05 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +33,3 °C

Мамлакатимизда
10 Мар  2020 3308

Шижоатли, интилувчан ва қатъиятли

Президентимизнинг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан жамиятимиздаги фаол, ўз касбида катта муваффақиятларга эришиб, халқимизга хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизларимиз орден ва медаллар билан тақдирланди. Улар қаторида ёш бўлишига қарамай, шу йили Америка Қўшма Штатларининг Колумбия университети профессори лавозимига қабул қилинган ўзбек қизи Азиза Шоназарова ҳам “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Тақдирлаш маросимида Президентимиз қаҳрамонимизни алоҳида қутлаб, у каби ёшлар мамлакатимиз фахри эканини таъкидлади.

Кеча Азиза Шоназарова ўзи таҳсил олган Тошкент давлат шарқшунослик институтида профессор ўқитувчилар, илмий ходимлар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашди.

Тадбирда таъкидланганидек, 2007 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институтининг Шарқ фалсафаси ва маданияти таълим йўналишини тамомлаган Азиза Шоназарова 2011 йилда АҚШдаги Индиана-Блумингтон университетини имтиёзли диплом билан битириб, 2019 йилда мазкур олий ўқув юртининг 2 та йўналиши бўйича диссертация ёқлади ва  PhD фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олди. Айни дам Питтсбург университетида докторликдан кейинги даража – “постдокторлик”да фаолиятини давом эттириш билан бирга, талабаларга Марказий Осиёда гендерлик тарихи, Исломда аёлларнинг ўрни, Сўфизм мавзуларида дарс ўтиб келяпти.

— Азиза курсдошлари орасида ўзининг шижоати, тиришқоқолиги, мақсадига интилувчанлиги, қатъияти билан доим бошқалардан ажралиб турган, — дейди Азизанинг бакалавр ва магистратура босқичидаги илмий раҳбари, Тошкент давлат шарқшунослик институти Шарқ фалсафаси ва маданияти кафедраси мудири, профессор Дилдор Пулатова. — Ҳатто, битирув малакавий ишини ёзишда фақат китоблар, мақолаларни ўқиш билан кифояланмай, манбалар билан ишлаш мақсадида талабалик даврида ЎзР ФАнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига ишга кирган. Бугун олий таълим тизимида долзарб ҳисобланган илм-фан ва амалиётни уйғун тарзда олиб боришни Азиза ўша вақтдаёқ бошлаган. Уни нафақат етук кадр, балки иш ва оилани бирдек уддалаб, ҳам яхши рафиқа, ҳам меҳрибон она, бир сўз билан айтганда, ҳақиқий ўзбек аёли тимсолида кўришимиз мумкин.

Унинг меҳнатлари бугун жаҳон миқёсида тан олиниши бизнинг ҳам муваффақиятимиздир. Азиза билан интитутимиз ўртасидаги алоқалар ҳеч қачон узилмаган. У ҳар йили қисқа муддатли таътилида институтимизга келади ва бизга доим илмий ишлари, изланишлари ҳақида сўзлаб бериш билан бирга, хориж тажрибалари, илм-фандаги янгиликлар билан ўртоқлашади.

Тадбирда Азиза Шоназаровага Тошкент давлат шарқшунослик институтининг “Фахрий профессор”и унвони топширилди.

Ирода ТОШМАТОВА.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech