21 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +35,9 °C

Мамлакатимизда
19 Июн  2019 1090

Ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳудудлар маълум қилинди

2019 йилнинг биринчи чорагида мамлакатда ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 9,7 фоиз даражасида қайд этилганди.

Янги доимий иш ўринларини яратиш мамлакатимизда устувор вазифалардан бири ҳисобланиб, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев оммавий ахборот воситалари вакилларини ушбу жараённинг оралиқ натижалари бўйича рақамлар билан таништирди.

Республиканинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси 18 млн. 954 минг кишини, иш билан банд бўлганлари сони эса 13 млн. 376 мингни ташкил этади. Сўнгги рақам бир йил ичида 1,3 фоизга ўсди. Шу билан бирга иқтисодиётнинг расмий секторида 5 млн. 403 минг ўзбекистонлик аҳоли банд (ўсиш 3,4 фоизни ташкил этди). Расмий бандлик улуши 40,5 фоизни ташкил этади. Норасмий секторда 7 млн. 964 минг киши ишлайди (жами иш билан бандларнинг 59,5 фоизи). Яна 2 млн. 365,4 минг фуқаро чет элда ишламоқда.

30 ёшгача бўлган ёшлар орасидаги ишсизлик даражаси анча юқорилиги қайд этилган - 15,3 фоиз, аёллар - 13 фоиз.

Умуман, республикада 1 млн. 391,1 минг киши ишга жойлашишга муҳтож. Ишсизликнинг энг юқори даражаси Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида кузатилади.

Қайд этилишича, маҳаллий меҳнат органлари фаолиятига янгича ёндашувлар натижасида жорий йилнинг беш ойи ичида мурожаат қилган шахслар сони 1,2 баробарга, яъни 271 мингдан 329 минг нафарга кўпайган. Шунга кўра, иш билан банд бўлганлар сони 1,3 баробарга, яъни 96,7 дан 130,1 минг нафарга ошди.

Меҳнат мутахассисликлари бўйича таълим олганлар сони 2,5 баробарга, ишсизлик нафақаси олувчилар эса етти баробарга кўпайди.

Вазирлик маълумотида келтирилишича, 110 минг киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, хусусан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида бажариладиган ишларга йўналтирилган. Шунингдек, «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар - келажагимиз» дастурлари доирасида ҳамда Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 180,9 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланди.

Шунингдек, жорий йилдан бошлаб меҳнат бозорида Президентимизнинг 2019 йил 5 мартдаги «2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган янги иш ўринлари яратиш бўйича давлат буюртмаси механизми жорий этилгани қайд этилди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech