23 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +12,6 °C

Мамлакатимизда
27 Мар  2019 563

Шерзод Шерматов Президент мактабларига қабул жараёни ҳақида фикр билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва вазирликнинг бошқа масъуллари билан “Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ муаммолар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтган эди.

 

Таълим муассасаларидаги мавжуд камчиликлар, ўқитиш тизимида йўл қўйилаётган нуқсонларнинг олдини олиш, ўқувчилардан асоссиз пул йиғишларни тўхтатиш мақсадида мактабларда Кузатув кенгашлари тузилаётгани маълум қилинди. Кенгаш таркиби асосан ота-оналардан иборат бўлиб, улар директор фаолиятини назорат қилади. Бу лойиҳага Англиядаги School Board тажрибаси илҳом бергани айтиб ўтилди.

– Республикадаги энг катта иш берувчи давлат ташкилоти Халқ таълими вазирлиги ҳисобланади, – деди вазир Шерзод Шерматов. – Мактабларни билимли ва малакали ўқитувчилар билан таъминлаш, педагог кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш асосий вазифамиздир. Ҳозир тизимдаги ўқитувчиларнинг 62 минг нафари ўрта махсус маълумотли. Бироқ соҳадаги ислоҳотлар ва жамиятда ўқитувчи мақомининг кўтарилиши натижасида 37 минг нафар олий маълумотли ўқитувчи мактабларга қайтиб келди.

– Бугун мамлакатимиздаги мактаблардаги аҳвол қандай?

– Ўзбекистондаги мактабларнинг тўртдан бирида сув йўқ. Мингдан зиёд мактаб ҳамон “буржуйка” печ орқали иситилади. Чегара ҳудудларда жойлашган мактабларда хавфсизлик ноль даражада. Биз ҳали робототехника ёки космосга учиш ҳақида гапирмай қўя қолайлик, аввал мактаблардаги тоза сув ва иситиш муаммосини ҳал этиб олайлик.

Матбуот анжуманида Шерзод Шерматов Президент мактабларига қабул жараёни ҳақида фикр билдирди.

– Президент мактабларига ўқувчилар фақат билимига қараб қабул қилинади. Ҳеч қандай таниш-билишчилик, пул, илтимосларга асло йўл қўйилмайди. Президентимиз мактабга қабул жараёнини баҳолаш учун энг юқори тажрибага эга хорижий мутахассисларни олиб келиш талабини қўйди. Шунинг учун биз бир қанча давлатларда мавжуд амалиётни ўргандик, таҳлилларимиздан сўнг Cambridge университетининг Cambridge Assessment компаниясини танлаб олдик. Бу тест ўтказиш билан шуғулланувчи дунёдаги энг нуфузли ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ўқувчи-номзодларни Президент мактабларига қабул қилишни Cambridge Assessment тўлиқ назорат қилади. Мақсад – ҳалол рақобат асосида иқтидорли, илмга чанқоқ ёшларни танлаб олиш.

Вазир ОАВнинг мактабда ўқитувчилардан кераксиз ҳужжатларнинг сўралиши, уларни турли ишларга жалб этиш, шунингдек, репетитерлик қилишда қонуний асосларнинг мавжудлиги ҳақидаги саволларига ҳам жавоб қайтарди.

Меҳрангиз Усмонова

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech