05 Декабрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,6 °C

Халқаро ҳамкорлик
24 Июн  2020 1552
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев “Номаълум аскар” ёдгорлигига гул қўйди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига амалий ташрифи давомида Москва шаҳрининг Александр боғидаги “Номаълум аскар” ёдгорлигига гул қўйди.

Умумбашарий аҳамиятга эга ушбу мажмуа Иккинчи жаҳон уруши ўчоқларида Ватан ҳимояси йўлида мардларча ҳалок бўлган турли миллатга мансуб миллионлаб аскарлар, шу жумладан ўзбек ўғлонларининг ҳам унутилмас хотираси учун бунёд этилган. “Исминг номаълум, жасоратинг барҳаёт” ёзуви битилган мазкур ёдгорлик аждодларнинг кўрсатган қаҳрамонлиги ва жасоратининг рамзий ифодасидир.

Иккинчи жаҳон уруши Ўзбекистон сарҳадларидан олисда кечган бўлса-да, унинг суронли таъсири, изтироблари ҳеч бир ўзбек хонадонини четлаб ўтган эмас. Халқимиз фашизм устидан эришилган ғалабани таъминлашга буюк ҳисса қўшган. Республикамиздан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилиб, 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирланган. Уруш ўчоғига айланган ўлкалардан юртимизга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинган. Саховатли ва танти элимиз уларга ўз уйидан жой бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрган.

Президент Шавкат Мирзиёев инсоният тинчлиги учун жон фидо қилган ватанпарвар инсонларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

1966-1967 йилларда барпо этилган мазкур мажмуада абадий олов  алангаланиб туради. Унга Россия Федерациясининг маданий мероси объекти мақоми берилган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech