаланиб қолмаслик эса ― гуноҳ.

Ўткинчи унга дўстона жилмайганча манзилни тушунтирди. Келажакни Лойиҳалаштириш Бюросига тўрт квартал қолганида Безикни йигирма кишидан иборат мураббийлар тўдаси тўхтатди.

Улар унинг таслим бўлишини талаб қилишди. Талаб шу даражада ишончсизлик билан айтилдики… Жоннининг миясига уларга фақат ҳибсга олиш буюрилган ва буни илк бор қилишмоқда, деган фикр келди. Биринчидан, улар тинчликсевар, сермулоҳаза фуқаролар, иккинчидан ― полициячилар.

― Кимни ҳибсга олмоқчисизлар? ― сўради у.

― Жонни Безик исмли ўзга сайёраликни, ― деди катта мураббий.

― Буни эшитганимдан хурсандман, ― деди Жонни. ― У менгаям жуда кўп ёмонлик қилган.

― Аммо ўша сиз…

Жонни хохолади.

― Ҳафсалангизни пир қилаётганимдан жуда афсусдаман, бироқ ўша мен эмасман. Лекин бизнинг бир-биримизга ўхшаб кетишимиздан хабарим бор.

Мураббийлар юзага келган ҳолатни муҳокама қила бошладилар.

Жонни гапида давом этди:

― Қулоқ солинг, дўстларим. Ўзим анави уйда туғилганман, мени хотиним ва тўрт фарзандим билан қўшиб ҳисоблаганда йигирматача киши таниши мумкин. Сизга яна қанақа исбот керак?

Мураббийлар яна кенгаша бошладилар.

― Бунинг устига, ― бўш келмади Жонни, ― наҳотки, чиндан ҳам мени ўша хавфли ва бетийиқ жиноятчи, деб ўйлаётган бўлсангиз? Фикримча, бундай эмаслигини ўзингиз ҳам тушуниб турибсизлар.

Катта мураббий узр сўради.

Жонни эса йўлида давом этди. Мақсадга эришишига бир квартал қолганида Безик мураббийларнинг янги гуруҳига рўбарў келди. Улар орасида собиқ гид Хелмис бор экан. Бу гуруҳ ҳам унга таслим бўлишни таклиф қилди.

― Менинг бунга вақтим йўқ, ― деди Безик. ― Буйруқларингиз бекор қилинган. Ҳозироқ сизларга кимлигимни ошкор этишга ваколатим бор.

― Биз сизнинг аслида ким эканингизни яхши биламиз, ― деди Хелмис.

― Агар билганингизда уни ошкор қилишимга ҳожат қолмасди, тўғрими? Диққат билан эшитинг. Мен лорисликман, бундан кўп йиллар муқаддам ўта муҳим топшириқни бажариш учун мени тажовузкорликка ўқитишган. Ўша топшириқ бажарилди. Режалаштирилганидек, мен қайтиб келдим. Лорисдаги ҳаётни текшириб кўриш учун бир-икки жойда тажрибалар ўтказдим, холос. Натижалар эса ўзингизга маълум. Аммо улар ирқнинг яшаб қолиши нуқтаи назаридан жуда ташвишли. Мен зудликда ушбу муаммони Келажакни Лойиҳалаштириш Бюросида Бош Лойиҳачиси билан муҳокама қилишим зарур. Дарвоқе, сизларга яна мутлақо махфий бир сирни айтиб қўяй, аҳволимиз ўта жиддий ва ўйлаб ўтиришга деярли фурсат қолмаган.

Шошиб қолган мураббийлар Жоннидан айтган гапларини тасдиқлашини талаб қилдилар.

― Айтдим-ку, вақт ғаанимат, деб. Агар бунга вақтим бўлганида бажонидил тасдиқлаб берган бўлардим.

― Жаноб, бизга буйруқ бўлмагунча кетишингизга йўл қўя олмаймиз.

― У ҳолда сайёрамизнинг эҳтимолий ҳалокати сизларнинг виждонингизга ҳавола.

― Унвонингиз қанақа, жаноб? ― сўради офицер-мураббий.

― Ҳар ҳолда сизникидан баланд, ― тез жавоб берди Жонни.

Офицер қарорга келди.

― Қандай буйруқ бўлади, жаноб?

Жонни жилмайди.

― Хотиржамликни сақланг. Ваҳимани қувинг. Келгуси кўрсатмаларни кутинг.

Безик ишонч билан йўлини давом эттирди. Бюро эшигига етиб ҳам келди ва фикран эшикка очилишни буюрди. Эшик очилди. Аммо киришга улгурмади.

― Қўлингизни кўтаринг ва эшикдан нари кетинг! ― деган кескин буйруқ эшитилди орқа тарафдан.

Безик ўгирилиб, ўн чоғли мураббий турганини кўрди. Ҳаммаси қуролланган.

― Отишга ҳаққимиз бор, ― огоҳлантирди улардан бири. ― Алдайман, деб овора бўлманг. Бизга гапларингизга қулоқ солмаслик ва қандай бўлмасин сизни қўлга олиш буюрилган.

― Сизларга сира гап уқтириб бўлмас эканда?!

― Энди юринг.

― Қаёққа?

― Қамоқхонага. Сиз учун эски қамоқхоналардан бирини махсус очдик. Барча шароит яратилади, албатта. Судья ўзга сайёраданлигингиз ва маданиятингизнинг паст даражасини ҳисобга олган ҳолда ишингизни кўриб чиқади. Шубҳасиз, огоҳлантириш оласиз, ва ўйлайманки, Лорисни зудликда тарк этасиз.

― Шунақа денг?! Ростдан ҳам шундай осон қутуламанми?

― Бизни шундай, дея ишонтиришди, ― деди мураббий. ― Биз онгли ва раҳмдил мавжудотлармиз. Сизнинг қаҳрамонона қаршилигингиз юқори баҳоланган.

― Миннатдорман.

― Энди эса бунга хотима берилди. Ўз ихтиёрингиз билан таслим бўласизми?

― Йўқ.

― Кечирасиз, тушунмадим.

― Сизлар мен, умуман, ерликлар ҳақида ҳеч нима билмайсиз ва тушунмайсизлар ҳам. Мен манави эшикдан кирмоқчиман.

― Агар бундай қилсангиз отишга мажбур бўламиз.

― Майли, отаверинглар, ― деди Жонни. ― Падарига лаънат ҳаммасининг!

Ва ўзини эшикдан ичкарига урди. Мураббийлар эса отишмади. Келажакни Лойиҳалаштириш Бюроси йўлагидан кета туриб, орқа тарафдан мураббийларнинг баҳслашаётганини эшитди.

     Кўп ўтмай у Бош Лойиҳачи Веерхга рўбарў келди. У миттигина ва жуда босиқ киши экан.

― Салом, ― деди Бош Лойиҳачи. ― Марҳамат, ўтиринг. Мен ҳозиргина Ер ва Лорис ўртасидаги ўзаро муносабатлар башоратини тугатдим.

― Бу гапни қўйинг, ― маслаҳат берди Жонни. ― Менинг бир-иккита осонгина илтимосим бор, ва ишончим комилки, уларни мамнуният билан бажарасиз. Йўқса…

― Буни билиб қўйиш сиз учун жуда қизиқарли, деб ўйлайман, ― унинг гапини бўлди Веерх, ― биз ерликларнинг руҳий феъл-атворига доир хусусиятларни лорисликларники билан таққослаб кўриб, хулоса чиқардик. Ҳукмронлик учун ўртамизда тўқнашув юз бериши аниқ. Бунинг ташаббускори эса сизлар бўласизлар. Сиз ерликлар ким зўрлигини аниқламагунча тинчимайсизлар. Тараққиёт даражангизни ҳисобга оладиган бўлсак, шундай йўл тутишингиз турган гап. Тўғри, техника нуқтаи назаридан сизларда бирортаям имконият йўқ. Биз саноқли лаҳзаларда сизнинг исталган флотингизни йўқ қилиб юборишимиз мумкин.

― У ҳолда хавотирга тушмасангиз ҳам бўларкан.

― Бироқ техника борасидаги устунлик руҳият каби муҳим аҳамиятга эга эмас. Сиз, ерликлар, етарлича ақллисизлар ва бизга тўғридан-тўғри ҳужум қилмайсизлар. Келишувлар, таҳдидлар, қоида бузишлар, яна келишувлар, ҳужум, изоҳ беришлар, бостириб киришлар, жанглар ва ҳоказолар. Тўғри ва ақлли ечим топишни истаб ўзимизни гўёки сизлар мавжуд эмасдек тута олмаймиз ҳам. Бу худди сизлар учун бизни тинч қўйишнинг иложи йўқлиги каби, биз учун ҳам иложсиз. Бизлар ростгўй, босиқ ва ҳалол мавжудотлармиз. Сизнинг халқингизга эса тажовузкорлик, салга ловуллаб кетиш ва ҳайрон қоларли даражадаги маккорлик хос. Барча ҳолатларни ҳисобга олсак, биз, сизларга руҳий жиҳатдан қаршилик кўрсата олмаймиз.

― Ҳмм, Буни қаранг-а! ― деди Жонни. ― Бунақа гапларни эшитиш жуда ғалати бўларкан. Менинг бирор маслаҳат беришим тентаклик бўлару аммо ўйлаб кўринг, барини яхши тушунаркансиз, нега бунга мослаша қолмайсизлар?

― Ҳеч ким ўз истагига қараб маданиятини бир лаҳзада ўзгартира олмайди, ― деди Бош Лойиҳачи. ― Хўп, ўзимизни ўзгартира олдик ҳам дейлик. Бунда биз сизларга ўхшаб қоламиз-ку?! Очиғини айтганда, бу бизга тўғри келмайди.

― Ҳа, бу табиий, ― деди тан олиб Жонни.

― Мўъжиза юз бериб, халқимиз жангариликни ўзлаштирди ҳам дейлик. Бари бир сизлар минг-минг йиллар давомида тажовузкорлик йўлидан бориб ўзлаштирганингизни биз, бир неча йил ичида ўзлаштира олмаймиз. Қуроллар борасидаги устунлигимизга қарамасдан, биз, афтидан, мағлубиятга маҳкуммиз. Негаки, бу ўйинда сиз жорий этган қоидаларга асосан ўйнашимизга тўғри келади.

Жоннининг кўзлари қисилди. Унинг фикрлари бошқача йўлдан кета бошлаганди. Лорисликлар жуда ишонувчан, ҳаддан ташқари содда ва гўл мавжудотлар. Бирон-бир тинчлик битимини баҳона қилиб, кутилмаганда уларнинг кемаларидан бирортасини қўлга киритиш қийинчилик туғдирмайди. Балки иккита ёки учтасини… Кейин эса…

― Кўриб турибман, сиз ҳам худди шундай фикрга келдиниз, ― таъкидлади Веерх.

― Биз чиндан ҳам, сизлардан фарқли ўлароқ, биринчи бўлишга жон-жаҳдимиз билан ёпишамиз, ― деди Жонни. ― Лорисликлар ҳаддан ташқари ҳалол кишилар, улар ҳамиша, ҳатто, бу ҳаёт-мамот масаласи бўлса ҳам, қоидаларга амал қиладилар. Биз, ерликлар эса, унчалик ийманиб ўтирмаймиз, ғалабага эришиш учун ҳеч нарсадан жирканмаймиз ҳам. Сиз сайёрангизни ҳимоя қила олмайсиз.

― Бизнинг таққослаш хулосаларимиз ҳам шундай, ― деди Веерх. ― Биз, хуллас, вақтни тежаш ва халқимизни хавф остида қолдирмаслик учун ҳозироқ сизни ҳукмдоримизга айлантиришга қарор қилдик.

― Нима???

― Бизга ҳукмдор бўлишингизни истаймиз.

― Шахсан мен-а?!

― Ҳа, шахсан сиз.

― Ҳазилни йиғиштиринг, ― тўнғиллади Жонни.

― Бунинг мутлақо ҳазили йўқ, ― қатъий деди Веерх. ― Биз, лорисликлар ҳеч қачон алдамаймиз ва буни сиз яхши билиб олгансиз. Мен сизга башоратни етказдим. Бошқа ўйлардан ўзини соқит қилиб, керакли қарорни қабул қилиш ― энг ақлли иш бўлган бўларди. Бизга ҳукмдор бўлишга розимисиз? Агар истамасангиз ― ушбу лавозимга бошқа бирорта ерлик номзодни кўрсатиб, унинг бу ерга етиб келишига ёрдам бера оласизми?

     ― Роса кутилмаган таклиф бўлди-ку?! ― деди ўзига ўзи Жонни. ― Қанақа, жир урсин, бошқа номзод? Бўпти, сизнинг сайёрангиз билан шуғулланишга тўғри келади. Мен сизларга шафқатли ҳукмдор бўламан, чунки менга ёқиб қолдингиз.

― Сиздан миннатдормиз, ― деди Веерх. ― Руҳан бажариб бўлмайдиган вазифани юкламагунингизча бизга ҳукмдорлик қилиш қийинчилик туғдирмаслигига ҳали ўзингиз амин бўласиз. Аммо ватандошларингиз сизга бундай таклифни ҳеч қачон қилмасалар керак. Бунинг уларга ёқмаслиги аниқ.

― Ҳа, нимасини айтасиз… ― истеҳзоли кулди Жонни. ― Улар сизлар каби содда ва гўл эмаслар. Шундай қилган тақдирларида ҳам мени тахтдан қулатиш ва ўрнимга ўз йигитларидан бирортасини ўтқазиш учун ҳеч нимадан қайтишмайди. Бироқ сиз лорисликлар мени қўллаб-қувватларсиз?

― Хислатларимиз ўзингизга маълум. Сиз учун курашишга тайёрмиз. Бироқ биз, ҳукмдорлик ваколатига эга кишигагина бўйсунамиз.

― Афтидан, сизлардан бошқасини кутиб бўлмайди, ― деди Жонни. ― Ерга қарши кураш учун мутлақо ярамайсизлар. Жудаям соддасизлар, ўз мустақиллигингизни сақлаб қолишга қодир эмассизлар. Буни биз, мустақиллик учун минг-минг йиллар давомида курашган ерликлар қила оламиз. Ердан бир нечта ишончли ва содиқ йигитларни чақиртириб оламан… Ҳа-а, ишнинг бу ёғи роса ғалати бўлди-ку?!

  ― Афсуски, бунда сизга ёрдам бера олмайман, ― деди Бош Лойиҳачи. ― Тан олишим керакки, бунақа ишларни сира тушунмайман.

Жонни қовоғини уйиб, пешанасини артди, сўнг бошини қашиди. Кейин деди:

― Хўш… Бўлди, мен нима қилишим кераклигини тушундим, сиз-чи?

― Ўйлашимча, бунинг кўплаб йўллари бор.

― Йўли фақат битта, ― чертиб-чертиб гапирди Жонни. ― Эртами-кечми Ерни забт этишим керак. Йўқса, улар мени забт этадилар. Яъни бизни. Бу шундоғам тушунарли эмасми?

― Шундай бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

― Бу айни ҳақиқат! Ё мен уларни ёки улар мени.

Бир оз жим тургач, Жонни давом этди:

― Бундай бўлиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Икки ҳафта ичида оддий самовий учувчидан бутун бошли сайёра ҳукмдорига айланиш ҳазил гапми. Энди Ерни забт этишим керак ва бу фикрга бир оз кўника олмай турибман. Дарвоқе, бундан фақат ўзларига яхши бўлади. Ўша маймунларга тараққиёт олиб келамиз, уларга қандай яшаш кераклигини ўргатиб қўямиз. Вақти келиб, раҳмат ҳам айтишади.

― Менга бирор топшириғингиз борми? ― сўради Веерх.

― Қадимги Сулола Флоти ҳақида барча маълумотларни олишни истайман. Аммо бундан олдин, адашмасам, тож кийдириш маросимини ўтказиш керак. Йўқ, олдин мени император деб эълон қилувчи референдум, кейин тож кийдириш маросими ўтказилиши керак. Буни ҳал қила оласизми?

― Зудлик билан шу ишга киришаман, ― деди Бош Лойиҳачи.

Ўзларининг соддаликлари ва ҳимоясизликларини кўрсатсалар-да, лорисликлар шундай йўл билан жангари ҳукмдорга эга бўлдилар. Фазовий флотига ёллама учувчиларни, албатта, Ердан танлаб олади. Жангавор ҳаракатлар эса бевосита Ер ва унинг атрофида бўлади.

Ахир, лорисликлар инсонлар билан уруш олиб боришга ҳаддан ташқари соддалик ва гўллик қиладилар.

Рус тилидан

Нурпўлат НУРҚУЛОВ таржимаси

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech