04 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +20,5 °C

Саломатлик
11 Мар  2020 205

Силга қарши курашиш бўйича беш йиллик дастур бошланди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, сайёрамизда йилига 8,6 миллион киши сил хасталигига чалинмоқда. 1 миллиондан ортиқ бемор эса силнинг турли асоратлари туфайли вафот этади. Бу глобал тиббий-ижтимоий муаммога қарши курашиш, касалликнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш, даволашнинг замонавий усулларини яратиш ва тиббиёт амалиётига татбиқ этиш халқаро ҳамжамият олдидаги муҳим вазифадир.

Мамлакатимизда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган ушбу долзарб тиббий-ижтимоий муаммога қарши курашиш соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналиши этиб белгиланган. Айни пайтда юртимизда  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия етилган «Силга барҳам бериш» стратегиясига ва бу йўналишда ишлаб чиқилган миллий дастур асосида бу йўналишда тизимли иш олиб борилаяпти.

Президентимизнинг 2019 йил 13 февралдаги  «Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришга туртки бўлмоқда.

Фтизиатрия соҳасида амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий чора-тадбирлар жараёнида, энг аввало, касалликнинг олдини олиш, тиббий профилактика ва диагностика ишларини замон талаби даражасида ташкил этишга эътибор қаратилаяпти. Қолаверса, тиббиёт амалиётига замонавий молекуляр диагностика аппаратлари кенг татбиқ этилмоқда. Натижада касалликни барвақт аниқлаш, самарали даволаш, беморларни соғлом ҳаётга қайтаришга эришилмоқда.

Тиббиётимиздаги бундай муҳим ютуқлар туфайли мамлакатимизда сил билан касалланиш кўрсаткичи 2 баробарга, ўлим кўрсаткичи 4 баробарга қисқарди. ЖССТ эътирофига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон силга қарши олиб борилаётган тадбирларнинг натижалари бўйича Европа ҳудудига кирувчи 53 мамлакат орасида  2-ўринда кўтарилди.

Шу билан бирга, силнинг дориларга бардошли турини аниқлаш ва даволаш ишларини янада такомиллаштириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги(USAID ҳамкорлигидаги сил касаллигини камайтириш учун мақсадли инвестицияларни кўпайтиришга йўналтирилган янги дастур айни ушбу долзарб муаммо ечимига йўналтирилиши билан аҳамиятлидир.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги(USAID) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.

Тадбирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва USAID ҳамкорлигида силга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар хусусида маълумот берилди. Шунингдек, мазкур халқар ташкилотнинг Марказий Осиёда сил касаллигини тугатишга оид лойиҳасининг мақсад-вазифаларига тўхталиб ўтилди. Таъкидланишича, мазкур лойиҳанинг асосий мақсади минтақада силнинг дориларга чидамли шаклини аниқлаш ва даволаш мақсадида маҳаллий ва минтақавий салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган.

Лойиҳа доирасида сил касаллигининг олдини олиш ва даволаш бўйича жаҳон тиббиёти замонавий ютуқларини тиббиёт амалиётига кенг татбиқ этилади, бу соҳада фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг билим ва тажрибаси оширилади. Шу билан бирга, бундай касалликка чалинган беморларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва малакали тиббий ёрдамдан тўлақонли фойдаланишига эришишга алоҳида эътибор қаратилади. 2024 йилгача давом этадиган ушбу лойиҳа минтақамизда сил касаллиги бўйича эпидемиологик вазиятни янада яхшилаш ва халқимизнинг саломатлигини муҳофазалашда муҳим самара бериши кутилмоқда.

                                                                  Баҳор ХИДИРОВА

 

 

 

 

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech