
Сифатсиз маҳсулотларнинг пули қайтарилди
Қачонки ўз ҳуқуқимизни англаб, уни зарур паллаларда ҳимоя қилмас эканмиз, жамият ҳам, ўзимиз ҳам ривожланмаймиз.
Бугун Республикамизнинг турли ҳудудларида яшовчи юртдошларимизни истеъмолчи сифатида бузилган ҳуқуқларини тиклаш масаласини кўтаришаётганини ўзи катта ютуқ.
Ғиждувон шаҳрида яшовчи Ҳафиза Исломова маҳаллий «Строй люкс» МЧЖдан норози бўлиб, Президент порталига мурожаат қилган. У жорий йилнинг 7 июнь куни «Строй люкс» МЧЖ савдо дўконидан қурилиш-таъмирлаш молларини харид қилганини, уйига бориб улардан фойдаланмоқчи бўлганида эса сифатсизлиги маълум бўлганини айтади. Ҳафиза Исломова ўша куниёқ дўконга қайтиб келиб, ушбу сифатсиз маҳсулотларни бошқасига алмаштириб ёки пулини қайтариб беришни сўрайди. Аммо дўкон ходимлари бунга кўнмайди. У эса бундан қаттиқ норози бўлади. Якунда унинг ушбу мурожаати истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси мутасаддилари томонидан ўрганилиб, истеъмолчи тўлиқ ҳақ эканлиги аниқланди.
Федерация ходимларининг аралашуви билан тадбиркор сотган товарларни қайтариб олди ва истеъмолчига 3 181 000 сўм пули тўлиқ қайтариб олиб берилди.