19 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,8 °C

Кейинги авлод
13 Апр  2019 850

Синфда нечта ўқувчи бор?

“Ўғлим биринчи синфда ўқийди. Лекин табиатан бўшроқ. Чаққон, пишиққина эмас. Ҳар куни нимадир йўқотиб келади. Ўқув йили охирлаяпти. Шунинг учун бунга ҳам кўникиб қолдим. Аммо шу феъл-атвори сабабми ёки синфида ўқувчи сони кўплигиданми дарсни ўзлаштириши ҳам қийин бўляпти. Синфда 39 ўқувчи ўқийди”.

Пойтахтлик Дилобар Абдуллаева бу борада ўғлининг ўқитувчиси, мактаб директори ва мактаб психологига бир неча бор мурожаат қилган. У фарзандининг яхши билим олишини истайди.

Биринчи синфга келувчи болаларнинг кўплаб мурожаат қилгани сабаб, баъзи бошқа мактабларга ўхшаб бу таълим муассасасининг 1-синф ўқитувчилари 40тагача ўқувчи олган. Аслида болалар сони қанча бўлиши керак?

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, битта синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги белгиланган. Аммо яхши ўқитувчилар бор дея тахмин қилинган мактабларда ўқувчилар сони 45тагача етади.

Психологларнинг фикрича, киши бир вақтнинг ўзида максимум 7та объектни қамраб олиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, ўқитувчи бир пайтнинг ўзида 7 нафар болага чин маънода эътибор қарата олади. Синфларда ўқувчилар сони узоғи билан 25 нафардан ошмаслиги керак. Финляндияда 25 нафар ўқувчига фанни иккита ўқитувчи ўтади. Бизда эса битта ўқитувчига 40талаб ўқувчи бириктирилган.

Энди айтингчи? Натижа қандай бўлади? Бунақада бола билан индивидуал шуғулланиш имкони борми?

Синфларда ўқувчилар сонининг меъёридан кўплиги билимли боланинг етишиб чиқиш эҳтимолини пасайтиради. Бу борада изчил ўзгаришлар қилиш шарт. Зеро, мактабни ислоҳ қилмай туриб иқтисодиётни ривожлантириб бўлмайди.

Айни мавзуда изланиш жараёнида юртдошларимизнинг фикри билан қизиқдик.

– Қизим уч кундан буён мактабга бормийман, дарс қилмайман деб хархаша қилади, – дейди Латофат Саъдуллаева. – Ботаника дарсида доскага чиқишга вақт етмагани учун ўқитувчиси кейинги дарсда сўрашини айтибди. Кеча бошқа фанидан шундай бўлганди. Аввалги куни уй вазифасини бажарибсан деб оғзаки сўрамаган экан. Бу ҳол тез-тез такрорланиб туради. У ҳатто ўқишдан совиб кетаётгандек.

– Ўғлим 1-синфда ўқийди, – дейди Раъно Қаюмова. – Ўқувчи кўп, парта етишмайди. Охирги иккита партада учтадан ўтиришади. Ўқитувчиси уларнинг ўтириш жойини алмаштириб туради. Бу яхши. Лекин уларнинг орасида мен фақат шу партада ўтираман деб, йиғлаган, хархаша қилган болаларни ҳам кўрганман. Ҳамма ота-она фарзанди олди партада ёки бемалол ўтириб дарс қилишини, ўзлаштиришини хоҳлайди. Лекин аҳвол ўзингизга маълум.

– Тушунаман ўқитувчилар кам, эҳтимол мактаблар ҳам камдир, – дейди Авазбек Худойберганов. – Лекин ўқувчилар 20та бўлса ўзлаштириш ҳам яхши бўларди. Мен чекка туман мактабида ўқиганман. Синфимизда 17 ўқувчи бўлганмиз. Бемалол дарс қилардик. Ўқитувчимиз ҳамма билан мулоқот қилишга, сўрашга улгурарди.

Пойтахтимизда 300дан ортиқ мактаб бор. Ўқувчилар сони кўплиги учун бир қатор мактабда бу қоидалар бузилганини кўриш мумкин. Мактаблар 1000 ўқувчига мўлжалланган бўлса-да, бор-йўғи 300-400 нафар ўқувчи ўқийдиганлари ҳам бор.

Бунинг сабаби нима?

Ўқувчилар сони яхши таълим бериладиган мактабларда кўп бўлиши табиий ҳол. Ота-оналар ҳам сифатли таълим бериладиган мактабга фарзандини беришга ҳаракат қилади Қонунчиликда бу борада чеклов бўлса-да, ота-оналар бу талабларни бузади.

Натижа эса ўзингизга маълум.

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида ота-оналар ҳам қонун-қоидаларга амал қилса ислоҳотлар самараси ҳам тезроқ кўринади. Фарзандларимиз ҳам юксак салоҳиятли бўлади.

Меҳрангиз Усмонова.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech