03 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,4 °C

Ижтимоий ҳаёт
1 Июл  2020 169

Ўзини ўзи банд қилиш: қулай, қонуний ва хавфсиз

2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиш бўйича фаолият турларининг 67 тагача кенгайтирилиши асосида рўйхатга олиш тартиби жорий этилади.

Ўзини ўзи банд қилганлар – бу хизматлар кўрсатишда мустақил равишда шахсий меҳнати билан иштирок этадиган, меҳнат даромадини олиш учун иш олиб борувчи шахслар. Бунда улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмайди ва ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайди.

Ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтишни хоҳловчилар буни «Soliq» мобил иловасидан фойдаланган ҳолда ёки жисмоний шахсларнинг шахсий кабинети орқали масофадан туриб, бепул амалга ошириши мумкин.

«Soliq» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтиш учун ПИНФЛ (ЖШШИР)ни ёки ЭРИ (электрон рақамли имзо) ва шахсий телефон рақамини киритиш талаб этилади.

Жисмоний шахс сифатида шахсий маълумотлар киритилганидан сўнг, фаолият турини танлаш лозим. Бирйўла бир нечта фаолият турларини танлашнинг ҳам иложи бор. Фаолият кўрсатиш жойи – вилоят ва туман (шаҳар), албатта кўрсатилиши керак.

Яқин кунларда янги функция ишга туширилади – рўйхатдан ўтишда селфи қилиб (ўзини суратга олиб) уни мобил илова орқали юбориш талаб этилади. Бу солиқ органларида сақланадиган шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш учун зарур. Фотосурат ДПМ (Давлат персоналлаштириш маркази)нинг биометрик маълумотлари билан таққосланади ва мос келган тақдирда, мурожаатчининг шахси тасдиқланган деб ҳисобланади.

Ўзини ўзи банд қиладиганлар расман рўйхатдан ўтгандан сўнг, қонуний равишда ишлашлари, шунингдек, мижозлардан қабул қилинган барча буюртмаларни расмийлаштириш ва сақлаши мумкин. Маълумотлар базасида ҳар бир буюртма учун ишларнинг сони ва қиймати, шунингдек мижознинг телефон рақами тўғрисидаги маълумотлар сақланади. Буюртма асосида чек шакллантириш ва уни мижозга юбориш имконияти мавжуд.

Ўзини ўзи банд қилганлар ҳар ой якуни бўйича буюртма асосида олинган даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритиши ва ижтимоий солиғини ҳисоблаши мумкин. Исталган вақт оралиғи учун даромадлар ва харажатлар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар биргина тугмани босиш орқали шакллантирилади, деб хабар беради ДСҚ матбуот хизмати.

ПҚ-4742-сонли қарорнинг 3 бандига асосан ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Солиқларни тўлаш масофадан туриб, мобил илова ёки ҳар қандай электрон тўлов тизими орқали амалга оширилади. Бу жисмоний шахслар учун солиқ тўлаш жараёнига ўхшайди. Энди солиқ мажбуриятларини солиқ органларига ташриф буюрмасдан бажариш мумкин.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech