23 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19 °C

Фикр
23 Дек  2018 7948

Болани титратган боғча опа

Ота-она ҳадиги бежиз эмас экан-да?! «Бунинг қўрқинчли жойи йўқ» эмиш! Боғча боласини жисмоний жазолаш мумкинми? Бу бола руҳиятига қандай таъсир кўрсатади? 

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир болалар боғчасининг жажжи қулоқсиз қизалоғи бошқалари билиб қўйиши учун стулни кўтариб туришга мажбур этилгани ҳақидаги хабар тарқалди. Чиндан ҳам, бунга ҳайрон қолмаса бўлади, унгача фермерларнинг тош кўтариб турганини ҳам кўргандик, бошқаларга ибрат бўлсин, дегандек. Аммо қачондан бошлаб болакайларни жисмоний жазолаш меъёрга айланди

Ҳар бир она фарзандини кўнглида минг бир ҳадик билан мактабгача таълим муассасасига беради. Ҳадикларнинг энг каттаси - «Уни калтаклашса-я?!» Хўш, бу хавотир қанчалик асосли?

...Беш йил олдинги шахсий тажрибамдан. Фарзандимни боғчага топшираётганимда бир энаганинг кўзлари қонга тўлганча чамаси икки яшар болакайни силкилаётганига кўзим тушди. Болакай бор овозда чинқирарди. Унинг қаттиқ чириллашидан безор бўлган энага болакайни ўриндиққа ўтқазди-да, ишига уннаб кетди. Фарзандимни ўша боғчага беришга журъат қилмадим.

Маълум бўлишича, бошқасида ҳам вазият бунисиникидан авло эмас экан. Боғчага бораётганининг учинчи кунида фарзандим юзи оғриётганини айтди. Юзининг қаери оғриётганини сўраганимда, боғча опа урган ери оғриётганини айтди. Аниқладим, ухламагани учун шапалоқ билан сийланибди. Бу тарбиячи-ю, энагалар учун оддий, меъёридаги иш бўлиб кетган ҳам экан. Болакайлар билан бошқача ишлаб бўлмасмиш. Тўртинчи уринишдан сўнггина болаларга жисмоний жазо қўлланилмайдиган МТМни топдим. Хўш, ҳозир нималар ўзгарган? Шу савол билан фарзандлари мактабгача таълим муассасасига борадиган ота-оналарга мурожаат қилдик.

Ксения Г. (беш яшар Самиранинг онаси):

- Фарзандим икки йилдан бери болалар боғчасига қатнайди. Бу давр ичида турли вазиятларга дуч келдик. Боғчага бормайман, деб хархаша қилган кунлар ҳам бўлди. Негадир сабабини айтмасди. Шунчаки, ҳар куни эрталаб йиғлаб, ер депсинарди. Биз эса, буни болаларча инжиқлик қиляпти, деб қабул қилардик. Чунки аксарият болакайлар боғчага бормайман, деб йиғлашади-да! Адашган эканмиз. Ухлаш пайтида кўзи очиқ ётган болаларни шиппак билан уришар экан. Нега шундай қилишларини билиш учун борганимда, бунинг қўрқинчли жойи йўқлигини айтишди. Ҳеч ким қаттиқ урмасмиш, бу шунчаки профилактика учун, шундай қилишса, болалар тезроқ ухлармиш. Хуллас, теп-текис жойда жанжал кўтарганга чиқиб қолдим. Кейин менга зўр бериб, болаларни тарбиялашда баъзан жисмоний жазо ҳам кераклигини тушунтиришга ҳаракат қилишди. Шундай қилинса, бола қўрқаркан ва барча айтганингни қиларкан. Ҳазм қилолмаганим, бу гапларни менга педагогик маълумотига эга мутахассисларнинг айтгани бўлди. Хуллас, боғчадан фарзандимни чиқариб олдим. Бошқасида бундай вазият юзага келгани йўқ, фарзандим ҳам жон-жон, деб боғчага қатнаяпти.

Виолета С. (тўрт яшар Самвэлнинг онаси):

- Фарзандимнинг боғчага қатнаётганига энди уч ойдан ошди. Унгача узоқ вақт бир қарорга келолмай, иккиланганман. Яқинларим ва танишларим МТМда болани хафа қилишлари мумкинлигини айтишарди. Ҳатто, қулоқсизлиги учун стулга боғлаб қўйишлари ёки эсини киритиб қўйиш учун овқат бермасликлари мумкинлигигача айтишарди. Аммо бари оддий ваҳима бўлиб чиқди. Фарзандимнинг гуруҳида ажойиб тарбиячи ишлайди. Барча ахборотни болаларга интерактив шаклда – ўйин орқали етказади. Уч ой ичида фарзандим ўзгарди, гап уқадиган ва мулоқотга тез киришадиган бўлди.

Альбина Ж. (беш ёшли Сафинанинг онаси):

- Қизалоғим учун болалар боғчаси ҳақиқий синов бўлди. Ҳар куни йиғлаб келарди, сира боғчага боргиси келмасди. Бошида буни ҳаммамиз кўникиш жараёни, деб ўйладик. Кўпчилик болакайлар бошида боғчага боришни истамайди, йиғлайди, хархаша қилади. «Бу ўрганиб кетгунча», деб ўйлардик. Аммо ҳеч нима ўзгармади. Қайтанга фарзандимиз одамови бўлиб қолди. Тарбиячи билан гаплашдим. У эса, ҳаммаси жойидалигини, бола ҳали ўрганмаганини айтди. Орадан бир йил ўтиб, тасодифан МТМга вақтидан анча эртароқ бордим ва қўйидаги манзаранинг гувоҳи бўлдим. Энага барча болаларни стулчаларга ўтқазиб, қўлларини тиззаларига қўйишга мажбур қиларди. Агар қайси бири қўлини тиззасидан олса, оёғига шаппатиларди. Мени кўргач, болаларнинг жуда қулоқсизлиги, шундай қилмаса, гапни дарров тушуниб олмасликларини айтиб, ўзини оқлашга тушди. Яъни ҳали тўрт ёшга ҳам кириб улгурмаган болакайлар тарбиячи ва энаганинг барча айтганини қилиши керак экан. Кейинчалик бу кучсизларга нисбатан тажовузкорликни келтириб чиқарса ҳам ҳайрон қолмаса бўлади. Негаки, болакайлар буни кучлиларга ҳамма нарса мумкин, дея қабул қиладилар. Хуллас, фарзандимни ўша боғчадан олиб кетдим. Қизалоғим ҳозир турли болалар курсларига қатнаяпти, бўш пайтлари уйда бувиси билан бирга бўлади.

Биз ҳар бири ўз тарихини сўзлаб берган яна бир неча кишилар билан суҳбатлашдик. Уларнинг айтишича, болалар боғчасини танлаш, қопда мушук сотиб олгандай гап экан. Фарзандингиз яхши тарбиячининг қўлига тушиб қоладими ёки аксинча, олдиндан билиб бўлмайди. Афсуски, болани жисмоний жазолаш биринчи марта учраётган ҳолат эмас. Айримлар бу ишни оқлаш учун тарбиячининг жаҳли чиқиб кетганини ва бунинг ёмон томони йўқлигини айтиши аниқ, албатта. Ахир, уйда ота-оналар бир-иккита болакайни эплашга қийналади, мактабгача таълим муассасаларининг гуруҳларида 40 тагача болакай тарбияланади. Бундай қонун-қоидаларга амал қилиш тарозисининг бошқа палласида эса, ҳали жуда мўрт ҳисобланган болакай руҳияти турибди. Унга таъсир қандай бўлишидан қатъи назар, улғайганда барибир ўзини кўрсатади.

Вазиятларга ойдинлик киритиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлигига мурожаат қилдик. У ерда бизга педагогларнинг бундай хатти-ҳаракатига йўл қўйиб бўлмаслигини ва ота-оналар ҳам бунга кўз юммаслиги лозимлигини тушунтиришди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, 2018 йил 3 декабрда «Мактабгача таълим муассасасининг Кузатув кенгаши ҳақида»ги Низом тасдиқланди. Илк марта ота-оналар, ва шунингдек, жамоатчилик тузилмалари бошқарув ваколатига эга бўлди. МТВ Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Санжар Обидовнинг айтишича, кузатув кенгашлари тизимни тубдан ўзгартириб юборади. Илгари боғча мудиралари фақат мактабгача таълим муассасаларининг ҳудудий бўлинмаларига ҳисобот берган бўлса, энди хатти-ҳаракатлари учун бундан манфаатдор ота-оналар олдида ҳам жавобгар. МТМ раҳбарлари мустақил бирор қарор чиқара олишмайди. Қўли эгри ходимлар эса, маблағларни қонунга тўғри келмайдиган ишларга сарфлаш имкониятидан маҳрум бўлади. Ота-оналар нафақат молиявий (молиявий ҳолат, фойда, сарф-харажат, бюджет ва бюджетдан ташқари, ҳомийлар маблағлари ҳақидаги) ҳисоботни кузатиб боришлари, балки болалар боғчаси ходимлари фаолияти ҳақида сўровнома ўтказиши, муҳим вазифаларни аниқлаб олиши ва уларнинг бажарилишини кузатиб бориши мумкин. Кузатув кенгаши таркибига ҳар бир гуруҳдан уч нафар ота-она, иккита - педагог ва тарбиячи ёрдамчиси, битта - мактабгача таълим ҳудудий бўлими вакили ва жамоатчилик тузилмаларидан икки киши киритилади.

Тўғри, кенгаш мавжуд барча муаммоларни ҳал қила олмайди, албатта. Аммо бу саъй-ҳаракатлар натижасида болакайларни жисмоний жазолаш барҳам топишига умид қилиб қоламиз. Ота-оналар ҳам фарзандини боғчага беришда хавотирга тушмайди.

Оксана Малосабирова.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech