21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,3 °C

IT-хабарлар
2 Авг  2019 1105

МТВ болаларни давлат МТМларига қабул қилиш механизмидаги носозликлар тўғрисидаги расмий баёноти

Ҳурматли ота-оналар,  

Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги болаларни давлат МТМларига қабул қилиш механизмидаги носозликлар учун узр сўрайди.

Ҳозирда Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин бошчилигидаги ишчи гуруҳ вазиятни тўғрилаш устида ишламоқда. Ишлар UZINFOCOM ва Давлат хизматлари марказлари билан ҳамкорликда олиб бориляпти.  

2019 йил 30 июль куни тизим тест синовидан ўтказилди, бу эса кенг кўламли такомиллаштириш ишлари зарурлигини кўрсатди. Нима сабабдан бундай бўлгани ва вазиятни қандай ҳал этаётганимиз ҳақидаги маълумот билан ўртоқлашамиз.

Биринчи муаммо. Ота-оналар томонидан нотўғри тўлдирилган аризалар

Аризаларни нотўғри тўлдириш натижасида маълумотлар базаси ўз аниқлигини йўқотди. 1,5 миллион шаклдан 100 мингга яқини жиддий хатолар билан тўлдирилган.  

Мисол

Ота-она тўловларни қабул қилиш пункти ёки интернет-кафе ходимига электрон ариза беришда ёрдам сўрайди. Жараённи тезлаштириш учун ходим туғилганлик тўгрисидаги гувоҳнома рақами ўрнига нолларни, бўшлиқлар ёки ихтиёрий рақамларни киритади. Шундай қилиб, EMIS тизимида турли номлар билан кўплаб болалар пайдо бўлди, бироқ туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларнинг рақамлари бир хил (ихтиёрий рақамлар, ноллар ёки бўшлиқлар), бу эса болалардан бирига йўлланма олишда тизимда носозликни юзага келтирди. 

МТВ ҳаракати 

2018 йил 1 апрелдан бошлаб берилган барча аризалар қайта юкланди ва нотўғри маълумотларга эга бўлган бола навбатда ўз ўрнини йўқотмаслиги учун тузатишлар қўлда киритилмоқда. Янги алгоритмлар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома рақамини киритишни ва унга мувофиқ боланинг исми ва бошқа маълумотларини автоматик тарзда тўлдиришни талаб қилади.

Иккинчи муаммо. Маълумотлар базасини тўлиқ юклаб олиш сунъий равишда навбатни узайтирди

Тизимда эски, аллақачон тўлдирилган аризаларнинг мавжудлиги янги берилган аризаларнинг жойлари сурилиб кетишига олиб келди. Мазкур муаммо вақтинчалик.

Мисол 

Сиз навбатда 10-ўринда эдингиз, лекин айни пайтда тизим 16-ўриндалигингизни кўрсатади. Сиздан олдин навбатда пайдо бўлган бешта ариза аслида долзарб эмас: йўлланмалар вақтида олинган ва болалар аллақачон МТМ қатнамоқда.    

МТВ ҳаракати

МТВ мутахассислари жадвалга мувофиқ МТМларга бориб, бажарилган аризаларни навбатдан ўчириб ташлашади. Шундай қилиб, сиз ўз вақтида йўлланмани оласиз. 

Учинчи муаммо. Маълумотлар базасида эски аризаларнинг йўқлиги

Мисол

2016 йилда ота-она туман ХТБнинг қоғоздаги рўйхатига киритилган аризани топширган. Қоғоз эса керакли маълумотларни (масалан, гувоҳнома рақамларини) ўз ичига олмаслиги сабабли, бундай аризаларни EMIS тизимига автоматик тарзда киритиб бўлмайди. 

МТВ ҳаракати

МТВ ходимлари қоғоз реестрлар бўйича бажарилмаган аризалардан маълумотлар базасини қўлда яратади ва бундай болаларни ўз вақтида МТМларга қабул қилинишига имкон берувчи янги алгоритмни ишлаб чиқади. Бу қонунчиликдаги ўзгаришларни талаб қилади, чунки жорий тартиб электрон навбат тартибини ўзгартиришни тақиқлайди ва қоғоз регистрларини инобатга олмайди. Ишчи гуруҳ қисқа муддатларда қонун ҳужжатларига киритилиши зарур бўлган қўшимчаларни ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Тўртинчи муаммо. Фуқароларнинг имтиёзли тоифалари бўйича маълумотлар базасининг йўқлиги 

Мисол

МТМдан тезроқ жой олиш учун имтиёзли навбатга ариза топширдингиз. Текшириш эса, сиз имтиёз ҳуқуқига эга эмаслигингизни аниқлади. 

МТВ ҳаракати 

Ариза имтиёзли навбатдан асосий навбатга йўналтирилади. Бунда сизнинг жойингиз шаклни тўлдириш вақти билан белгиланади. Агар сиз 5 майда ариза берган бўлсангиз, у 4 майгача топширилган аризалардан кейин, лекин 6 майга топширилган аризалардан олдин пайдо бўлади. Шунингдек, ота-оналарнинг мурожаатларига мувофиқ имтиёзли тоифадаги шахслар қайта кўриб чиқилади, тегишли қонун ўзгартишлари эса Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этилган.

 

Ҳурматли ота-оналар, Мактабгача таълим вазирлиги вазиятни тўғрилаш устида ишламоқда. Айни пайтда Давлат хизматлари марказларида ва @MtmNavbatBot телеграм-бот орқали аризанинг ҳолатини вақти-вақти билан текшириб туришни қатъий сўраймиз. Биз автомат тарзда йўлланмалар беришни ўрнатдик ва долзарб бўлмаган аризалардан тозалангандан сўнг, навбатда биринчи турган талабномалар ёпила бошлайди. 15 кундан сўнг фойдаланилмаган йўлланма бекор қилинади ва жой кейинги навбатдагига берилади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech