23 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,5 °C

Ҳукумат
28 Дек  2019 1692
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев: энг муҳим вазифа - қўшимча қиймат ва иш ўринлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Навоий вилоятига ташриф буюриб, «Навоий» эркин иқтисодий зонасидаги лойиҳалар билан танишди.

2009 йилда ташкил этилган ушбу эркин иқтисодий ҳудуд босқичма-босқич ривожланиб келмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 5 июндаги қарорига мувофиқ, унинг фаолияти, имкониятлари кенгайтирилган эди.

Шавкат Мирзиёев жорий йил 13 март куни ҳудудга ташрифи чоғида бутун Навоий вилоятини эркин иқтисодий зонага айлантириш ташаббусини илгари сурганди. Кейинчалик, 15 майда тегишли фармон қабул қилиниб, Навоий вилояти 2030 йил 1 январгача инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона этиб белгиланди ҳамда вилоят ҳудудида шундай лойиҳаларни амалга ошираётган корхоналарга “Навоий” ЭИЗ иштирокчиси мақоми бериладиган бўлди.

Жорий йилнинг ўзида мазкур иқтисодий зона резидентлари 27 тага кўпайди ва жами 66 тага етди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 437 миллион доллардан ошади. Яна кўплаб проектлар устида иш олиб борилмоқда.

Иқтисодий зонадаги субъектлардан бири - «National plast» масъулияти чекланган жамият. Умумий қиймати қарийб 16 миллион доллар бўлган ушбу корхонада поливинилхлориддан профиллар ишлаб чиқарилади. Жорий йилда 10 минг тоннадан зиёд маҳсулот тайёрланган.

Давлатимиз раҳбари мазкур корхонанинг иш жараёни, маҳсулотлари сифатини кўздан кечирди. Импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтириб, аҳолини арзон ва сифатли қурилиш материаллари билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Президентимизга корхонанинг иккинчи босқичи ҳақида маълумот берилди. 2020 йил учинчи чорагида фойдаланишга топшириладиган ушбу лойиҳа натижасида 40 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш, 10 миллион долларлик экспорт қилиш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев ЭИЗдаги «Green Line Profil» масъулияти чекланган жамият фаолияти билан ҳам танишди.

Умумий қиймати қарийб 40 миллион доллар бўлган мазкур корхона 2018 йилда ишга туширилган. 650 та иш ўрни яратилган. Жорий йилда 18,6 минг тонна маҳсулот тайёрланиб, 10 миллион долларлик экспорт қилинган. Келгуси йили ишлаб чиқариш ҳажмини 22 минг тоннадан ошириб, экспорт миқдорини 14 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди, уларнинг сифати ва экспорт географияси билан қизиқди.

- Бугунги кундаги энг муҳим вазифа - қўшимча қиймат ва иш ўринлари, - деди Шавкат Мирзиёев. - Ҳар бир саноат корхонаси замонавий технологиялар ва ақл билан қўшимча қиймат занжирини яратиши керак. Ташқи бозорни ўрганиб, таннархни тушириш эвазига экспортни оширишга интилиши зарур.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech