15 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +17,8 °C

Саломатлик
27 Дек  2018 1642

Сиз чекасиз, жабрини бошқалар тортади

Бугунги кунда “Чекиш саломатлигингиз учун жуда хавфли”, “Чекиш инсонни ўлдиради”, “Чекиш ўпка ракига олиб келади” каби иборалар ёд бўлиб кетди. Ҳатто ҳар бир сигарета қутисида катта-катта қилиб ёзилмоқда. Шиор қилиб олганмиз. Тадбирларда шу гапларни айтамиз, ёшларга бу хавфли эканини уқтирамиз. Аммо сўзимиз ва амалимиз турлича. Насиҳатда ҳаммадан олдин юрганлар, ўрнак бўлишга келганда ўзини четга олади.

Бу бепарволик ўзи ва яқинлари жонига қасд қилиш эмасми?

Тамакини мунтазам истеъмол қилиш, аввало, унга ўрганиб, боғланиб қолишга олиб келади. Саломатликка жиддий зиён келтиради. Юрак ишемик касаллиги, инсульт ва периферик томирлар касалликлари ривожланишининг хавфли омилларини келтириб чиқаради. Дунё бўйича юрак-қон томир тизими касалликлари туфайли вафот этаётган одамлар сони йилдан-йилга ошмоқда. Ҳар йили глобал тамаки эпидемияси деярли 7 миллион инсон умрига зомин бўлмоқда. Энг ачинарлиси, улардан 900 мингдан ортиғи чекмайди, лекин тамаки тутуни таъсири остида заҳарланганлардир.

Тадқиқотлар натижаси, тамаки маҳсулотларига ружу қўяётган ёшларнинг аксарияти ота-онасидан ўрнак олиб, кашандага айланаётганини кўрсатмоқда. Бир кунда ер юзидаги ўртача юз минг нафар ўсмир катталарга – ота-онаси, қўни-қўшни ёки яқинларига тақлид оқибатида шу иллат домига тушмоқда. Айни вақтда 13-15 ёшли ҳар 5 нафар ўсмирнинг бири  чекади.

Шифокорларнинг таъкидлашича, сигарет таркибидаги зарарли моддаларнинг 14 таси гиёҳванд модда ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тамаки пассив наркотик, деб эълон қилинган. Кашандалар турли хасталикларни тамаки орқали ўзларига чақираётганини ҳатто ўйлаб кўрмайди.

Юртимизда тамакининг аҳоли саломатлиги ва мамлакат иқтисодиётига етказадиган зарари ҳисобга олиниб, унинг истеъмолини тартибга солиш мақсадида 2011 йил 5 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган эди. Аммо бу борадаги кўплаб саъй-ҳаракатлар ҳам одамларнинг фикрларини ўзгартириш учун етарли бўлмаяпти. Айниқса, ўсмир ёшида бунга ружу қўяётган ўғил-қизлар бу одатни кейинчалик хоҳлаб ҳам тарк этолмаяпти.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида бугун аҳоли орасида тамаки истеъмолини камайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Хусусан, тамаки маҳсулотларига солиқлар ставкаси оширилиб, унинг тутунидан холи муҳит яратиш учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Шу билан бирга, назорат қилиш усуллари кучайтирилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Аслида атроф-муҳитга зарар келтираётган, ифлослантираётган фуқароларга нисбатан кўпам қарши фикр билдиравермаймиз. “Менга нима” деган лоқайдлик онгимизга сингиб кетган. Аммо ўйлаб кўрилса битта инсоннинг чекиши ўзидан кўра кўпроқ атрофдагиларга ёмон таъсир қилади. Шу юртда яшайдиган ҳар бир инсон содир бўлаётган воқеа-ҳодисага бефарқ бўлмаслиги, огоҳлантиришни ўзининг вазифаси, фуқаролик бурчи, деб ҳисоблаши давлат ривожи, жамият тараққиётига хизмат қилади.

Сигарет чекаётган ҳамкасбларимиз ҳам қилган ишларидан, эътиборсизлигидан хижолат бўлади. Эҳтимол, шу каби амалий чора-тадбирларга кўпроқ аҳамият бериш керакдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европадаги бюроси томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Кашандаликка қарши курашиш мақсадида ташкил этилган мазкур йўл харитасининг асосий мақсади тамаки билан боғлиқ касалланишларнинг олдини олиш ва бунинг учун тамакидан холи ҳудудни ташкил этишдир.

Шу асосда юртимизда ҳам тамаки саноати мониторингини қилиш, унинг тутунидан бутунлай холи жамоат хоналари, иш жойлари ва транспортини яратиш ва бу билан одамларни тамаки тутуни таъсиридан ҳимоялаш, барча тамаки ўрамларига, унинг саломатликка зарари хусусидаги маълумотлар жойлаштириш ва салбий хусусиятлари ҳақида тарғибот-ташвиқотлар олиб борилмоқда.

Муттасил чекиш оқибатида томирлар тораяди, артериялар чўзилувчанлиги йўқолади. Натижада юрак ишемик касаллиги пайдо бўлади. Никотин таъсири оқибатида юрак уришининг тезлашиши стенокардия хуружини келтириб чиқаради. Чекувчилар бошқаларга нисбатан кўпроқ ўпка, бронхлар ва ҳалқумнинг сурункали касаллигини бошдан ўтказади. Уларда сурункали бронхит 5-6 марта кўп учрайди. Тамаки таркибидаги қурум нафас йўлларида ўтириб қолади. Натижада лорингит келиб чиқади. Овоз бўғилиб, хириллаш пайдо бўлиши мумкин. Респиратор касалликлар хавфи ортади. Чекиш ўпка ракининг 71, нафас йўллари сурункали касалликларининг 42, юрак-қон томир касалликларининг 10 фоизи сабабчисидир.

Турли иллатлардан йироқ, ўзи ва атрофдагилар учун масъулиятни ҳис қиладиган ёшларни тарбиялашда, аввало, уларнинг иродасини тарбиялаш, бўш вақтини тўғри тақсимлаш, ўзига бўлган ишончини ошириш муҳимдир. Шунда миллат келажаги, авлодлар саломатлиги ҳимояланган бўлади.

Меҳрангиз Усмонова

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech